ҚУРЪОНГА ЭҲТИРОМ

1194

Қуръони карим Аллоҳ таолонинг муборак Каломи ўлароқ қадри баланд, тиловати ибодат бўлган энг улуғ каломдир. Шунга кўра, Аллоҳнинг каломи ёзилган мусҳафларимиз ҳам ўзига хос эҳтиромга лойиқ бўлади. Йирик олим – Ватандошимиз Ҳаким ат-Термизий раҳимаҳуллоҳ Қуръонга эҳтиром сифатида қуйидаги амалларни қатор санаб келтиради:
1. Мусҳафи шарифни фақат таҳорат билан ушламоқ;
2. Таҳорат билан қироат қилмоқ;
3. Тишларини, оғзини ювиб хушбойланиб ўқимоқ; Язид ибн Абу Молик айтган экан: “Оғизларингиз Қуръон йўлидир. Шундай экан уни покланг!”.
4. Намоздан ташқаридаги ҳолатларда ҳеч нарсага суянмасдан, чўкка тушиб ўтирган ҳолда ўқимоқ;
5. Қуръон ўқишдан олдин, худди амирнинг олдига борганда ясангандек ясаниб чиройли либосларини киймоқ;
6. Қиблага юзланиб қироат қилмоқ;
7. Ҳар балғам чиқариб тупурганида оғзини янгидан чайқамоқ; Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу қироат қилган олдига алоҳида идиш қўйиб оларканлар. Ҳар сафар балғам чиқариб тупурса, дарҳол оғзини янгидан чайқаб кейин қироатга киришар экан.
8. Эснак келганда қироатини тўхтатиб туриш; Чунки қори тиловат чоғида Раббиси билан мулоқотда бўлади. Эснак эса шайтондандир. Мужоҳид розияллоҳу анҳу айтган: Қироат қилаётган чоғингда эснак келиб қолса, қироатингни тўхтатиб эснаб ол. Бу Қуръонни улуғлаш бўлади.
9. Қироатни бошлашдан аввал “аъувзу биллаҳи минаш-шайтонир-рожим” деб истиъоза айтмоқ;
10. Суранинг бошидан бошлаганда истиъозадан кейин “Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим” демоқ;
11. Қироат жараёнида биров билан гаплашмаслик, Аллоҳнинг каломига одамларнинг каломини аралаштирмаслик;
12. Қироат учун ҳеч ким ҳалақит қилмайдиган, ҳеч ким саволга тутмайдиган жойни танлаб ўтириш; Чунки қироат вақтида ким биландир гаплашса ё саволига жавоб қайтарса қайтадан истиъоза қилиши лозим бўлади.
13. Ўқиганда тажвид қоидаларига мос тартил билан ўқимоқ;
14. Ҳар бир ҳарфнинг ҳаққини тўла-тўкис адо қилмоқ; чунки ҳар бир ҳарфга ўнта ҳасана ваъда қилинган.
15. Диққат билан, фикрини жамлаб, ўқиётган оятларининг маъноларини тадаббур қилиб ўқимоқ;
16. Ваъда оятларига келганда тўхтаб, шу оятда ваъда қилинган неъматларни Аллоҳдан сўрамоқ, ваъид оятларига келганда ҳам тўхтаб бу оятда кофир ва фожирларга тайёрлаб қўйилгани айтилган азоблардан паноҳ тиламоқ;
17. Қуръонда келтирилган ўхшатиш ва зарби масаллардан ибратланмоқ;
18. Қироъатни тамомлаганда Аллоҳнинг сўзи рост эканини тасдиқламоқ, Расулуллоҳ шу оятларни бизга етказганига ва буларнинг ҳаммаси ҳақлигига шоҳидлик бермоқ; Яъни “содақта Роббана ва баллағат русулука ва наҳни ъала залика минаш-шаҳидин. Аллоҳумма ижъални мин шуҳадааил-ҳақ, ал-қоимийна бил-қист” демоқ. Маъноси: Эй раббимиз, Сен рост сўзладинг. Расулларинг бу оятларни бизга етказди. Биз уларнинг етказганига гувоҳмиз. Эй Аллоҳим, бизни ҳақ шоҳидларидан ва адолат қилувчилардан қилгин.
19. Бундан кейин бошқа ҳожатларини айтиб дуо қилмоқ.
Давоми бор.
Авазбек МЎМИНОВ
Андижон шаҳар “Чинор” жоме масжид имом хатиби