Тил миллатимиз фахри

1087

“Давлат тили ҳақида”ги Қонуннинг қабул қилиниши Ўзбекистоннинг мустақиллик сари қўйилган энг муҳим қадамларидан бири бўлди. Мазкур Қонун осонлик билан қабул қилинмаганини яхши тушунамиз. Чунки, собиқ Иттифоқ хукмронлик қилган ўша пайтда бу ҳақда ўйлашнинг ўзи мушкул эди.

Тил-миллат кўзгуси дейдилар. Дарҳақиқат, унда миллатнинг узоқ ўтмишидан тортиб, то бугунги кунгача бўлган даври, маданияти, маънавияти мужассам. Тил одамнинг онглилик даражасини белгиловчи омил ҳам саналади. Қолаверса у миллатни дунёга танитадиган маънавий асос, унинг муҳим белгиси, узвий ва ажралмас бир бўлагидир. Тиллар-инсониятнинг умумий бойлиги. Инсоннинг тилини билмасдан туриб, у билан фикрлашиш имконсиз. Бошқа бир халқнинг маданиятини англаш учун ҳам ўша халқ тилини билиш талаб этилади. Халқимиз буни лўндагина қилиб: “Тил билган эл билади” деб таърифлайди.

Ўзбек тили дунёдаги қадимий ва бой тиллардан биридир. Унинг софлигига, пурмаънолигига, таъсирчанлигига, гўзаллигига, бойлигига ўз ҳиссамизни қўшишимиз зарур. Халқимизнинг ўз тилига, элига бўлган чексиз муҳаббати, ижодкорлик қудрати тил масалаларига миллийлик нуқтаи назари билан ёндашишда намоён бўлади. Ҳазрати Навоийнинг “Тилга ихтиёрсиз-элга эътиборсиз” деган ҳикмати неча аср ўтса ҳам ўзининг маъно-моҳиятини йўқотгани йўқ. Аксинча, тарихий жараёнлар бу ҳикматнинг нақадар ҳаққонийлигини исботлаб келмоқда.

Миллийлигимизнинг асоси бўлган она тилимизга “Давлат тили” мақоми берилиши мамлакатимиз, юртдошларимиз ҳаётидаги  унитилмас тарихий воқеага айланди. Айни пайтда, бу қонун тилимизнинг ижтимоий мавқеини  янада мустаҳкамлаш, уни юксалтириш учун ҳам беқиёс имкониятлар яратди.

Дунё тилларининг фақат икки юзтасигина давлат тили мақомига эришган бўлиб, улар орасида ўзбек тили ҳам бор. Бу эса, ҳар биримизнинг қалбимизда фахр-ифтихор туйғуларини уйғотиб, тилимиз софлигини сақлашда зиммамизга масъулиятлар ҳам юклайди. Она тилимизни асраб-авайлаш, уни эъзозлаш ҳар биримизнинг бурчимиз ҳисобланади. Бинобарин, миллатимизнинг бебаҳо бойлиги, хурлигимиз тимсолларидан бири бўлган давлат тилини бузиб қўллашга, тилимиздаги иборалар маъносини англатмасдан ишлатишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Тил миллатимиз фахри, жамиятимиз кўзгуси ҳисобланади. Айни чоғда қалбимиз ойнаси ҳамдир. Бир қарашда бу борадаги саъй-ҳаракатларимиз ўз самарасини кўрамиз. Бироқ, шу билан бирга кўнгилни бироз хижил қиладиган ҳолатлар ҳам йўқ эмас. Ҳатто ўзбек тилидаги сўзларни ҳам она тилимиз қонун-қоидаларига риоя қилмаган ҳолда битиб қўйишлар ва баъзи дўконлар, маиший хизмат кўрсатиш шоҳобчаларига рус ва инглиз тилида баъзи битиклар  битилгани одамни ранжитади. Биринчи синфдан бошлаб, адабий тилда ўқиш, ёзишларига қарамай, баъзи ёшлар тилимизнинг бир-биридан ёқимли сўзларини бузиб сўзлайдилар. Ўринли-ўринсиз ҳолларда хорижий сўзларни аралаштириб гапирадилар. Чиройли тарзда, адабий тил қонун-қоидаларига амал қилган ҳолда гаплашиш қанчалар яхши. Қолаверса, бу ёш авлод тарбияси, миллий қадриятлар давомийлиги билан боғлиқ муҳим масала саналади. Она тилимиз софлигини сақлаш ва ҳимоя қилиш бевосита ўз қўлимизда. Бунинг учун кўп ўқиб-ўрганишимиз, ўз тилимизни ҳурматлашимиз зарур. Ана шундагина биз ўзлигимизни сақлаб қоламиз, тилимиз ривожига ҳисса қўшган бўламиз.  Зеро, тил бор экан, миллат барҳаёт. Тил бор экан, юртнинг истиқболи нурли ва чароғон бўлади.

Олтинкўл туман бош имом-хатиби:             М.Тўрақулов