Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан бугунги кунда жуда кўплаб хайрли ишлар, саховат ва мурувват тадбирлари, айниқса имконияти чекланган фуқароларни ўз бағрига қамраб олган бир қатор маънавий-маърифий тадбирлари ҳам ўтказилаётганлиги ҳаммани бирдек хурсанд қилмоқда.
Жумладан, ушбу хайрли ишлар қаторида эшитиш ва гапиришида нуқсони бор имконияти чекланган фуқаролар учун жума мавъизаларини Surdo-online шаклида амалга оширилаётганлиги, ҳар ҳафтанинг якшанба кунлари мунтазам равишда маърифий ўқув машғулотлари ўтказилаётганлигини гувоҳи бўлмоқдамиз.
Шу кунларда ҳам Андижон вилоятининг ҳар бир ҳудуддида ЎМИнинг Андижон вилояти вакиллиги, масжид имом-хатиблари ва “Вақф” филиали томонидан тарғибот ишлари олиб борилмоқда.
Хусусан вилоятдаги давлат идоралари, таълим муассасалари, банклар, бозорлар, савдо шаҳобчалари, автошоҳ бекатларида тарғибот ишлари жуда кенг миқёсида ўтказилмоқда.
Тадбирларда “Вақф” хайрия жамоат фондининг мазмун ва моҳияти, олиб бораётган хайрли ишлари, “Вақф”нинг инсон ҳаётида тутган ўрни ҳусусида кенг маълумотлар берилмоқда. “Вақф” фондининг манашундай хайрли ишларидан бири бўлган “Вақф” календар-тақвимини нашр этилганлиги эса аҳолига милодий ва ҳижрий йилларни аниқ билишлари, ҳусусан диний ибодатлар ва байрамларни доимий равишда қайси санада ўтказилишини олдиндан билиб боришлари учун жуда катта қулайчилик яратади десак асло муболаға бўлмайди. Ўтказилаётган тарғибот тадбирлари доирасида “Вақф” календарлари ҳам бепул тарқатилмоқда.
Келгусида эса, Сиз азизлар учун “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан амалга оширилаётган ишлари ҳақида батафсил маълумотлар бериб борамиз.
ЎМИнинг Андижон вилояти вакиллиги ходими,
“Вақф” фонди Андижон вилоят филиали раҳбари Н.Қодиров