Ислом динини ўзларига ниқоб қилиб олган бир гуруҳ манфур кимса ва тоифалар пайдо бўлди. Улар жамият ўртасида бузғунчилик, ноҳақ қон тўкилиш каби салбий ҳолатларни авж олдириб, мусулмонлар тинчлигини бузиб, халқ орасида низо чиқариш ҳамда нифоқ солишга ҳаракат қилмоқдалар. Ўзларини «Ислом дини ва мусулмонларни ҳимоя қилувчи халоскор фирқа» деб эълон қилган ҳолда бегуноҳ мусулмонларнинг ўлимига сабаб бўлмоқдалар. Энг ёмони, улар ўз ҳатти-ҳаракатларини асослаш учун ҳар бир мусулмон учун муқаддас бўлган Қуръони карим ва ҳадиси-шарифларни ўзларининг мақсадлари йўлида тафсир ва таъвил қилиб мусулмонлар ўртасида нифоқ чиқаришга уринмоқдалар.
Ислом дини ҳар қандай оғир шароитда ҳам террорчилик ҳаракатларини амалга оширишга рухсат бермайди. Унинг таълимотига кўра, ноҳақ тўкилган қон кимнинг қони бўлишидан қатъий назар, энг оғир гуноҳ ҳисобланиб, унинг жазоси ҳам оғир экани маълум бўлади. Аллоҳ таоло Моида сурасининг 32-ояти каримасида : «Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларини қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) одам эса барча одамларни тирилтирган кабидир».
Ислом динида инсоф, адолат ва инсонпарварлик қоидаларига ҳатто ёв билан жанг қилиш асносида ҳам риоя қилишга буюрилади. Ҳаддан ошиш, тажовузкорлик ва зўровонлик қаттиқ қораланади. Бақара сурасининг 190-ояти каримасида: «Албатта, Аллоҳ ҳаддан ошувчиларни (тажовузкорларни) ёмон кўргай»
Дунёда тинчликни сақлаш учун ҳамма имконият сафарбар қилиниши керак. Биз Аллоҳ таоло тарафидан Ер юзини обод қилишга амр этилганмиз. Бизнинг динимиз одамзот у ёқда турсин, оддий жониворга ҳам озор бермасликка буюради, зероки у тинчлик динидир.
Экстремистик руҳ билан йўғрилган қора кучлар илоҳий манбаларни нотўғри талқин қилиш билан ўзлари Аллоҳнинг ҳузурида гуноҳкор бўлиш билан бирга дунёдаги кўпчилик мусулмонларни чалғитиш ва дунё жамоатчилигига ташвиш орттириш ҳамда ислом дини ёвузликка чақирувчи дин тимсолида танитиш каби зарарли фаолиятлари билан ўта жинояткор бандалар қаторидан жой олаётганлари аниқ ва равшандир.
М.Тўрақулов
Олтинкўл туман бош имом-хатиби