Ҳозирги кунда “Аҳли сунна вал жамоа” ақидалари асосида ҳаёт кечириш ҳар қачонгидан кўра аҳамиятли ва долзарбдир. Ҳар хил тоифалар, турли туман оқимлар, фирқалар, таълимотлар ва бузғунчи ғоялар юзага чиққан. Бизнинг боболаримиз қадим Мовароуннаҳр халқи, Марказий Ўрта Осиё ҳудудида яшаган барча мусулмон миллатлари «Аҳли сунна вал жамоа» таълимоти асосида ҳаёт кечирганлар. Мактаб ва мадрасаларида фиқҳий амалиётларида Ҳанафий, яъни, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳининг мазҳабларида, ақидавий таълимотларда эса Абу Мансур Ал-Мотурудий мазҳабларида ҳаёт кечирганлар.

 “Аҳли сунна вал жамоа” атамасининг маъноси “Мусулмонларнинг мутлақ кўпчилиги бўлганлар ва суннатга амал қилиб келган мусулмонларнинг энг катта жамоаси”, деган маънодадир.

Исломнинг дастлабки даврларида бошқа мазҳаб ва оқимлар каби “Аҳли сунна вал жамоа”  номи ҳам бўлмаган. Биринчи ҳижрий асрнинг биринчи ярими охирларида турли сиёсий сабабларга кўра мусулмонлар сафида ажралиш пайдо бўлди. Аввал “Хаворижлар” тоифаси, кейинроқ “Шиа” ва бошқалар мусулмонлар оммасидан ажраб чиқдилар. Уларга ўзига хос номлар берила бошлади. Ҳар томон ўзининг ҳақлигини исбот қилиш учун ўз фикрини, йўналишини ҳимоя қилиб гапира бошлади. Оқибатда ҳар гуруҳнинг ўзига хос ақидаси шакиллана бошлади. Бошқа фирқалар ажралиб чиққанлардан кейин қолган мусулмонларнинг асосий оммаси “Аҳли сунна вал жамоа” деб атала бошлади. Бу исмда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатига амал қилиш ва мусулмонларнинг асосий кўпчилик жамоаси маънолари ўз аксини топади. Шунинг учун ҳам “Аҳли сунна вал жамоа” уламолари бошқа тоифаларнинг ҳаммаси билан тортишганлар ва уларнинг хато фикрларини танқид қилганлар. Аввалги ақидавий тортишишлар фақат Қуръон ва ҳадис асосида бўлган. Бу маънода ҳазрати Али, Абдуллоҳ ибн Аббос каби саҳобаи киромларнинг хаворижларнинг бошлиқлари билан олиб борган баҳс ва тортишувлари “Аҳли сунна вал жамоа” нинг дастлабки далил келтиришга уринишлари бўлган. Кейинги авлод мусулмонлари ичидан Ҳасан Басрий ва у кишининг ҳамфикрлари намоён бўлганлар.

Ислом динининг бошқа давлат ҳудудларига кенг ёйилиб турли дин, тоифа, мазҳаб ва мафкура атбоъларининг мусулмон бўлиши оқибатида ақидавий масалалар яна ҳам мураккаблашиб кетди. Бунинг устига турли томонлардан мусулмонлар ақидасини бузишга уриниш ва танқид қилиш ҳам авж олди. Анашундоқ мураккаб ҳолат “Аҳли сунна вал жамоа”  ақидаси ва фикрларини илмий асосда жамлаш ва тартибга солишни тақозо қилиб қолди. Бу ишни мусулмон оламининг машриқ томонида Абу Мансур ал-Мотуридий ас-Самарқандий (870-994) ва иккинчи томонида Абул Ҳасан ал-Ашъарийлар уддаладилар. Бу икки йирик олим мусулмон оламининг икки томонида бир-бирларини кўрмай яшаган бўлсалар ҳам бир хилда, бир йўналишда барча “Аҳли сунна вал жамоа” ни рози қиладиган илмий асарлар ёзишлари бу мазҳабнинг ҳақлиги далолатидир.

“Аҳли сунна вал жамоа” нинг ақидавий масалалари ўша икки олим шахсга нисбат берилиб, “Ашъария” ва “Мотуридия” деб номланадиган бўлди. Ислом оламининг машриқда жумладан Мовароуннаҳр, Хуросон ва шу ҳудудларга яқин жойларда “Мотуридия” йўналиши тарқалди. Бошқа Ислом юртларида эса “Ашъария” йўналиши тарқалди. “Аҳли сунна вал жамоа”  фақатгина ақида бобида эмас, балки бошқа соҳаларда ҳам ўзига хос мазҳабларни бирлаштиргандир. “Аҳли сунна вал жамоа” нинг фиқҳий мазҳаблари тўртта бўлиб, Ҳанафий, Ҳанбалий, Моликий ва Шофеъий мазҳабларидир. Ҳозирги кунда мусумонларнинг кенг оммаси “Аҳли сунна вал жамоа” га мансубдирлар.

