Мусулмонлар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) вафот этгунларигача диннинг асли ва фаръларида битта йўлда юришган. Ҳеч ким Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг кўрсатган йўлларидан бошқа йўлни кўрсатмаган ва мусулмонлар мунофиқликга эргашмаган. Лекин, Набий алайҳис салом вафот этганларида мусулмонлар орасида биринчи марта ихтилоф пайдо бўлди. Бу ихтилофнинг сабаби шунда эдики, мусулмонларнинг баъзилари Пайғамбар алайҳис саломни ўлмайди деб ҳисоблашарди. Ваҳоланки Аллоҳ таборак ва таоло Исо ибни Марямни осмонга кўтариб олганидек Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг руҳларини ҳам кўтаришликни ирода қилган эди. Қуйида бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди:
…الْيَوْمَ أَكْمَلْتُ لَكُمْ دِينَكُمْ وَأَتْمَمْتُ عَلَيْكُمْ نِعْمَتِي وَرَضِيتُ لَكُمُ الْإِسْلَامَ دِينًا …
Яъни: “Ана, энди бугун, динингизни камолга етказдим, неъматимни тамом ила бердим ва сизлар учун Исломни дин бўлишига рози бўлдим.“[1]
Мана шу пайтда мусулмонларнинг орасига биринчи марта ихтилоф тушди. Мусулмонларнинг бу холатини кўрган Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу уларга Аллоҳ таолонинг Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳақларида айтган қуйидаги ояти каримасини тиловат қилдилар:
إِنَّكَ مَيِّتٌ وَإِنَّهُمْ مَيِّتُونَ
Яъни: “(Эй Муҳаммад), албатта сиз ҳам (тезда) ўлгувчидирсиз ва албатта улар ҳам (тезда) ўлгувчидирлар “.[2]
Шундан кейин барча мусулмонлар Пайғамбаримизнинг вафот этганликларига иқрор бўлдилар. Яна Абу Бакр Сиддиқ уларга қараб (мусулмонларга) айтдиларки: “Кимки Муҳаммадга ибодат қилган бўлса, албатта у ўлди, кимки Муҳаммаднинг роббисига ибодат қилган бўлса, албатта у тирик ўлмайди”-дедилар.
Бу ихтилоф тугаганидан кейин мусулмонлар Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни қайси жойга дафн қилишлик ҳақида яна ихтилоф қилдилар. Маккаликлар айтишди-ки: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг муборак жасадларини Маккага қайтарамиз, чунки у киши Маккада туғилдилар ва у жойда катта бўлдилар. У кишининг қиблалари ҳам, насл-насаблари ҳам ва боболари Исмоил алайҳис-саломнинг қабрлари ҳам Маккададур”-дедилар. Мадина аҳиллари эса: “Мадинага дафн қиламиз, чунки Мадина ҳижрат диёри ва ансорларнинг ҳам диёри ҳисобланади”-дейишди. Яна бошқалар эса: “Қуддусга олиб борайлик, чунки Қуддусда Пайғамбар а.с.нинг боболари Иброҳим халилуллоҳнинг қабрлари бор. Олиб бориб “Байтул Мақдис”га боболарининг олдига дафн қилайлик”-дейишди. Шунда яна Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан бир ҳадиси шарифни ривоят қилиб айтдилар-ки:
” ﺇن اﻷنبياﺀ يدفنون حيث يقبضون”
Яъни: “Албатта Пайғамбарлар вафот этган жойларига дафн қилинадилар”. Кейин Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни ўзларининг ҳужраи саодатларига дафн қилишди.[3]
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг вафотларидан кейин халифа бўлишлик тўғрисида мусулмонларнинг орасида фитна кучая бошлади. Бу фитнанинг аввалги янги сурати муҳожирлар билан ансорларнинг орасидаги ишда пайдо бўлди. Яъни муҳожирлар билан ансорлар халифаликни талашиб қолишади. Муҳожирлар ўзларидан ансорларни устун эканлиги ҳақидаги Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг фикрларини унитиб, халифа фақат биздан бўлади, чунки Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) “اﻷﺋمة من قريش“, “яъни: “Имомлар Қурайшдандир” деганлар” дедилар. Мана шунда Саъд ибн Убода[4] ўрнидан туриб муҳожирларга юзланиб айтади: “Бизлар вазирлармиз сизлар амирлардурсиз”. Кейин ансорлар халифа муҳожирлардан бўлишига рози бўлдилар. Бу розилик алангаланиб кетишига яқин қолган фитнани тўхтатди.
Муҳожирларнинг сафларидаги одамлар “биз ихтиёр ва байъат (қасамёд) беришликда юмшоқлик бўлишини хоҳлаймиз” дедилар. Шунда Умар ибн Ҳаттоб Абу Убайдага: “Қўлингни оч сенга байъат бераман. Ахир сен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг гапларига кўра “бу умматнинг энг ишончли одами”сан “-дедилар. Абу Убайда рисолатдан кейин ислом динининг бундай улуғ мансабининг масъулияти, хатаридан қўрқиб Умар розияллоҳу анҳунинг бу таклифидан хурсанд ҳам бўлмади ва унинг гапини тасдиқламади, олқишламади ҳам. Абу Убайда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг биринчи халифаси бўлишлик мансабини таклиф этган Умар розияллоҳу анҳуга юзланиб, розилик, ишонч ва қатъиятлик билан унга: “Сизларда Сиддиқ розияллоҳу анҳу борку, у киши қолиб менга байъат берасанми? “-дедилар.
Бу гапдан Умар розияллоҳу анҳу қаноат хосил қилдилар ва Абу Бакрнинг олдиларига бориб: “Қўлингизни очинг, мен сизга байъат бераман, албатта сиз мендан афзалсиз”-дедилар. Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу): “Сиз мендан кўра кучлироқсиз эй Умар”-дедилар ва бу гапни бир неча бор такрор қилдилар. Лекин Умар розияллоҳу анҳу бунга кўнмадилар.
Бу ихтилофлар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг халифаси Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу деб эълон қилиниши ва у кишига байъат бериш билан тугади. Байъат беришликни биринчи Умар розияллоҳу анҳу бошлаб бердилар. Кейин муҳожирлар, ансорлар ва бошқа мусулмонлар ҳам Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга рози бўлиб байъат бера бошладилар. Ҳатто ансорларнинг бошлиқларидан бири Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу Абу Бакр розияллоҳу анҳуга байъат бераётган пайтда айтдиларки: “Абу Бакрдан ўзиб (олдинлаб) кетишдан Аллоҳ таолодан паноҳ тилайман”. Лекин, Али розияллоҳу анҳу бу байъатга рози бўлмасдан бироз вақт байъат бермасдан турдилар. Яъни, Фотима онамиз вафот этгунга қадар турдилар. Кейин у киши ҳам Абу Бакр розияллоҳу анҳуга байъат бердилар.[5]
Ислом дини Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) вафот этганларидан кейин оғир, катта бир мусибатни бошидан кечирди. Агар Абу Бакр розияллоҳу анҳу юқоридаги ҳикматли гапларини айтмаганида эди, албатта дин заифлашарди ва мусулмонлар тарқоқ бўлиб, бўлиниб кетган бўларди. Арабларнинг кўпчилиги Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг вафот этганларини эшитгач, муртад бўлиб кетишди. Ҳатто динини ушлаган мусулмонлар жуда ҳам камайиб кетди. Маккада Қурайш, Тоифда Сақиф қабилалари ва бошқа камгина мусулмонлар динида собит қолишди. Мана шунда динида сусткашлик қилган ва диндан қайтган инсонлар икки қисмга бўлиниб қолишди. Улардан бири ислом динини тарк қилиб, муртад бўлганлар, уларга Бану Той, Асад, Ғатафон, Бану Хунайф, Аҳли Яман ва Асвад қабилалари киради. Иккинчиси, закот беришликдан бўйинтовловчилар, уларга Бани Тамимликларнинг баъзилари, Бану Ҳавозин ва бошқалар киради.
Абу Бакр розияллоҳу анҳу халифа бўлганларидан кейин, аввало ишни муртад бўлганларга ва закотни ман қилувчиларга қарши жанг қилишликдан бошлаш кераклигини айтдилар. Чунки, закотни ман қилишлик – намозни ва динда нозил бўлган барча нарсаларни рад қилишдир. Шунда Умар ибн Хаттоб: “Эй Або Бакр, инсонларга қарши қандай қилиб жанг қиласиз, ваҳоланки Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам):
قاتل الناس حتي يقولوا لا إله إلا الله فمن قالها فقد عصم مني ماله و نفسه إلا بحقه وحسابه علي الله.
“Мен инсонларга қарши жанг қилишликга буюрилдим, ҳатто ла илаҳа иллаллоҳ дегунларича. Бас, кимки ла илаҳа иллаллоҳ деса, мендан жонини ва молини сақлабди, магар Ислом ҳаққи (яъни, намоз, закотни тарк қилишлик ёки ноҳақ одам ўлдириш) билан жазо кўрилади. Унинг (ҳақиқий мусулмон ёки мунофиқ) ҳисоби Аллоҳгадир”[6]-деганлар-ку”-дедилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу у кишига айтдиларки: “Аллоҳга қасамки, намоз билан закотнинг орасини ажратган кишига қарши жанг қиламан. Албатта закот молнинг ҳаққидир. Аллоҳга қасамки, агар кимки мендан бир йилда бир марта бериладиган закотни ман килса, батахқиқ Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га азоб берган ҳисобланади. Шунинг учун уларга қарши жанг қиламан”-дедилар. Умар розияллоҳу анҳу айтдилар: “Аллоҳга қасамки, Аллоҳ Абу Бакрнинг қалбини ана шу пайтда жанг қилишлик учун кенг қилиб қўйганлигини кўрдим ва у кишини ҳақ эканларини билдим”.
Бас, Абу Бакр розияллоҳу анҳу жидди-жаҳдига суяниб ва Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِنْ تَنْصُرُوا اللَّهَ يَنْصُرْكُمْ وَيُثَبِّتْ أَقْدَامَكُمْ
Яъни: “Эй иймон келтирганлар, агар сизлар Аллоҳга ёрдам берсангизлар (яъни, Аллоҳнинг динига ва унинг Расулига), У зот ҳам сизларга (душманларингизни енгишингизда) ёрдам беради ва (жанг майдонларида) қадамларингизни собит қилади.“.[7]-деган ваъдасига ишониб, ўзининг озгина қўшини билан катта душманга қарши жанга чиқдилар.
Абу Бакрнинг бу қилган ишлари мусулмонларнинг ҳаммасига ибрат дарси бўлди. Ўшанда мусулмонлар ҳудди ёмғирли кечада қолган бир кичкина тўда қўйларга ўхшаб ўта заиф аҳволда эдилар.
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг халифалик йиллари икки йил, уч ой-ю ўн кеча давом этди, кейин вафот этдилар.
Абу Бакр вафот этаётган пайтда, у кишининг ҳузурларига катта-катта саҳобалар йиғилган эди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу Умар розияллоҳу анҳуга ишорат қилдилар. Кейин мусулмонларга айтдилар-ки: “Албатта, мен сизларга халифа қилиб Умар ибн Ҳаттобни тайинлайман. Сизлар уни эшитинглар ва унга итоат қилинглар”-дедилар. Шунда саҳобалар: “Эшитамиз ва итоат қиламиз”-дедилар.
Шундай қилиб мусулмонларнинг иккинчи халифаси – Умар ибн Ҳаттоб бўлдилар. У киши одиллик ва қаттиқ қўллик билан мусулмонларни ўн йилдан ошиқроқ муддат давомида бошқардилар. Бу муддат ичида мусулмонлар жуда катта кучга эга бўлиб, кўплаб жойларни фатҳ қилишга эришдилар. Ҳижратнинг 23 йили зул-ҳижжа ойининг охирларида Умар розияллоҳу анҳу Муғира ибн Шуъбанинг мажусий қули Абу Луълуа тарафидан бир неча жойларига пичоқ урилиши натижасида вафот этдилар.[8]
Умар розияллоҳу анҳунинг вафотларидан кейин мусулмонларнинг учунчи халифаси Усмон ибн Аффон бўлдилар. Усмон розияллоҳу анҳунинг халифа бўлишларини Умар розияллоҳу анҳу васият қилмаган эди, балки у кишини мусулмонларнинг иттифоқига қараб сайлашган. Усмон ибн Аффон мусулмонларни ўн икки йилдан ошиқроқ муддатда бошқардилар. Усмон розияллоҳу анҳу саксон ёшдан ўтганларида бадхулқ, безори, динсиз кишилар томонидан ўлдирилди. Ҳазрати Усмон рўза тутган ҳолда намозгоҳларида Аллоҳнинг муборак китобини ўқиб ўлтирган эдилар. Мана шу ҳолатда ўлтирган кимсанинг олдиларига ҳалиги бадхулқ, безори кишиларнинг биттаси яқинлашиб келди-да, қўлидаги ўткир темир асбоби билан қаттиқ зарба урди. Бу зарбадан Усмон розияллоҳу анҳу ҳушидан кетиб йиқилдилар. Муборак қонлари, ўқиб ўлтирган саҳифанинг устига сочилди. У бадбахт кимсалар “Шаҳрия ҳарам”ни (уриш, бировни ўлдириш ҳаром қилинган ойни) ҳам эҳтиром этмадилар. Зеро, бу воқеа 35-ҳижрий йилда зулҳижжа ойининг саккизинчи кунида содир бўлганди.
Усмон ибн Аффоннинг вафотларидан кейин ҳамма ёқда бебошлик юз бергани каби одамлар ҳеч нарсани англамас, ҳамма ҳушидан ажралган каби ҳаяжонда эди.
Бир тунда кишилар Али ибни Абу Толиб (розияллоҳу анҳу)нинг олдиларига халифалик вазифасини юклаш учун бордилар. Лекин ҳазрати Али (розияллоҳу анҳу) халифаликдан бутунлай воз кечган, ҳеч қандай мансабни хоҳламас эдилар. Шунинг учун келган одамларга қараб:”Сизлар бошқа кишини ихтиёр этинглар, мени тинч қўйинглар, кимни сайласангиз сайлангиз, мен биринчи бўлиб ўшанга байъат берурман. Зеро, мени яхши вазир бўлмоқлигим, халифа бўлишимдан кўра афзалроқдир”. Одамлар Али (розияллоҳу анҳу)нинг гапларини эшитиб бўлиб: “Биз сизга токи байъат бермай туриб ажралиб кетмаймиз”. Дея вичқирдилар. Али (розияллоҳу анҳу) уларга жуда ҳам устувор турганликларини кўриб : “Агар шундай қилиш керак бўлса, масжидга киринглар. Агар менга байъат берабиган бўлсангизлар. Менинг байъатим махфий суратда бўлмасин. Бутун мусулмонларнинг розиликларида адо топсин. Халқнинг ичида ошкора суратда амалга оширилсин”, дедилар. Кишилар эртага эрталаб масжидда кўришишга келишиб олишгандан сўнггина тарқалиб кетишди. Эртасига тонгда Али (розияллоҳу анҳу) масжидга кирдилар ва минбарга кўтарилиб одамларга қарадилар-да оҳиста товишда сўз бошладилар: “Кеча сизлар билан ўзича ҳал қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи бўлмасдан бир ишга келишиб ажралган эдик, агар ҳоҳласангиз бугун ўша ишни сизларнинг ихтиёрингизга қайта топшираман”.
Бу сўзни эшитиб ҳаммалари: “Биз кеча сиз билан нимага келишган бўлсак, ўша қарорда қатъиймиз. Аллоҳ, ўзинг гувоҳ бўл!”, дея баробар суронли қичқирдилар. Энг биринчи бўлиб Талха ибни Убайдуллоҳ, кейин Зубайр ибни Авом, кейин эса ўша ерда ҳозир бўлганлар Али (розияллоҳу анҳу) ни олдиларига бориб байъат бера бошладилар.
Али (розияллоҳу анҳу) халифаликни аввалги Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) ҳамда Умар (р.а) даврларида бўлган ҳолатига қайтармоқни ирода қилдилар. Али (розияллоҳу анҳу) бу ишни дабдабаларга берилмайдиган, тарафкашлик қонига сингимаган қариндош, уруғларига, қуда, андаларидан давлат хазинасидан ҳадяларни бўлиб бериб юбормайдиган бир диний раҳбар сифатида ирода қилгандилар. Бироқ, Али (розияллоҳу анҳу)дан бошқа айрим кишилар эса халифалик дунёнинг алдамчи матоларига ўралган ёлғон дабдаба, салтанат ишида маст бўлган подшоҳлик бўлишини истаган эдилар. Али (розияллоҳу анҳу) янги фатхларни амалга оширишдан аввал, Исломга янги ерларни қўшиб кенгйтиришдан аввал асосий ғояларини амалга ошириш, яъни давлатнинг ички холатини тузатишга киришдилар. Халифалик муддатлари ички фитналарни тинчитиш ҳамда халифаликнинг асосий ғоясидан узоқлашиб ўз мақсадларига етиш мақсадида юрувчи худбинларни тугатиш билан ўтиб кетди.
Али (розияллоҳу анҳу) халифалик мансабига миниб бошлаган ишларининг аввали вилоят бошлиқларининг қайсисидан мусулмонлар шикоят вилган бўлсалар, ўшанисини ишдан олишлик бўлди. Шу сабабли Али (розияллоҳу анҳу) халифаликка сайланган кунларидаёқ энг аввал бошқа волийлардан кўра Муовияни ишдан четлатиш хақида фикр этдилар. Абудуллоҳ ибни Аббос, Мўғира ибни Шуъба ҳамда Зайид ибни Ҳамзага Али (розияллоҳу анҳу) нинг олдиларига кириб насиҳат қилдилар. Булар уччовлари ҳам ишбилармон ва тадбиркор кишиардан эдилар. Мўғира ибни Шуъба Али (розияллоҳу анҳу)га қараб:” Эй Али, албатта, итоат этдириш ва насиҳат этишлик ҳаққи сизники. Бугунги кунда эрта учун эҳтиёт чорасини кўришлик лозим. Бугун агар нима йўқотилса, эртала ҳам йўқотилади. Мовияни ўз амалида қолдиринг, бошқа амалдорлар ҳам ишдан четлатмай туринг, токи ҳамма сизнга итоат этиб бўлгач, ҳамда ҳарбийлар ҳам қасамёд қилиб бўлишгач, хоҳласангиз алмаштирасиз. Хоҳаганингизни ўз ишида қолдираверасиз”, дедилар.
Али (розияллоҳу анҳу) Шуъбанинг таклифларига жавобан:“ Мен дилимда лаганбордорлик қилмайман ва ишимни паскаш кишиларга ҳам топширмайман”, дедилар. Мўғира яна Али (розияллоҳу анҳу) га қайтадан мурожаат қилиб:” Майли, кимни хоҳласангизишдан олингиз-у, аммо Мовияни ўз ишида қолдириб туринг. Зеро у жуъратли киши. Ўзи эса аҳли Шом ичида эътиборли кимса”, дедилар. Али (розияллоҳу анҳу) жиддий ҳолда уларага қараб:”Аллоҳга қасамки, мен Мовияни бир куни ҳам ўз ишида қолдирмасман”, деб қатъий қилиб жавоб бердилар.
[1] Қуръони карим маъноларининг таржимаси. Моида сураси. 3-оят.
[2]Тафсир ал-Мунир. 12-жилд. 311-бет. Зумар сураси. 30-оят.
[3] Ал-Фарқу байнал фироқи. 12-13-бетлар.
[4] Абу Собит, абу Қайс, абул Ҳубоб Саъд ибн Убода ибн Дайлам ал-Ансорий. Хазраж қабиласининг саййиди бўлган. 15-ҳижрий санада Шомда вафот этган.
[5] Ислом била-мазаҳиб.143-144-бетлар.
[6] Ал-Манҳал ал-Ҳадис фи шарҳ ал-ҳадис. 2-жилд, 89-бет. Абу Ҳурайра ривояти.
[7] Тафсир ан-Насафий. Иккинчи жилд. 151-бет. Муҳаммад сураси. 7-оят.
[8] Итмом ал-вафо. 267-268 ва 380-бетлар.
ТИИ МСБ талабаси Якубов Баҳриддин