ТАҚВО-АХЛОҚ, ОДОБНИНГ АСОСИДИР

975

Суннийликдан тўртта мазҳабнинг биринчиси ҳанафия мазҳабидир. Ундан кейигилари моликия, ханбалия ва шофеъия. Манашу тўрт мазҳабга риоя этувчилар ахли сунна вал жамоа деб юритилади. Барча мусулмонларнинг 80 фоиз қисми ҳанафия мазҳабидадир. Имоми Аъзам масҳабига иқтидо қилувчилар, сўфийлик ва тақводорликда номи улуғ бўлган сиймоларни етиштирган. Тақводор одам тўғри сўз, киши хақига хиёнат қилмовчи, одамларга ҳидоят йўлини кўрсатувчи шахсдир. Аллохдан қўрқишлик, Аллоҳга таваккул қилиш тақвонинг мухим шартларидандир.
Бироқ, тақво ахли ўзи билганларини бошқага ўргатмаса, кибр – ҳавога берилса, ўзини бошқалардан устун қўйса у риёкорликка қадам қўяди. Риё деб сохталик, хўжакўрсинлик, сўзи бошқаю дили ва амали бошқа одамларга айтилади. Маълумки Абу Ханифа Нўъмон ибн Собит тўрт минг тобеинларга илм ўргатган ва 800 кишига устозлик қилган, уларнинг барчалари уламои замон бўлишган. Салжуқий султонлар хукмронлиги даврида Кичик Осиёнинг Кунё шахрида яшаган Жалолиддин Румий – Балхий хазратлари пирлик мақомида кўплаб муридлари ва мухлисларга хидоят йўлини кўрсатган. У ўзига келтирилган эхсон ва совғаларини олмас, ҳаммасини кам харж оилаларга тарқатиб юборган. Ўзи эса кунига икки марта оддий таом истимол қилган. Тақводарлик бобида Хожа Ахрор Тошкандий эса валий рутбасига эришган. Бундай сиймолар номларини яна кўплаб келтириш мумкин.
Бугунги кунда хам тақводор одамлар, ғусул, тахорат, ибодат амалларини ихлос билан бажарувчилар кўп. Бироқ бу амалларни писанда, рўкач, намойиш, бировларга тақводорлигини кўрсатиб қўйиш учун бажарувчилар хам йўқ эмас.
Тақво ва тақводорлар хақида кўп гапирамизу, аммо кўпларимиз бу сўзларнинг маноси хақида атрофлича ўйлаб кўрмаймиз. “Тақво” сўзи луғатда “сақланиш, эхтиёт бўлиш, қўрқиш, зарарли, қабохат ва карохиятли нарсалардан четланиш” маноларини билдиради. Истилохда Аллоҳнинг уқубати ва аъзобларидан сақланиш учун унинг буйруқларини бажариш, қайтариқларидан четланиш “Тақво” дейилади. Тақво Аллоҳ таолодан қўрқиш, харом ва шубхали нарсалардан тийилишдир. Бундай хислат сохиби тақводор (муттақий) саналади. Тақводор киши ишончли саналади, ундан хеч ким зиён кўрмайди.
Исломда барча инсонлар бири – бири билан тенгдир, улар фақат тақволари билан ажралиб туришади. Тақво қилмаганларнинг гунохларини эса Аллоҳ таоло хар вақт, хар ерда фош қилиб қўяди. Абдуллох ибн Масъуд (р.а.) тақвони Аллоҳ таолога итоат этиб исён қилмаслик, уни эслаш ва унитмаслик, унга доим шукур қилиб, куфур кетмаслик деб таърифлаганлар. Намозларни адо этишда, яхши амалларни қилишда хам тақво керак. Амалларни холис Аллоҳ учун қилиш керак. Масжидларга ҳам одамлар кўриши учун эмас, Аллоҳ учун бориш керак. Айниқса ҳаж ва умра амалларини эмин – эркин бажаришга имконият берилди. Буни хам риё учун эмас Аллох учун қилмоқлик зарур.
Тақвонинг акси фисқу – фужур ва исёндир. Аллоҳга осий бўлиш харом ва шубҳали нарсалардан сақланмасликдир. Қуръони карим ана ўша Аллоҳдан қўрқувчи тақводорлар учун ҳидоят йўлини кўрсатувчи маёқдир. Аллоҳдан қўрқаман дейди-ю, бировни хаққини ейди ёки ўғирлик қилади, хаётнинг қийинчилигига чидамайди. Умар (р.а.) дан тақво нима, деб сўраганда, “сертикон майдондан яланг оёқ бўлиб, тикондан сақланиб ўтишга айтилади” деган.
Хаётда гуноҳ ишлар ҳудди тиконларга ўхшайди. Ким улардан эхтиёт бўлмаса, озор чекади. Гуноҳ, маъсият ишлардан сақланган мусулмон тақво қилган бўлади.

Салмжон  Юнусов,

Избоскан туман бош имом-хатиби