Аллоҳ таоло инсонни фақат Ўзигагина ибодат қилиш учун яратган.Бу ҳақида Қуръони каримнинг “Зарият” сурасининг 56-оятидада: «Жинларни ва инсонларни фақатгина Менга ибодат қилишлари учунгина яратдим». Биз Аллоҳ таолога ибодат қилишда турли айбу-нуқсонларга йўл қўямиз.Ўзимиз истамаган ҳолда турли каттаю-кичик гуноҳлар содир этамиз.
Балки, мана шу гуноҳлар сабабли ибодатмиз тўла-тўкис эмасдир? Гуноҳларимиз учун тавба қилдикми? Хўш, тавбанинг асл моҳияти нима? Гуноҳ нима, балки биз арзимас санайдиган гуноҳлар, камчиликлар туфайли Аллоҳ Таолодан узоқлашиб кетаётгандирмиз? Ҳа, тўғри, барча инсон хато қилади камчиликларга йўл қўяди.
Албатта, чин дилдан қилган гуноҳига тавба қилса, Аллоҳ таоло уларни кечиради. Бу ҳақида “Шўро” сурасининг 25-оятида шундай марҳамат қилинади:” У бандаларидан тавба-тазарруни қабул қиладиган, ёмонликларни авф этадиган ва қиладиган ишларингизни биладиган Зотдир”. Тавба қилишни кечиктирмаслик керак.Лекин, тавба-қилган ишидан афсусланиб, унга ҳеч қачон қайтмайдиган чин тавба бўлиши керак.
Чунки, надомат ўти қалбни қанча кўп ёритса, иймон нури шунча яхши самара беради.Қилган гуноҳидан надомат чекиб, унга бошқа яқинлашмайди.Саҳл ибн Туставий : “Тавба мазмума (ярамас) ҳаракатларни маҳмуда (мақтовли) ҳаракатларга ўзгартиришдир. Бу иш фақат сукут ва ҳалол ейиш билан комил суратда амалга ошади” , деганлар.Қалб аслида салим яратилиши, ҳар бир чақалоқ исломий фитратда туғилиши, кейинчалик гуноҳлар ғубори ва зулмати қалб саломатлигини емириши маълум.
Тун шарпаси Қуёш ёғдусига дош беролмагандек, маъсиятлар зулмати савоб амаллар нурига тоқат қила олмайди.Ҳар қандай тоза либос ёқимли бўлганидек, қалб ҳам покиза бўлсагина мақбулдир. Тозалаш ва поклаш бизнинг зиммамизда, қабул эса Аллоҳ таолонинг ҳузурида бериладиган неъматдир. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу шундай деганлар : ” Кимки гуноҳни эслаб алам чекса, кейин қалбида бундан қўрқув ҳосил бўлса, унинг бу гуноҳи Уммул Китобдан ўчирилади “.
Мусо ( алайҳиссалом ) Хизр дан сўрадилар: ” Қайси ишингиз туфайли Аллоҳ таоло сизга ғайб илмини ўргатди?” ,- Улар: ” Аллоҳ таолони деб гуноҳларни тарк этганим учун, – дея жавоб бердилар. Баъзида турли сабабларга кўра кичик гуноҳлар катта гуноҳларга айланиб қолади. Гуноҳдан тийилмаслик, гуноҳ қилишда давом этиш каби сабаблар туфайлидир. ” Гуноҳ кичик бўлса ҳам ундан қайтилмас экан, у кичик ҳисобланмайди, Гуноҳ бўлса ҳам, истиғфор бор экан, у гуноҳ катта ҳисобланмайди “. Кичик гуноҳни доимий қилиб юрган кишидан кўра, катта гуноҳни қилиб, дарҳол ундан тавба қилган инсон афзалдир.
Масалан, сув томчилари давомий равишда битта тошнинг устига томчилаб тушса, тошда изи қолади. Агар ўша миқдордаги сувни тош устига бирданига тўкилса, унда изи қолмайди.
Гуноҳларнинг келиб чиқиши 4 сифатга бориб тақалади:
– Рубубийлик сифатлар; (кибр, фахр, беҳожатликни яхши кўриш)
– Шайтонийлик сифатлар; (ҳасад, зулм, ҳийла, ёлғон)
– Ҳайвонийлик сифатлар; (очкўзлик, қизғанчиқлик, зино)
– Ёввойилик сифатлар; ( ғазаб, нафрат, мол-мулкни зое қилиш)
Бу сифатлар инсон фитратида аста-секин ҳаракатланиб, бири иккинчисига йўл очади.Сўнг гуноҳлар аъзоларга ёйилади.Куфр, бидъат, нифоқ каби сифатлар қалбда қарор топади.
