УМРА ЗИЁРАТИ – ГУНОХЛАР КАФФОРАТИ

Ислом динининг мўътабар амалларидан бўлмиш ҳаж ва умра ибодатини адо этиш, хусусан, узоқ йиллик мустабид тузумда бўлган даврдахалқимизнинг улкан орзуси бўлиб қолган эди. Юртимиз мустақилликка эришганидан сўнг ҳаж ва умра ибодатига кенг йўл очилди. Лекин зиёратни адо этиш орзусида бўлганларнинг сони жуда кўп, аммо ажратилган ўринлар сони етарли эмаслиги сабабидан, улар кўп йиллар навбат кутиб тураётган эди. Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг ўз вақтида муаммони ҳал этиш бўйича топшириқлари натижасида бу икки ибодат учун йиллик ажратмалар сони кескин оширилди. Шу боис зиёратчиларга кенг имкониятлар яратилди. 

Умра – молиявий ва жисмоний ибодат бўлиб, киши фарзандлари, молу-дунёси, касби, меҳнати, уй-жойини маълум бир муддатга тарк қилиб, бутун оламларларнинг ягона Холиқи бўлган Аллоҳ таоло ҳузурига меҳмон бўлиш учун қилинадиган сафардир. У ерда ирқи, жинси, ранги, тили ва дунёвий мақомидан қатъий назар барча инсонлар бир хил кийимда, бир хил холатда ибодат қиладилар. Чунки Аллоҳ таолонинг ҳузурида ҳамма баробардир.

Умрага борган киши муқаддас жойларни кўради ва у ерлардан маънавий озуқа олиб, илоҳий файзларга эга бўлади. Мадинаи Мунаввара ва Маккаи Мукаррамадаги масжидларида намоз ўқийдилар, зиёратлар қиладилар.

Бундан ташқари умра давомида бутун дунёдаги турли ирқ ва миллат вакилларини кўради, турли элатларнинг урф-одатлари билан танишади, дунё турли тарафларидан мусулмонлар бир жойда, бир мақомда жам бўлиб, бар бирлари билан алоқа боғлайдилар. Кузатиш натижасида кўпдан-кўп маънавий манфаъатларга эга бўлади. 

Шу билан бирга инсонларнинг тиллари ва рангларидаги фарқлар уларнинг бирга ибодат қилишларига тўсиқ бўла олмайди. Зеро, уларнинг Яратувчи Холиқлари бир, Розиқлари бир, Пайғамбарлари бир, Китоблари бир, қибласи бир, ғоя ва мақсадлари ҳам бир. Саналса минглаб бундай бирликлар борлигига амин бўлиш мумкин. Ҳар бир зиёратчимусулмонларнинг бир-бирига биродар эканларига, ҳаттоки жисман бошқа бўлсаларда, руҳан ва қалбан бир эканликларига тўлиқ қаноат ҳосил қиладилар.Шу билан Ислом нақадар улуғ ва мукаммал дин эканини мушоҳада этадилар.

Ҳаж ва Умра зиёрати борасида жуда ҳам кўп далиллар келган. Жумладан, Aллoҳ cyбҳонаҳу вa тaoлo“Аллоҳ учун ҳаж ва умрани тугал адо этинг” (Бақара сураси, 196-оят) деб марҳамат қилади.

Ушбу ояти каримадан ҳаж ва умра зиёратини холис Аллоҳ учун адо этиш лозимлиги келиб чиқади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақда шундай деганлар:

Абдуллоҳ ибн Омир ибн Робия, у отасидан ривоят қилади:“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳаж ва умрани бир-бирига эргаштириб қилинглар. Чунки бу икки ибодатни кетма-кет бажармоқ ҳудди темирчи темирни тозалагани каби гуноҳларни мағфират билан тозалаб ташлайди”, – дедилар”. Имом Аҳмад ривоят қилган. 

Ушбу ҳадисда умра улуғ ибодат саналиши баробарида гуноҳларга каффорат эканлиги кўриниб турибди. Унинг гуноҳларга каффорат эканлиги жуда гўзал мисол орқали тушунтирилди.

Умра улкан ибодат бўлиб, уни амалга оширган кишиларнинг молига Аллоҳ барака беради. Бу ҳам Умранинг бир фазилати ҳисобланади. 

Ҳар бир ҳаж ва умра зиёратини адо қилган ҳожилар устларига масъулиятлари ошади. Машаққат чекиб қилинган ҳаж-умра ибодатини мукаммал бўлмоғи учун умр бўйи ҳаракатда бўлиш даркор. Ўз юртларига ва қўни-қўшнисига, маҳалласи ва қавми-қариндошлари олдида доимо ибратли ва тартиб интизоми билан ажралиб турмоғи лозим. Доимо хайрли ишларга, бева-бечоралар, ногиронлар, касалманд кишилардан хабардор бўлиб барча атрофдагиларга яхши насихатда ва қўлидан келганча яхшиликка буюриш, инсонлар ўртасида тотувликни таъминлашга ўз ҳиссаларини қўшишлари лозим бўлади.

Юртимиздан умрачи ва ҳажга борганларнинг сонини қанча кўп бўлиши, ҳожиларимиз томонидан жамиятга, оиласига, атрофдагиларга меҳр-мурувватни ортиб боришидан, ҳожиларимиз томонидан юртимиз ҳақига, ёшлару-қарилар ҳаққига дуода бўлганликларидан осмонимиз мусаффо, деҳқончиликларимизга барака кириб бормоқда. Муборак сафарларга барчамизни боришимизни Аллоҳ насиб қилсин.

ТИИ битирувчи талабаси Рустамжон Маҳмудов