Борлиқни яратган Қодиру Зулжалол шу борлиқни ҳалифаси этиб инсонни ҳам яратди. Яратган бандаларини икки оламда баҳтли-саодатли бўлиши учун ҳам таълим берди. Уларга муаллим Зотларни~ Пайғамбарлар юборди. Инсон қачон ўша муқаддас илоҳий ва набавий кўрсатмаларга амал қилса, нажот топди. Йўлдан тойиб чегарадан чиқса адашди. Демак, банда доим ва доим тарбияга, насиҳатга муҳтож. Шундай экан, инсон оилада фарзандлар тарбиясига ҳам маъсул ва жавобгар. Бизлар Пайғамбар алайҳимуссаломлар суннати ўлароқ фарзандларимизга муаллим ва тарбиячимиз. Ким ўз фарзандини одоб аҳлоқини гўзал қилса, илм олишида ёрдамчи ва кўмакчи бўлса улкан савобга эга бўлади, ҳам жамият ривожига, ислоҳотлар одимига ҳисса қўшади. Ким фарзанд тарбиясига эътиборсиз бўлса у фарзанд ноқобил бўлиб ўсса, Аллоҳ олдида ҳам жамияти олдида юзи қаро бўлади. Шундай экан, бизнинг эртанги фаровон ҳаётимиз учун фарзанд тарбияси жуда муҳим. Улар хар томонлама камол топмоқлари, илмда пешқадам ва оқил бўлмоқлари жамиятнинг, ҳам динимизнинг талабидир. Бугун эккан кўчатимизнинг эртага мева бермоғи бугун биз ота-оналарга боғлиқ. Улар зукко, илмга ташна бўлмоқлари учун ёшлигидан тарбиясини гўзал қилмоғимиз зарур. Ёш авлод ватан посбонларидир. Уларни ватанпарварлик руҳида тарбияламоқ зарур. Ўзини, оиласини, ватанини ҳимоя қила олсин.
Муқаддас динимизда ёшликдан илм олишга буюрилиб, биринчи Қуръон оятлари “Ўқи!” амри ила нозил бўлган. Ёшликда олинган илм тошга ёзилган нақш каби мухрланиб қолишини биласиз. Ҳадиси шарифда: “яхши ҳулқ эгасини жаннатга олиб киради”, дейилади. “Унванул баён” китобида: “Одобни касб қил, насабни касб қилган бўласан ва яна нафсни одоби дарсни одобидан яхшироқ”, дейилган. Яна шариатимизда жисмоний тарбияга тарғиб қилинади. Пайғамбаримиз алайҳис салом фарзандларимизга отда юришни, сувда сузишни, камон отишни ўргатмоғимизни ва дунё ва дин илмларини олишларида доим эътиборли бўлишни тайинлаганлар. Қизларга ўзларига ҳос ҳунарлар, чеварчилик, пазандачилик каби ҳунарларга ҳамда илм соҳибаси бўлишларига маъсулмиз. Ўғил болаларга ўзларига муносиб ҳунар ҳам ўргатиз зарур. Бўш вақтларини асло зое бўлишига йўл қўймаслигимиз керак. Улар ҳам жисмонан ва руҳан баркамол бўлмоқлари зарур. Оилани, ватанни ҳимоя қила оладиган, илми ила юртини шанини кўтарадиган зукко фарзандлар бўлмоғи даркор. Бугунги кунга келиб биз ота-оналар уларнинг тарбиясига қанчалик эътибор қаратмоқдамиз? Ёшлар орасида жиноятчилик ошса бизлар жавобгар эмасмизми? Нега уларнинг юриш-туриши, ўқиши, кимлар билан қаерларда юришига эътиборсиз бўлиб қолдик? Ота-она ва муаллимлар ва кенг жамоатчилик бугун биргаликда келажагимиз, ёшларни тарбиясига ниҳоятда эътиборли бўлмас эканмиз, режалаган истиқболга етмоғимиз қийин кечади. Уларнинг маърифати борасида бугун чуқур ўйламоқ даркор. Уларнинг ёт ғоя ва бузуқ оқимларга қўшилиб, эргашиб қолишига маърифатларидаги нуқсонлари сабаб эмасми? Бизлар бугун улардаги руҳий бўшлиқни соғлом эътиқод ва руҳий тарбия билан тўлдирмоғимиз керак. Аллоҳ сақласин, эртага фарзанддаги бузуқ аъқида бизни мусибатимизга айланиши мумкин. Фарзандларимиз~ёшлар бизнинг кўзу-қорачиқларимиз-ку, асло уларнинг тарбиясига бефарқ бўлманг! Фарзанд тарбияси муҳим маъсулият. Агар бизлар уларни илмли ва ҳулқи-одобини гўзал қилиб жамиятга қўшар эканмиз катта ажрларга эга бўламиз. Илмсиз одобга, одобсиз эса илмга эриша олмайди. Шариатнинг талаби ҳам одам хар жиҳатдан етук шаклланган ва тарбия топган жамият қуришдир. Шундагина ҳам дунёимиз ҳам охиратимиз обод бўлажак, иншааллоҳ.
Аллоҳ таоло фарзандларимизни аҳли фазллардан қилсин. Адашган фарзандларга ҳидоят ва яхшилик ато айласин. Хар бир ўғил-қиз, фарзандларимизни илмга муҳаббатли, жамияти олдида, ота-оналари олдида юзларини ёруғ қилсин, шунда иншааллоҳ охиратда барчамизнинг юзимиз ёруғ бўлғуси.
Абдурахмон домла Артиқов,
Андижон шаҳар “Уйғур”
жоме масжиди имом ҳатиби.