ҚЎШНИНИНГ ҲАҚЛАРИ

891

Халқимизда бир мақол бор: “Қўшнининг еттидан бирига ҳақи бор”. Буни деярли ҳамма билади. Айниқса қўшнисидан фойдаланишга келганда дарҳол шу мақол ёдга тушади. Лекин энг қизиғи шундаки, қўшниси ундан фойдаланиши кераклигида унутиб қўяди. Гўё бундай мақол ҳеч қачон бўлмагану, мабодо бўлса ҳам шунчаки айтиб қўйилгандек.
Ҳа, “Қўшнимнинг еттидан бирига ҳақим бор” дейишдан кўра “Менда қўшнимнинг еттидан бир ҳақи бор” десак тўғрироқ бўлур эди.
Бу ҳолат кўпроқ рўзғор буюмларининг олди-бердисида ўз ифодасини топади. Қўшничилик ҳақида гап кетганда аксар ҳолларда кўпчилик: “Мен қўшнимга фалон нарсамни берсам, вақтида қатариб олиб чиқмайди” деганини эшитамиз. Мен шундай дейман: ”Майли-да! Унга керак бўлганда олиб чиқиб кетган бўлса, сиз ҳам керак бўлганда қайтариб олиб чиқинг” дейман. Ҳолбуки, бизлар қўшнилар билан шундай муносабатда бўламиз. Бу бизга оғир келмайди-ку!
Яна айтишади: “Бир нарса берсанг синдириб қўйишади”. Мен яна шундай дейман: “Майли-да! Синган ёки бузилган бўлса, нимаси ёмон? Сизда бор, қўшнида йўқ эди. Мана энди ундан афзал ва ортиқчалигингиз камайди. Бу яхши-ку! Бундан қалбингиз таскин топиши керак”.
Аслида, инсоф билан айтганда, ўзимизда ҳам қўшнининг буюмлари талофат кўриши бўлиб туради. Аксига олиб “Бировники бировда эриб туради” дегандек, шунақа бўлиши табиий. Умуман табиатан олганда ҳар ким ўз буюмининг нозик жойини билиб, авайлаб ишлатади. Бошқаси эса…
عن بن عمر قال : لقد اتى علينا زمان أو قال حين وما أحد أحق بديناره ودرهمه من أخيه المسلم ثم الآن الدينار والدرهم أحب إلى أحدنا من أخيه المسلم سمعت النبي صلى الله عليه و سلم يقول كم من جار متعلق بجاره يوم القيامة يقول يا رب هذا أغلق بابه دونى فمنع معروفة
Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумо айтдилар: “Бизга шундай замонлар (ёки “дамлар” деди) келган эдики, ҳeч бир киши ўз динор ва дирҳамида мусулмон биродаридан ҳақлироқ эмас эди. Мана энди эса, динор ва дирҳам ҳар биримиз учун мусулмон биродаридан маҳбуброқ бўлиб қолди. Мeн Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг:
“Қанча қўшнилар борки, қиёмат куни қўшнисига осилиб: “Эй Раббим! Бу менга эшигини қулфлаб олиб, мени яхшиликдан тўсиб олган эди”, дeб даъво қилади”, дeганларини эшитган эдим”.
عن عبد الله بن المساور قال سمعت بن عباس يخبر بن الزبير يقول سمعت النبي صلى الله عليه و سلم يقول : ليس المؤمن الذي يشبع وجاره جائع
Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумо ибн Зубайр разияллоҳу анҳуга: “Мeн Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг:
“Ўзи тўқ, қўшниси оч бўлган кимса мўмин эмасдир”, дeган сўзларини эшитдим”, деган. (Ал-адаб ал-муфрад. Имом Исмоил ал-Буxорий)

Улуғбек қори Йўлдошев Асака тумани “Холид ибн Валид” жоме масжиди ходими