Тинчлик – улуғ неъмат

1218

Ислом, тинчлик ва раҳмат динидир. Бу ҳақиқатни фақат унинг адолати, бағрикенглиги, ҳукмлари ва далилларидан беҳабар инсонгина инкор этади. Аллоҳ таоло инсониятга жуда кўп неъматларни берган. Одам ўзидаги кўп нарсаларни қадрига етмайди, уларни неъмат эканини билмайди ҳам. Бу берилган неъматларга ношукрлик қилиш ўзидан, хонадонидан ва касб-коридан баракани кетишига сабаб бўлади. Аллоҳ таоло ўз каломида: “Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди–ю, ношукрлик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам)жуда қаттиқдир.” (Иброҳим, 7) дея огоҳлантиради. Мана шундай берилган неъматларнинг энг улуғидан бири – тинчликдир.

Бугун диёримиздаги тинч ва осуда ҳаёт, мусаффо осмон, тўкинлик ва фаровонликка оғир машаққатлар эвазига эришилганини сира унутмаслик керак. Дунё саҳнасида бўлаётган воқеаларга назар ташласангиз, у ерларда бўлаётган ваҳшийликлар ва бешафқат жангларни кўз олдингизга келтирсангиз, диёримиздаги осойишталик аҳамиятини янада чуқурроқ англайсиз.
Бугунги низо ва зиддиятлар инсониятнинг доимо огоҳ бўлишини тақозо этмоқда. Бу борада, айниқса, юртдошларимиз ғаламисларнинг найрангига учмасдан, хушёр бўлишимиз лозим. Зеро, Аллоҳ таоло мана шундай кимсаларнинг фитналаридан огоҳ бўлишга буюриб: “… Огоҳ бўлингки, албатта, улар айнан ёлғончилардир! … ” (Мужодала, 18) деб таъкидлайди. Демак, барчамиз ўзимизни мана шу юрт фарзандлари деб билар эканмиз, бу тинчликни сақлаш ва осойишталикни бардавом бўлиши учун бепарво, лоқайд бўлмаслигимиз зарур.
“Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида келтирган қуйидаги сўзлари айни маъноларни қўллаб қувватлайди: “Қаердаки бепарволик ва лоқайдлик ҳукм сурса, энг долзарб масалалар ўзибўларчиликка ташлаб қўйилса, ўша ерда маънавият энг ожиз ва заиф нуқтага айланади”.
Ислом аҳлининг шиори – тинчлик. Ҳатто мусулмонларнинг ўзаро саломлашувлари ҳам бир-бирларига тинчлик-омонлик тилашни ифодалайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким уйида хотиржам тонг орттирса, тани жони соғ ҳамда ҳузурида бир кунлик овқати бўлса, гўё унга дунё (бойлиги) берилибди” (Имом Термизий), дея бу дунёда тинчлик ва тани-сиҳатлик улуғ неъмат эканини таъкидлаганлар.

Шундай экан, яна бир бор қайта-қайта таъкидлашимиз керакки, дунё саҳнасида бўлаётган хунрезликлар бизнинг юртдан анча узоқ масофада бўлаётгани бизларни хотиржам қилмаслиги керак. Зеро, марҳум юртбошимиз таъкидлаганларидек, “Мамлакатимиздаги тинчлик ва осойишталикдан хотиржамликка берилиш, огоҳлик ва сезгирликни йўқотишга мутлақо ҳақимиз йўқ. Бу йўлда барчамиз, бутун халқимиз яняда жипс бўлиб, ҳамжиҳатликда ҳаракат қилишимиз зарур. Зеро, тинчлик учун курашиш керак, уни ҳеч ким яратиб бермайди.”

Аллоҳ таоло ўз каломида: “… Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилинг, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилманг! Аллоҳдан қўрқинг! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир.”(Моида, 2)
Аллоҳ таоло юртимиздаги тинчлик ва осудаликни қиёматга қадар давомли бўлишлигини насиб этсин.

Отабек Хусанов
Олтинку́л тумани

“Жалабек ота”

жоме масжиди имом-хатиби