Саҳобаи киром розияллоҳу анҳумлар даврида юқумлик касалликлар билан оғриган беморларга, касаллиги бошқа одамларга юқиб кетмаслигини олдини олиш мақсадида, ўз-ўзини яккалаш чоралари кўрилган. Бунга қуйидаги ҳикояни мисол тариқасида келтиришимиз мумкин.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу даврида бир аёл мохов касали билан оғриб қолади. Шунда Ҳазарти Умар розияллоҳу анҳу: “Эй аёл, уйнгни лозим тут, уйингдан айрилма, ташқарига чиқма Аллоҳнинг бандаларига азият берма!”, дедилар. Бояги аёл уйдан чиқмай қўйди. Ҳатто, Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу вафот этгунга қадар кўчага чиқмади. “Умар ўтди, энди чиқавер” деб айтганларида, у: “Тириклигида осийлик қилмагандим, ўлгандан кейин ҳам осийлик қилмайман”, деди ва ўлгунча кўчага чиқмади.
Бу билан касални жамиятдан ажратиб, уни ёлғизлатиш тушунилмайди. Балки, юқумли касали бор киши соғларга касалликни юқтириб юбормаслиги учун то шифо топгунга қадар уларга аралашмай юргани афзал саналади. Бу ҳам суннатдир.
Мусулмон одам бемор бўлиб қолса шифокор айтаётган тўғри кўрсатмага амал қилади. Унга қарши иш қилмайди.
Ислом ҳукамолари қуйидаги қоидани келтирадилар: “Мусулмон, моҳир, тақводор табибнинг хабари ила қилинадиган муолажа фарзи айн даражасигача кўтарилади”. Шифокорлар беморга тўғри дори буюриши Аллоҳ олдидаги омонатдир.
Мақола “Вабо – инсонлар учун бир синов” китоби асосида тайёрланди.
Муҳаммадали домла ЎСКАНОВ,
Бўстон тумани “ Абдулазизхон” масжиди имом-хатиби