Оилада бир кун жанжал бўлса, қирқ кун барака қочади, дер эдилар оталаримиз. Оилада тинчлик бўлмаса турмушнинг лаззати ҳам йўқолади. Оила аъзолари орасида парокандалик рўй беради.

Агар нотинчлик маҳаллада бўлса, бутун маҳалланинг ҳаловати йўқолади.

Нотинчлик, Худо кўрсатмасин, юртда бўлса бутун халқнинг тинчи йўқолади. Бизлар неъмат билан тўла эканимизда унинг қадрини яхши ангай олмаслигимиз мумкин. Лекин насиҳатлардан хулоса чиқарган ҳолда бор неъматнинг қадрини қилишга қўлимиздан келганича уринсак, иншооллоҳ, неъмат завол топмагай.

Оталаримиз дуо қилсалар доимо тинчлик-омонлик, хотиржамлик сўрар эдилар. Бу дуо ҳар куни такрорланар эди. Ҳолбуки тинчлик-омонлик ва хотиржамлик ҳақиқатан ҳам ҳар куни сўрашга арзигулик неъматдир. Бу неъматлар бардавом бўлар экан, ҳаётимиз осуда бўлади, ибодатларимизни ҳам хотиржам адо қиламиз.

Эл-юртда тинчлик ва осойишталик давом этса, мамлакат тараққиёти, фаровонлиги, юрт аҳлининг турмуши обод бўлади. Буларни акс эттирувчи муқаддас қадриятларимиз, миллий урф-одат ва расм-русумларимиз, динимиз бевосита хотиржамлик силсиласига узвий боғлиқдир.

Барчаларимиз  ҳозирги  пайтда  юрт  тақдирига  дахлдорлик  ҳисси  билан  яшаб,  ён-атрофимизда  бўлаётган  ҳодисалардан  огоҳ  бўлиб,  аҳоли  ўртасида  тинчлик  ва  барқарорликнинг  қадрига  етиш,  дунёнинг  турли  мамлакатларида  давом  этаётган  нотинчликлар  хусусида,  уларнинг  асл  сабабларини  янада  яхшироқ тушунмоқдамиз.

Албатта,  мамлакатимизда  рўй  бераётган  ривожланиш  ва  тараққиёт  юртимизда  ҳукм  сураётган  тинчлик  ва  хотиржамликнинг  эвазига  бўлаётганини,  тинчлик  эса  ўз-ўзидан,  осонликча  бўлмаслигини  унутмаслик  керак.

Кези  келганда  таъкидлаш  жоизки,  бу  ютуқлар  қандай  қўлга киритилгани,  халқимизга  хос  бўлган  сабр-бардош,  мамлакат  келажагига қатъий ишонч, ҳамжиҳат ва ҳамфикр бўлиб яшаш, тинчлик-тотувликни асраш, бағрикенг  бўлиш, ўзаро  меҳр-оқибат кўрсатиш  каби  улуғ  фазилатлар  ҳақида аҳолимизга,  хусусан,  ўсиб  келаётган  ёш  авлодга  сўзлаб  беришимиз  лозим.

Токи, бугунги мураккаб шароитда тинчликни асраш учун огоҳлик, сезгирлик, ҳушёрлик ҳар қачонгидан кўра муҳимлигини тўлиқ тушуниб етсинлар.

Юртимизда тинчлик-осойишталик барқарорлигини таъминлаш йўлида давлатимиз томонидан катта иш олиб борилаётгани бизнинг бахтимиздир. Шунга кўра, биз ҳам тинч, осойишта ва фаровон ҳаётнинг қадрига етиш, бу фаровонлик, осуда турмушимизнинг барқарорлигини таъминлашликда ўз ҳиссамизни қўшмоғимиз лозим. Бу орқали турмушимиз фаровонлигига эришамиз.

Ибн Аббос (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда айтилганидек, “Икки энг азиз неъмат бору, кўплар бунинг қадрига етишмайди, булар саломатлик ва тинчлик-хотиржамликдир” (Имом Бухорий ва Имом Термизий ривояти). Тинчлик қарор топган юртда хотиржамлик ҳукм суради, фарзандлар эмин-эркин камолга эришади, оқибатда, жамиятда ҳар томонлама юксалиш ва ривожланиш рўй беради.

Демак, дунёда ҳаётнинг бир маромда давом этиши, халқнинг Ҳақ таоло буюрган ишларини мукаммал ва хотиржам адо этишлари учун тинчлик ва осойишталик лозим.

Аслида,  атрофга  бир  назар  ташлайлик,  юртимизда  бўлаётган бунёдкорлик, ободончилик ва кундан-кунга гўзаллашиб бораётган гўшаларни кўриб,  кишининг  кўзи  қувонади,  дили  яйрайди,  Шуларни  ҳис  этарканмиз, муҳтарам  азизлар,  фарзандларимиз,  набираларимиз  бахти  учун  суюниб яшайлик,  уларнинг  ёшлик  йиллари  саодатли,  шукуҳли  замонга  тўғри келганини  уларга  англатайлик,  буларнинг  барчасига  шукр  қилиш  керак.

Ёшларимиз  ҳамманинг  ҳавасини  келтирадиган,  истеъдодли  бўлиб  вояга етишяпти.  Буларнинг  бари  тинчлик-осойишталик,  фаровон  ҳаёт  маҳсули  ёш авлоднинг  илмли  ва  билимли   бўлишлари  учун  яратилган  шарт-шароитларнинг  натижасидандир.  Шуларни  аввало  ўзимиз  тўлиқ  ҳис  қилиб, сўнгра фарзандларимизга тўғри тушунтирайлик.

Токи  улар  Худо  берган  бутун  куч-ғайратим,  ақл-заковатим  ва истеъдодим,  олган  билим-тарбиямни  мана  шу  юрт  учун,  ота-онамнинг  юзи учун, дину диёнатим, эл кори учун сарф қиламан, деб ғурур ва ифтихор билан яшашга  ўргансин,  гўзал  диёримиз  ривожига  ўз  ҳиссасини  қўшадиган  бўлиб, ўсиб-улғайсин.

(жума тезисларидан фойдаланилди)

Шаҳобиддин Парпиев. Асака туманидаги «Муҳаммадсолеҳ» жоме масжиди имом-хатиби