Халқимизнинг тўйлари кўп. Ота – она борки, топган – тутганини фарзандимнинг тўйига сарфлайман, деган орзу – ҳавас билан яшайди. Шунингдек, кексаларимиз: “Топганинг тўйларга буюрсин”, дея дуолар қилишади. Муқаддас даргоҳ бўлмиш оилада кўзлар қувончи фарзанд туғилибдики, ўғил бўлса, уйласам, келинлар олсам, қиз бўлса, яхши жойга узатсам, мен ҳам қудалик – андалик бўлсам, деб, ҳар бир ота – она ният қилади.
Аслида, қудачилик Аллоҳ таолонинг бандаларига берган улуғ неъматларидан бири бўлиб, Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: “У яна (ҳақир) сувдан инсонни яратиб, сўнгра уни насл – насабли ва қуда – анда қилиб қўйган зотдир. Дарҳақиқат, Раббингиз (ҳар ишга) қодирдир”. (Фурқон сураси, 54 – ояти).
Қудачилик – никоҳ орқали шаклланган қариндошлик муносабатларидир. Яъни, бир – бирига мутлақо нотаниш ва бегона бўлган кишилар – келин ва куёвнинг ота – онаси, оила – аъзолари, уруғлари қудачилик орқали ўзаро қариндошга айланадилар. Бу шунчаки оддий муносабат эмас, балки Яратган номи билан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатлари ҳамда кўпчилик мўмин ва мусулмонларнинг гувоҳлигида ўрнатилган муқаддас алоқадир. Шунинг учун исломда қудачилик алоқаларига катта аҳамият берилган ва бунга оид шаръий ҳукмлар ҳам батафсил баён қилинган.
Энг аввало оила қураётган келин ва куёв имкони борича бир – бирига яқин қариндош бўлмасликлари уламолар томонидан тавсия этилади. Бунга мисол Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида бир қабиладан бир неча киши келиб, қабилаларида туғилаётган фарзандлар нимжон, касалманд ва заиф эканликларидан шикоят қилишди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам одам юбориб, қабиланинг аҳволини ўрганганларида, бу қабилада бир одат бўлиб, бошқа қабилаларга қиз бермас, бошқа қабиладан келин ҳам олмасликлари ва ўзаро қуда – андачилик қилишлари маълум бўлди. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳалиги қабила вакилларига бошқа қабилалар билан қудачиликни йўлга қўйишни маслаҳат бердилар.
Иккинчидан, турмуш қураётган ёшларни соғлигига катта эътибор қилиш керак. Яъни келажакда оила меваси бўлмиш туғилажак фарзандлар соғлом туғилишлари ва уларга муносиб ота – она бўлишлари учун аввало ўзлари соғлом бўлишлари керак. Ҳозирда давлатимиз томонидан янги оила қураётган келин куёвларни бепул тиббий кўрикдан ўтказиш жорий қилинган. Албатта, янги оила қурувчи келин куёвларни тиббий кўрикдан ўтиб, кейин оила қуришлари мақсадга мувофиқдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари уйланмоқчи бўлган аёлга совчи юбараётганида уни соғлигига қаттиқ эътибор қилишини тайинлаб жўнатишлари, замонавий тиббий кўрикдан ўтишнинг бир кўринишидир.
Учинчидан, совчи қўядиган ва совчи кутадиган оила ўғил – қизлари никоҳга тайёр эканлиги ҳақида бош қотириши лозим. Шунинг учун аввал ўғилнинг рисоладагидек эр, қизнинг рисоладагидек рафиқа бўлишига ишончлари комил бўлгандан кейингина, тўй ҳаракатига киришиши керак. Бизда айрим оилаларда никоҳга тайёргарлик деб – фақат моддий тайёргарлик тушунилади. Гўёки тўй қилиш ҳаражатлари топилса, тўйни бошлайвериш керак, деб ўйлашади. Аслида, энг асосийси бўлган – тўйдан кейинги ҳаёти бахтли бўлиши учун қай даражада тайёр эканини ўйлаб ҳам кўришмайди. Фарзандларимизга яхши таълим – тарбия, чиройли одоб – ахлоқ ўргатиб, уларни турмушга маънавий тайёрлашимиз лозим.
Олимжон домла Каримов
Шахрихон тумани “Муҳаммад Розиқбой” жоме масжиди имоми