Уламоларни ҳурмат қилиш иймоннинг саломатлигига далилдир. Уларни камситиш эса нифоқ аломатидир. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳ васалламни фақат мунофиқлар ёмон кўришар, у зотни камситишга ҳаракат қилишарди. Олимларимиз Набий соллаллоҳу алайҳ васалламнинг омонатларини етказувчилардир. Шу маънода уларни ёмон кўриш мунофиқлик аломатлардан дейилади.
Машҳур муҳаддис олим Абул Қосим ибн Асокир илм аҳлларига одобсизлик қилган кишига насиҳат қилиб, шундай деган “Билгинки, уламоларнинг гўштлари заҳарлидир. Ким бирор олимни ҳақорат қилса, Аллоҳ таоло унинг ўлимидан аввал қалбини ўлими билан балога гирифтор қилади”.
Илм аҳлларига нисбатан одобсизлик қилиб, уларни ортиларидан гапирган киши гўё заҳарли гўшт егандек бўлади. Унинг бу қилган иши сабабли Аллоҳ таоло унинг ўзидан аввал қалбини кўр қилиб қўяди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳ васалламдан уламонинг фазли тўғрисида ворид бўлган ҳадисларда:
Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳ васаллам: “Олимнинг обиддан ортиқлиги, менинг сизларнинг энг пастингиздан ортиқлигим кабидир. Дарҳақиқат Аллоҳ ва Унинг фаришталари, осмонлар ва ер аҳлллари ҳатто уясидаги чумоли ва ҳатто балиқ одамларга яхшиликни таълим берадиган кишига саловат айтади”, дедилар”. (Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа ривояти)
Олимнинг фазлини Аллоҳ ва Унинг Расули улуғлаб турсаю, унга нисбатан ҳурматсизлик қилиш дарҳақиқат Аллоҳ ва Унинг Расулига ҳурматсизлик қилишдир. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Ким фақиҳга азият етказса, дарҳақиқат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳ васалламга азият етказибди. Ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳ васалламга азият етказса, дарҳақиқат Аллоҳ азза ва жаллага азият етказибди.
Уламоларни, устозларни ҳурмат қилиш ҳар бир мусулмоннинг вазифасидир.
Аллоҳ таоло барчамизни устозлар ва аҳли илмларга нисбатан меҳрли бўлишимизни насиб қилсин!
Сирожиддин домла ҲАКИМОВ,
“Ҳазрати Умар” жоме масжиди имом-хатиби