Тарихга назар ташланса, ҳамма даврда ҳам давлатнинг ривожланиши, тараққий топиши жамиятнинг фаровон ва осойишта ҳаёт кечиришига боғлиқлиги аён бўлади. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳивасаллам ҳадисларининг бирида тинчлик-хотиржамлик- энг катта неъмат эканлигини таъкидлаб шундай деганлар:
“Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. У – хотиржамлик ва сиҳат-саломатликдир”. (Имом Бухорий ривоят қилган).
Демак, тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таъолонинг беҳисоб неъматларидан биридир. Қолаверса, барча эзгу ишлар рўёбга чиқишининг боиси ҳам осойишталикдир. Шундай экан, инсонлар нафақат мавжуд тинчликни қадрига етиб, шукрини адо этишлари, балки унга ношукурлик қилиб путур етказишдан ҳам сақланишлари лозим.
Демак, дунёда ҳаётнинг бир маромда давом этиши, халқнинг Аллоҳ таъоло буюрган ишларини мукаммал ва хотиржам адо этишлари учун ҳам тинчлик ва осойишталик лозим. Аллоҳ таъоло Қуръони каримда ана шу тинчликни сақлаш ва қадрлаш вазифасини инсон зиммасига юклаб, Ислом дини тинчликка тарғиб қилишини, шайтоний йўлларга эргашмаслик лозимлигини таъкидлаб, шундай дейди:
“Эй, иймон келтирганлар! Ёппасига тинчлик ишига киришингиз!…! (Бақара сураси, 208-оят). Дарҳақиқат, тинчлик мавзуси ўта муҳим бўлганлиги боис ҳам Қуръони карим оятларидан ўрин олган.
Тинчлик ва хотиржамлик инсоният учун ҳар бир замонда сув ва ҳаводек зарурдир. Ислом тарихини ўқир эканмиз, бу берилган неъматларнинг қадрига етишда ва уни асрашда бизга Пайғамбарларнинг отаси – Иброҳим алайҳиссалом – бу борада башариятга ўрнак бўлганликларига гувоҳ бўламиз. Қуйидаги ояти каримада Иброҳим алайҳиссаломнинг Ватанлари бўлган Макка шаҳри ҳаққига қилган дуолари биз ўрганаётган мавзунинг айнан тасдиғидир.
“Эслaнг: Ибрoҳим: “Эй, Рaббим, бу (Мaккa)ни тинчлик шaҳри қилгин вa унинг aҳoлисидан, Aллoҳга вa oxирaт кунигa ишoнувчилaргa (турли) мeвaлaрдaн ризқ қилиб бeргин” (Бақара;126). Ояти каримадан келиб чиқиб, бизлар ҳам яшаб турган ватанимиз тинчлигини, халқимиз фаровонлигини сўраб доимо дуода бўлишлигимиз ҳам лозим бўлади.
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом саҳобалар билан суҳбатлашиб ўтирганларида, саҳобалардан бирлари: “Ё, Расулуллоҳ, биз Аллоҳ таъолодан дуо қилиб сўраганимизда кўпроқ нимани сўрайлик,”- деганларида, Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Аллоҳ таъолодан офият (тинчлик, хотиржамлик)ни сўранглар,”- деб марҳамат қилганлар. Пайғамбар алайҳиссаломнинг бу сўзлари ҳам инсоният учун бу неъматлар нечоғлик муҳим эканлигига далолат қилади.
Инсон ким бўлишидан қатъий назар, ўзи яшаб турган Ватани, унинг зилол сувлари, ҳавоси, ноз-неъматлари ва бошқа барча шароитларига шукур қилиб, уни зиёда бўлишини сўраб дуо қилиши – инсонийлик бурчи.
Шунинг учун ҳам биз юртимиздаги ҳукм сураётган тинчлик ва хотиржамликни сақлашлигимиз, уни турли хил ғаразли хуруж ва ҳамлалардан, фитна ва бўҳтонлардан ҳимоя қилишлигимиз, ўсиб келаётган ёш авлодимизни ҳам улардан бохабар қилиб, ислом динини тинчлик ва хотиржамлик, бағрикенглик дини эканлигини тушунтириб бормоқлигимиз лозим бўлади. Шунингдек, муқаддас динимизни ниқоб қилиб, ўзларининг ғаразли мақсадларига эришишга уринаётган фирқа ва оқимларга қарши доимо сергак ва ҳушёр туришлигимиз ҳам лозимдир.
Юқорида таъкидлаб ўтганимиз каби, инсон учун тинчлик ва хотиржамликни асраб авайлаш-динимизнинг ва давримизнинг талабидир.
Жаҳонда рўй бериб турган нотинчликлардан ғафлатда қолишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ! Мамлакатларни, жамиятни, оилаларни, инсониятни ҳалокат ва фалокатга учратадиган энг ёмон мусибатлардан бири – бу бепарволик, ғафлат, лоқайдлик ва шунга оид ёмон ҳислатлардир. Бу инсонларга кўринмайдиган иллатлардан сақланиш барча-барчамизга мухим ва лозимдир.
Хулоса қиладиган бўлсак, бу неъматнинг шукрини адо этиш – барчанинг зиммасига фарздир. Ёши улуғ нуроний отахон ва онахонларимиз ушбу икки улуғ неъматнинг бардавомлигини сўраб дуо қилишлари, ёшлар эса ўз соҳалари бўйича ватани йўлида ҳалол меҳнат қилишликлари билан бу неъматнинг шукрини адо этган бўладилар.
Аллоҳ таъоло Юртимиз тинчлиги ва халқимиз фаровонлигини бардавом қилсин.
Абдуҳалим домла Ҳамроқулов,
Андижон шаҳар “Ат-Термизий”
жоме масжиди имом-хатиби