Гуноҳлар икки қисмга ажралади: банда ва Аллоҳ таоло ўртасидаги гуноҳлар ва бандаларнинг ҳаққига тааллуқли гуноҳлар. Бундан ташқари, гуноҳлар кичик ва катта бўлади. Гуноҳнинг сағира ёки кабира эканлиги ҳақида турли фикрлар бор. Олимлар:”Қасддан қилинган ҳар бир гуноҳ гуноҳи кабирадир.
Аллоҳ таоло қайтарган ҳар бир нарса кабирадир”. Лекин биз бандалар гуноҳ қилмаслигимизнинг иложи йўқ. Хўш, Аллоҳ таоло бизни кечирадими? Алло таоло “Нисо” сурасининг 31-оятида: ” Агар сизлар манъ этилган гуноҳларнинг катталаридан сақлансанглар, қилган кичик гуноҳларингизни ўчирурмиз”. Лекин бунинг учун кишида албатта гуноҳдан сақланишга қудрат ва ирода бўлиши шарт. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам : ” Банда гуноҳ қилади, кейин шу гуноҳи туфайли жаннатга киради ” ,- дедилар. Бу қандай бўлади эй Росуллоҳ? дейишди. У Зот : ” Содир этган гуноҳи доимо ўзининг кўз ўнгида туради.Гуноҳдан тавба қилади, ундан қочади, ҳатто жан
натга киради “,- дедилар.
(Ибн Муборак ривояти) Демак, барча гуноҳлардан ҳалос бўлиш йўли тавба экан. Дарҳақиқат, ўтган хатодан пушаймон бўлиб, ғамга ботиш-мусулмон учун вожибдир.Бу ҳол-тавбанинг руҳи, у билан ўнгланиш камолига етади. Тавба шундай оғриқки, у бекор ўтаётган умрни ҳис қилиш, Аллоҳ таолонинг ғазаби остида зое бўлаётган бебаҳо неъмат-ўтган ва ўтаётган кунларни ўйлаб, кўз ёш тўкишдир.Тавба қилувчилар 4 табақага бўлинадилар:
1-табақа: Гуноҳдан тавба қилиб, умрининг охиргача тавбасида мустаҳкам турадиганлардир.Шу йўл билан хатоларини ўнглаб, қайта уларни қилмасликка нафсини иқрор этади. Бу ҳотиржам ( мутмаинна ) нафсдир;
2-табақа: Тавба қилувчи ибодатнинг асосларини маҳкам ушлаб, тавбада мустақим туради, катта гуноҳларни тарк этади.Албатта, у гуноҳлардан батамом холи эмас, гоҳида ўзи билмаган ҳолда, гуноҳларга мубтало бўлади.Аммо гуноҳ қилган заҳоти нафсини маломат қилади. Бу маломат
( лаввома ) қилувчи нафсдир;
3-табақа: Тавба қилади, бирон муддат тавбасига содиқ қолади.Кейин шаҳватлар ғолиб келиб, баъзи гуноҳларни содир этади.Лекин шу билан бирга у тоатларга берилади, қилишга қодир бўла туриб баъзи гуноҳларни тарк этади.Лекин тавбани ортга суриб, уни кечиктиради. Бу тиланувчи
( мусаввила ) нафсдир;
4-табақа: Тавба қилади, бироз муддатдан сўнг яна гуноҳга шўнғийди.Қилмишларига афсус чекмайди, тавба ҳақида ўйламайди.Ўз бўлиш гуноҳларида қаттиқ туради. Бу ёмонликка буюрувчи ( аммароту бис-суъи ) нафсдир. Қачон катта-кичик гунохларни қилсак тавба қилайлик. Тавба бўлмаса агар бандага қийин бўларди. Туркий устозларни бир гапи бор” Тавба ўт гуноҳ ўтин, ўтга ўтин тушса қоларми бутун” яъни гунохидан кимки тавба қилса албатта кечирилади. Бу каронавирус ВАБОсидан НАЖОТ, ОМОНЛИК беради иншааллох..
А. Ибайдуллаев
Олтинкӯл туман
“УЙШИН”
жомеъ масжиди имом-хатиби