Тасаввуф нима?

1092

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим

Тасаввуф нима?

1-Қисм. (Муқаддима)

“Ва сизга Исломни дин деб рози бўлдим”

“Моида”  сураси  3-оят

Бизларга динимизни мукаммал қилиб берган, неъматларини батамом этган, Исломни дин этишимизга ўз розилигини каломи орқали эълон  қилган Аллоҳ таолога беҳисоб ҳамду-санолар бўлсин! Гўзал ҳулқларни камолига етказишлик учун юборилган, шариъати Исломия арконларини равшан баён этган, икки олам сарвари, фаҳри коинот, қалбларимиз табиби, Аллоҳни ҳабиби ҳазрати Росулимиз Мухаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламга беадад ва бениҳоя салоту-саломлар бўлсин!

Тасаввуф ва унинг таълимотларини ўрганишга киришишликдан олдин  аввало “Дин” ва “Ислом” атамаларининг луғавий ва истелоҳий тушунча, мазмун ва моҳиятлари ҳақида тўхталиб ўтиш  мақсадга  мувофиқ бўлади. Араб тили изоҳли луғати ҳақида ёзилган  китоблар ичида энг машҳурларидан бири бўлган  “Мунжид” китобида  “Дин”  сўзига:  “Аллоҳга ибодат қилинадиган хукм ва йўлни номи диндур” деб таъриф берилган. “Тафсири Ҳилол” китобида эса “Дин сўзи араб тилида ҳисоб, жазо, мукофот маъноларини беришлиги” айтилади. “Ислом энциклопедияси” китоби (70-бет) да  “Дин”- араб тилида-мулк, ҳукм, ҳисоб, жазо, тадбир, бўйсиниш, итоат қилиш, ибодат, парҳез, йўл тутиш, одат қилиш, эътиқод қилиш ва бундан бошқа бир неча маъноларда келиши айтилади. Тадқиқотларга кўра, “Дин” сўзи Қуръони каримда юздан ортиқ ўринларда турли маъноларда келган экан. Шунингдек, “Дин” атамаси қўлланилганда Аллоҳ таъоло билан бандалар орасида бўлиши керак алоқаларнинг тўплами  ҳам тушунилади. Баъзи манбаларда: “Дин” бу “Соғлом ақл эгаларини уларнинг ўз ихтиёрларига биноан, бу дунёда салоҳиятга, охиратда эса, нажотга элитувчи илоҳий кўрсатмалардир” деб таърифлаганлар. Жумладан, бизнинг диёрларда аввалдан дастлабки дарслик сифатида рисола ва қўлланма китоблари кўп ўқилган Аҳмад Ходий Низомиддин ўғли  Мақсудий (1868-1941й.й) р.а.нинг  “Ибодати Исломия” китобида: “Дин ва шарият нима?” деган саволга,  “Аллоҳ таолонинг бандаларга юборган ҳукмлари тўплами” деб жавоб берилган ҳамда бу шаръий ҳукмлар яъни, “Дин” ни инсониятга юборилишининг бош ва асосий мақсади ва ҳикмати  “Бандаларнинг дунё ва охират рохатларига, саодатига етишликлари” эканлиги айтилади. Имом Тафтазоний р.а: “Дин-бу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан собит бўлган махсус йўлдир. Динни, яъни шу махсус йўлни, турли эътиборлар билан дин, миллат, шаръ, шариъат деб номланади” деганлар. Инсониятга юборилган илоҳий динларнинг энг аввалгиси ҳам энг сўнггиси ҳам шаксиз бу Ислом динидир. Аллоҳ таъоло башариятга барча даврларда фақатгина бир дин юборган. Бу хусусида Қуръони каримнинг “Оли Имрон” сураси 19-оятида “Албатта, Аллоҳнинг ҳузуридаги дин Исломдир” деб марҳамат этилган.

 

Вилоят бош имом-хатиби ўринбосари

Мухаммадисоқ Мўминов