Террорнинг кирдикорлари

655

Юрт узра бузғунчилик қилиш, тинч аҳолининг оромини бузиш ва ноҳақ қон тўкиш муқаддас динимиз таълмотларида улкан гуноҳлардан ҳисобланади. Кимки бирор инсоннинг қонини ноҳақ тўкса, гўё бутун инсонларни қатл қилган кабидир. Бу тўғрида Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло огоҳлантиради:

مِنْ أَجْلِ ذَلِكَ كَتَبْنَا عَلَى بَنِي إِسْرَائِيلَ أَنَّهُ مَن قَتَلَ نَفْساً بِغَيْرِ نَفْسٍ أَوْ فَسَادٍ فِي الأَرْضِ فَكَأَنَّمَا قَتَلَ النَّاسَ جَمِيعاً وَمَنْ أَحْيَاهَا فَكَأَنَّمَا أَحْيَا النَّاسَ جَمِيعاً وَلَقَدْ جَاءتْهُمْ رُسُلُنَا بِالبَيِّنَاتِ ثُمَّ إِنَّ كَثِيراً مِّنْهُم بَعْدَ ذَلِكَ فِي الأَرْضِ لَمُسْرِفُونَ

Яъни: Шунинг учун ҳам Бани Исроилга: «Ким бир жонни ноҳақдан ёки ер юзида фасод қилмаса ҳам ўлдирса, худди ҳамма одамларни ўлдирган бўлади. Ким уни тирилтирса, худди ҳамма одамларни тирилтиргандек бўлади», деб ёздик. Батаҳқиқ, уларга Пайғамбарларимиз баёнотлар олиб келдилар. Сўнгра, бундан кейин ҳам, улардан кўплари ер юзида исроф қилгувчилардан бўлдилар. (Моида. 32)

Ҳадиси шарифда келганидек, бир мўминни ўлдириш дунёнинг заволидан ҳам оғирроқдир:

لزوالُ الدنيا أهونُ على اللهِ مِنْ قتلِ رجلٍ مسلمٍ

“Бир мусулмон кишининг қатли Аллоҳнинг ғузурида дунёнинг завол топиши енгилроқдир”. (Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳудан Термизий ривояти)

Жамоатчиликнинг муҳим муаммоларидан бири бўлиб тўрган террор минглаб бегуноҳ кишиларнинг  ёстиқлари қуришига сабаб бўлмоқда. Терроризмнинг кирдикорлари бугунги кунда кўпчиликка маълум бўлиб қолди. шундай бўлса-да, ҳамон кимлардир унинг тузоқларига илиниб қолиши давом этмоқда. Шунинг учун бу тўғрида кўплаб эслатма қилиб туришга эҳтиёж сезилмоқда.

Мустақилликка эришганидан сўнг ижтимоий адолат, хавфсизлик, ижтимоий муҳофаза, миллати, дини ва эътиқодидан қатъий назар, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини, қонуннинг устуворлигини таъминлашга қаратилган зарур чора-тадбирлар кўрилди. Жамиятдаги соғлом ижтимоий-сиёсий муҳитни бузадиган, одамлар фикрини чалғитадиган нохуш ҳолатларга барҳам берилди. Мамлакат ва халқ манфаатлари йўлида бирлашиш, ҳамжиҳат бўлиш, барча имкониятлардан эҳтиросларга берилмай, ақл-идрок билан фойдаланиш йўли тутилди.

Ўзларини ислом динининг «ҳимоячилари» деб кўрсатишга уринаётган террористларнинг асл нияти чинакам исломий қадриятларни тиклаш эмас, балки ҳокимиятни қўлга киритиш, Марказий Осиёдаги мамлакатларни ўзлари танлаган йўлдан қайтариш ва бутун минтақада ўз ҳукмронлигини ўрнатишдир.

Уларнинг асосий ғоялардан бири «Халифалик давлатини тузиш» ғоясидир. «Халифа» сўзининг луғавий маъноси – «ўринбосар», терминологик маъноси «мусулмон жамоаси ва мусулмон давлатининг диний ҳамда дунёвий бошлиғи» деб талқин этилади. Халифалик давлати мутлақ монархия типидаги давлат бўлиб, давлатни халифа бошқаради. Халифалик давлатининг бошқарув тизими ислом-шариат қонунлари билан белгиланади.

«Ҳизбут-таҳрир» даъво қилган халифалик давлати эса «Ислом Низоми» номли китобида баён қилинган қонунларга асосан бошқарилади. Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ушбу Ҳадиси шарифда аниқ айтилган:

«Халифалик мендан сўнг, умматим ичида 30 йилдир, ундан кейин подшоҳлик бўлади».

Ҳозирда «Ҳизбут-таҳрир» тарафдорлари минглаб бегуноҳ кишиларнинг ноҳақ қони тўкилса-да, халифалик барпо этилишини мажбурий, деб даъват этмоқдалар. Фарзандларимизни уларнинг фитналаридан доимо огоҳлантириб боришимиз лозим.

Шаҳобиддин Парпиев

Асака туман бош имом хатиби