Тўгрилик мўминнинг ҳулқи

1141

Тўғрилик- ёлғон,хиёнат,туҳмат,вафосизлик каби қабиҳ ишлардан узоқда бўлмоқ демакдир.
Аллоҳ Таоло барчаларимизни дунёга имтихон учун келтирди ва шу имтихон дунёсида тўғри юриб тўғри туришга,тўғри сўзлашга ва тўғри ҳаёт кечиришга буюрди.
Аллоҳ Таоло инсонларни ёлғиз Ўзидан қўрқишга буюрган вақтда унинг ортидан тўғри сўзлашликка ҳам буюрган. Жумладан, Ахзоб сурасида Аллоҳ Таоло: «Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар ва тўғри сўзланглар!(Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират этар.Кимки Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас, у улуғ ютуққа эришибди», деган.
Демак бизлар доимо тўғриликни қасд қилишлигимиз лозим бўлади экан.
Ҳазрати Пайғамбаримиз алайҳис салом ёлғончилик мўмин кишига номуносиб хулқ эканлигини таъкидлаганлар.Жумладан: «Мўмин кишида ҳамма хулқлар бўлиши мумкин,аммо хиёнат ва ёлғончилик эмас», деганлар.
Бир киши Росулуллоҳ (с.а.в.)дан: «Ё Росулоллоҳ (с.а.в.)! Мўмин қўрқоқ бўлиши мумкинми? – деб сўрашди.У киши: «Ҳа»,деб жавоб бердилар. «Мўмин киши бахил бўлиши мумкинми? »– деб сўрашди. У киши: «Ҳа»,деб жавоб бердилар. «Мўмин киши ёлғончи бўлиши мумкинми? »– деб сўрашганда. «Йўқ»,деб жавоб бердилар. Аллоҳу Таоло мўминларни тўғри сўзликка чақириб Тавба сурасида шундай дейди: «Эй имон келтирганлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва содиқ(ростгўй) кишилар билан бирга бўлингиз!».Ушбу ояти каримада Аллоҳ Таоло бизларни рост сўзлашга ва сўзлаган сўзлари,амалларида рост бўлган инсонлар билан бирга бўлишга буюраяпти.
Бугунги кунда инсонлар орасида одатий ҳолга айланиб бораётган ёлғончилик,ваъдага вафосизлик каби салбий ҳолатлар ривожланиб бораётган жамиятимизга хунук оқибатларни олиб келиши мумкин.Бунинг олдини олиш учун ҳар биримиз уйимизда,маҳалламизда,иш жойимизда оила аъзоларимиз,фарзандларимиз,ёру дўстларимизга ёлғончилик,бевафолик оғир гуноҳ эканлигини эслатиб турмоғимиз керак.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган хадисда Пайғамбаримиз алайҳис салом айтадиларки: «Рост сўз ўз сохибини яхшилик сари етаклайди. Яхшилик эса уни жаннатга етаклайди. Албатта киши рост сўзлаб юрса, у Аллоҳ ҳузурида сиддиқ (ростгўй) деб ёзилади.Албатта ёлғон (ўз сохибини) ёмонлик сари етаклайди.Ёмонлик эса жаҳаннам сари етаклайди. Киши доим ёлғон гапириб юришлиги билан Аллоҳ Таоло ҳузурида каззоб (ёлғончи) деб ёзилади». Юқоридаги ҳадиси шариф ҳар эзгуликнинг боши ростгўйлик ва ҳар ёмонликнинг сабабчиси ёлғончилик эканлигини уқтириш билан бирга, тўғриликнинг оқибати жаннат билан зафар қучиш , ёлғончиликнинг оқибати жаҳаннам бўлишлигини бизларга билдиради.
Ҳар бир ота-она фарзандини ростгўй қилиб тарбиялашлиги учун аввало ўзи ростгўй бўлиши керак.Уйда бўлиб турган ҳолда фарзандига мени йўқ деб қўй деса ёки фарзандига бир нарсани ваъда қилиб,ваьдасини устидан чиқмаса бу нарса фарзанд тарбиясига ёмон таъсир қилади.
Ваҳоланки Пайғамбаримиз алайҳис салом айтадиларки: «Мунофиқнинг аломати учтадир:Гапирса, ёлғон гапиради, ваъда берса, хилоф қилади,омонат берилса, хиёнат қилади».
Ўтган улуғ авлиёлар,алломаларни ҳаётига назар солинса, ҳар бирлари ҳам тўғри сўзлик,ваъдага хилоф қилмаслик , омонатни вақтида адо қилишлик билан улуғ мақомларга етишганлар.
Ҳазрати Луқмони Хакимдан сўралди: « Сизни шу даражага нима етказди? ». Айтди: «Тўғрисўзлик, омонатни адо қилиш ва кераксиз бўлган нарсаларни тарк қилиш».
Аллоҳ Таоло барчамизга ҳар бир қилаётган ишларимизда тўғриликни қасд қилиб,ёмонликлардан сақланиб боришлигимизга ўзи ёрдам берсин. Омин.

Искандар Ортиқов

Олтинкӯл туман

“Далварзин”

жомеъ масжиди имом-хатиби