Таниқли уламоларнинг маърузалари тингланди

927

Бугун Самарқанд шаҳрида бошланган «Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун» мавзуидаги халқаро анжуманнинг ялпи йиғилиши туш вақтигача бўлди. Куннинг иккинчи ярмида эса “Мотуридия таълимоти ва ҳозирги замон” ва “Замонавий давлат шароитида диний қадриятларни асраб-авайлаш ва ривожлантириш” йўналиши бўйича икки шўъбада давом этди.
Биринчи шўъбада Ал-Азҳар Ислом тадқиқотлари академияси бош котиби др. Назир Муҳаммад Айяд “Мотуридийликнинг ислом цивилизациясидаги ўрни”, иорданиялик илоҳиётшунос олим Шайх Саид Фуда, Татаристондаги Булғор ислом академияси проректори др. Рамиль Адыгамов “Мотуридийликнинг мафкуравий асоси ва татар илоҳиётчиларининг таълимот ривожига қўшган ҳиссаси”, Ўш давлат университети Илоҳиёт факультети декани др. Зайлабидин Ажимаматов, Истанбул шаҳридаги Мармара университети Илоҳиёт факультети профессори др. Юсуф Шавқи Явуз, Иорданиядаги Фотиҳ Султон Меҳмет Вақф университети Исломшунослик факультети професори Др. Ҳамза Бакрий “Пайғамбарлар оралиғидаги даврларда яшаган инсонлар ҳақида Имом Мотуридийнинг қарашлари”, Туркия ислом илмлари академияси мудири др. Аҳмад Даманҳурий “Мотуридия таълимоти замонавий муаммоларни ҳал этишга қандай ёрдам беради?” номли маърузалари билан чиқиш қилдилар.

 

Иккинчи шўъбада Ал-Азҳар университети Ислом асослари факультети профессори др. Авад Маҳмуд Авад “Мотуридийликнинг диний қадриятларни асраб-авайлашдаги ўрни”, Индонезия Ислом давлат университети Даъват ва коммуникация факультети декани ўринбосари проф. Алиматул Кибтиях “Аёллар ҳуқуқини ҳимоя қилишда Имом Мотуридий қарашларининг аҳамияти”, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази маслаҳатчиси проф. Абдулҳаким Шаръий Жўзжоний “Абу Мансур Мотуридий таълимоти – жаҳолатга қарши ақл ва маърифат қуроли”, Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси, бош муфтий Наурызбай Утпинов, Украина муфтийси Аҳмад Тамим, Ўзбекистон халқаро ислом академияси биринчи проректори проф. Шуҳрат Ёвқочев “Кибермакондаги диний радикаллашувнинг замонавий Ўзбекистон ёшларига таъсири”, Малайзия Ислом цивилизацияси институтинингсобиқ директори др. Моҳд Юсуф Усмон “Таълимда ислом қадриятларининг ўрни” номли маърузалари билан қатнашдилар.
Халқаро анжуман жараёни ва таниқли уламоларнинг чиқишлари хориж ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари орқали узлуксиз ёритиб борилмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати