Aлишер Навоийнинг “Назму-л-жавоҳир” деб аталган тўртлик шеърлар тўпламининг сарлавҳасини “Шеър дурдоналари” ёки “Шеърий дурдоналар” дейилса бўлади. Бу тўртликлар Ҳазрат Алининг ривояти билан айтилган ва шеърга солинган пайғамбар (с.а.в.) ҳадислари — ҳикматли сўзларига бағишланган. Алишер Навоий Ҳазрат Алининг адабий маҳоратига юксак баҳо берган. У ўзининг “Маҳбубу-л-қулуб” (“Кўнгилларнинг севгани”) асарида шеър аҳли тўғрисида сўз юритганда биринчи бўлиб Ҳазрати Алини тилга олган. Навоий бу асарида ёзади: “Бу азиз қавмнинг пешво ва муқтадоси ва бу шариф хайлнинг сардафтари ва сархайли валоят баҳрининг гавҳари ва каромат авжи мунир ахтари Амир ул мўмин Али навараллоҳу важҳаҳу (Аллоҳ унинг юзини нурли қилсин)дурким, назм девонлари мавжуддур ва анда асрор ва нукат нолиъдуд”). Маъноси: Бу азиз қавмнинг (шоирларнинг) пешво ва йўлбошчиси ва бу гуруҳнинг илғори ва бошлиғи, азизлик денгизининг гавҳари ва каромат авжининг ёруғ юлдузи Амир ул мўмин Али…дурки, назм девонлари бор ва унда сирлар ва нозик маъноли сўзлар беҳисобдир.
Навоийнинг “Назму-л-жавоҳир” асари бошдан оёқ таълим-тарбияга доир. “Назму-л-жавоҳир”да Навоий элу юрт ҳаёти тажрибасидан келиб чиққан хулоса ва умумлашмалари орқали эзгулик, инсонийлик, адолат ғояларини кенг тарғиб этади. Кишиларни маънавий юксакликка кўтаришга ҳаракат қилади, моддий ва маънавий уйғунлик қандай бўлмоғи кераклиги тўғрисида йўл-йўриқлар кўрсатади.

Навоий “Назму-л-жавоҳир” муқаддимасида ёзган:
Ёраб, бу жавоҳирларники, манзум этдим,
Чекканим анга ҳар нуктаки, маълум этдим,
Ҳар нуктага бир тарона марқум этдим,
Кўп гавҳар анинг зимнида мактум этдим.

Маъноси:
Эй худо, бу жавҳарларни шеър билан ёзиб чиқдим,
Турли нозик маъноли сўзларни териб уларнинг
(мазмунини) маълум қилдим.
Ҳар бир шундай сўзга бир оҳанг бердим.
Уларнинг орасига кўп гавҳарларни беркитдим.
“Назму-л-жавоҳир”даги тўртликларни кўрмакка ва уларда беркитилган гавҳарлари биёр.

   Ҳазрат Али ривоят қилганлардан биринчиси бундай: “Имону маръий йуърафу би иймониҳи”. Маъноси: Кишининг имони унинг аҳдига вафосида кўринади. Демак, кишидаги имон, яъни ишонч, эътиқод унинг ўз аҳдига вафодорлигида билинади. Шу фикрни Навоий шеър билан бундай баён этган:

Имони анингки, куфриға сотир (беркитувчи) эрур
Чин нукта демакка ул киши қодир эрур
Ҳар кимсаки, имон ишида моҳир эрур
Имонини билки, отидин зоҳир эрур.

Маъноси:

Ул кишики, имони куфрини йўқотар экан,
Чин тоза маъноли сўз демакка қодирдир.
Имон ишида маҳорат касб этган ҳар бир кимсанинг
Имони унинг отидан билиниб туради.

    Ушбу тўртликдаги асосий масала нукта ва имондир. Нукта – чин тоза маъноли сўз. Бундай сўзни демакка қодир инсон соф имон эгаси бўлган инсондир. Кўриниб турибдики, Навоий асл нусхадаги маънони анча кенгайтирган. Асл нусхада “аймон” аҳдга вафо қилув тўғрисида боради. Навоий эса имонга эга бўлмоқни бош ўринга қўяди. Ҳақиқий чин маъноли сўзни демоққа фақат имон ишида моҳир бўлган зотгина қодирдир. Aлишер Навоийнинг “Назму-л-жавоҳир деб аталган тўртлик шеърлар тўпламининг сарлавҳасини “Шеър дурдоналари” ёки “Шеърий дурдоналар” дейилса бўлади. Бу тўртликлар Ҳазрат Алининг ривояти билан айтилган ва шеърга солинган пайғамбар (с.а.в.) ҳадислари — ҳикматли сўзларига бағишланган. Алишер Навоий Ҳазрат Алининг адабий маҳоратига юксак баҳо берган. У ўзининг “Маҳбубу-л-қулуб” (“Кўнгилларнинг севгани”) асарида шеър аҳли тўғрисида сўз юритганда биринчи бўлиб Ҳазрати Алини тилга олган. Навоий бу асарида ёзади: “Бу азиз қавмнинг пешво ва муқтадоси ва бу шариф хайлнинг сардафтари ва сархайли валоят баҳрининг гавҳари ва каромат авжи мунир ахтари Амир ул мўмин Али навараллоҳу важҳаҳу (Аллоҳ унинг юзини нурли қилсин)дурким, назм девонлари мавжуддур ва анда асрор ва нукат нолиъдуд” Маъноси: Бу азиз қавмнинг (шоирларнинг) пешво ва йўлбошчиси ва бу шариф гуруҳнинг илғори ва бошлиғи, азизлик денгизининг гавҳари ва каромат авжининг ёруғ юлдузи Амир ул мўмин Али…дурки, назм девонлари бор ва унда сирлар ва нозик маъноли сўзлар беҳисобдир.

“Ma’murobod” jome masjidi imom-xatibi  Olimjonov Behzodbek