  Аммо, минг афсуслар бўлсинки ҳозирги кунда Ислом динини асл моҳиятини тушунмай, “Аҳли сунна вал жамоа” талимотини тан олмай, ақидаси бузуқ бўлган турли хил фирқаларга қўшилиб юрган инсонлар ҳам кўпаймоқда.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: افْتَرَقَتِ الْيَهُودُ عَلَى إِحْدَى أَوْ ثِنْتَيْنِ وَسَبِعِينَ فِرْقَةً، وَتَفَرَّقَتِ النَّصَارَى عَلَى إِحْدَى أَوْ ثِنْتَيْنِ وَسَبْعِينَ فِرَقَةً، وَتَفَرَّقَتْ أُمَّتِي عَلَى ثَلَاثٍ وَسَبْعِينَ فِرْقَةً. زَادَ فِي رِوَايَةٍ: ثِنْتَانِ وَسَبْعُونَ فيِ النَّارِ وَوَاحِدَةٌ فِي الْجَنَّةِ وَهِيَ الْجَمَاعَةُ. رَوَى الثَّلَاثَةَ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:Яҳудийлар етмиш бир ёки етмиш икки фирқага бўлиндилар. Насоролар етмиш бир ёки етмиш икки фирқага бўлиндилар. Менинг умматим эса етмиш уч фирқага бўлинади, дедилар.

Бошқа бир ривоятда:

Етмиш иккитаси дўзахда, биттаси жаннатда. У – жамоатдир ибораси зиёда қилинган.

 Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек, бугунги кунда Ислом уммати ҳақиқатан кўплаб фирқаларга ажралиб кетди. Уларнинг ҳаммаси ўзларини ҳадисда башорат этилган нажот топувчи жамоа эканини даъво қилади. Ваҳҳобий – салафийлар, акромийлар, шиалар, ҳатто кечагина пайдо бўлган ҳизбут-таҳрирчилар ҳам биз тўғри йўлдамиз, деб таъкидлашади. Бу ҳизбут-тахрир фирқасининг бошчилари ва уларга эргашганларнинг нотўғри йўлда эканликларини буюк устозларимиз кўп бора исбот қилишган.

Ҳизбуттахрир фирқасига мансуб бўлганларнинг асосий мақсадларидан бири: “Хилофот” – яъни халифа сайлаб, бутун мусулмон уммати ўша халифанинг қўл остида жамланишини талаб қилишларидир. Улар бу даъволарига ҳужжат қилиб, Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо саллоллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадисларини келтиришади: 

من مات بغير امام فقد مات ميتة جاهلية

Маъноси: “Кимки имомсиз, яъни халифасиз ҳаётдан ўтса у жохилият замонида ўлганлардек ўлибди” деган ҳадисларидир. Ушбу ҳадиси шарифнинг кимларга нисбатан айтилганлигини билмасдан кўп фитналар қилиб, ҳатто ўзларининг йўлларига кирмаганларни куфрга ҳукм қиладилар.

Ваҳоланки, комил халифалик ҳазрати Али розияллоҳу анҳудан сўнг тамом бўлган. Ҳанафий маҳзабининг етук уламоларидан бири бўлган Ҳазрати шайх Аҳмад ал-Жуванфурий ўзларининг “Ат-тафсиротул Аҳмадия” номли мўътабар китобларида айтадилар:

و مما ينبغى ان يعلم أن الخلافة الكاملة قد تمت على على رضي الله عنه بمقتضى قوله عليه الصلاة والسلام الخلافة بعدى ثلاثون سنة ثم تصيرو ملكا عضوضا

Маъноси: “Билишлик лозим бўлган нарсалардан бири шуки, комил халифалик ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг хилофатларидан сўнг тамом бўлгандир. Бунинг асоси Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳукмларидурки, айтдилар: “Халифалик мендан кейин 30 йил давом этади, сўнгра подшоҳликка айланади”, дедилар.

Ҳақиқатда ҳам Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васалламдан кейинги тўрт халифаларнинг даврлари ўттиз йилгача давом этди. Маълум бўлдики, Расуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам тўрт хулафои рошидин неча йил ҳукм суришларини мўъжиза тариқасида аввалдан билиб, хабар бердилар ва ўша зотларни ҳақиқий халифалар деб атадилар ва кўп ҳадисларида уларга эргашмоқликка буюрдилар. 

Яна бир ҳадиси шарифдарида:

عليكم بسنتى و سنة الخلافاء الراشدين

Маъноси: “Ўзларингизга менинг суннатларимни ва тўғри йўлдаги халифаларнинг суннатларини лозим тутинглар”, деганлар. Ҳадисдаги тўғри йўлдаги халифалардан мурод чаҳорёрлардир.Чунки, барча уммат иттифоқи билан хулофои рошидий деб фақтгина мана шу тўрт халифага айтилади.

Аллоҳ таоло барчаларимизни ва фарзандларимизни тўғри йўлдан адаштирмасин.

Мифтоҳиддин домла Рожиддинов,

Андижон шаҳар бош имом-хатиби