بسم الله الرمن الرحيم* الحمد لله رب العالمين* الصلاة والسلام على سيدنا محمد وعلى آله و أصحابه أجمعين* لاحول ولا قوة إلا بالله*

Такфирчиларга раддия

     Мусулмонлар бирлигига раҳна солиш доим ҳам бўлган. Ҳар даврнинг фитналари ўзига хос кўринишга эга бўлади. Бироқ асли бир – мусулмонларни бўлиб юбориш. Бу борада улар Ислом номидан иш қиладилар.

     Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳ муснадларида Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

    Расулулоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қўли билан бир чизиқни чиздилар ва: ”Бу – Аллоҳнинг тўғри йўли”, – дедилар. Чизиқнинг ўнг ва чап томонидан яна (чизиқлар чизиб): “Бу йўллар шундай йўлларки, ҳар бирида шу йўлларга чорлагувчи шайтон туради”, дедилар. Сўнг “Албатта, бу Менинг тўғри йўлимдурки, унга эргашинг ва (турли бошқа) йўлларга эргашмангки,сизларни Унинг йўлидан бўлиб юборур” оятини ўқидилар.

      Ҳазрат Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам яна бир ҳадисда марҳамат қилишларича йўлнинг бошида бир чорлагувчи: “Эй инсонлар! Тўғри йўлга жам бўлиб киринглар ва бўлиниб кетманглар!” – деб туради. Бу чорлагувчи – Аллоҳнинг китоби. Қачонки инсон нотўғри йўл эшикларини очишни ирода қилса, йўлнинг тепасида яна бир чорлагувчи  “Эй шўринг қургур, очма уни!” – деб туради. Бу чорлагувчи – ҳар бир мусулмоннинг қалбидаги Аллоҳнинг насиҳат қилгувчиси ( яъни илҳоми). (Имом Аҳмад, Термизий, Насаийлар ривояти)

    Аниқ статистик маълумотларга қарасанг ҳам биласан, дунёдаги мусулмонларнинг энг кўпи аҳли сунна вал жамоада. Шуларнинг ичида кўпроғи ҳанафий мазҳабда. Сарвари олам саллаллоҳу алайҳи ва саллам  “Аллоҳ умматимни залолатда жам қилмайди”  деганларини билмайсанми?! Инсоф қил, шундай катта жамоадан қолма!

     Аллоҳ таборака ва таоло “Оли Имрон” сурасида марҳамат қилади –

 “Аллоҳнинг арқонини  жам бўлган ҳолда тутинглар ва бўлиниб кетманглар!”

    “Арқон”ни  Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам Қурон деб тафсир қилганлар.

    Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу умматнинг етмиш уч фирқагача бўлиниб кетишини башорат қилганлар. Шу етмиш уч фирқадан фақат биттасигина нажот топиб, қолганлари   ҳалокатга кетишини унутмайлик.

     Ана шундай фитналардан бири такфир масаласидир. Бу ўта нозик масала. Фитначилар учун бунинг энг қулай томони мусулмонни ўлдиришга йўл очиб беришдир. Чунки мусулмон киши бошқа мусулмонни ўлдириши зинҳор мумкин эмас. Ҳозирги кунда қаердаки мусулмоннинг қонини бошқа мусулмон тўкаётган бўлса, билингки, ўлдиргувчи қотил аввало мақтулни кофирга чиқармасдан туриб ўлдира олмайди. Бунга Ислом таълимоти йўл қўймайди.

    Бугунги кунда аксарият мусулмон мамлакатларида жамиятни ичидан тафриқа ва фитналар келиб чиқишига сабаб бўлаётган маънавий таҳдидлардан бири такфир ҳисобланади.

     Такфир ҳодисасининг илк илдизлари Али (р.а.) даврида унга қарши исён кўтарган хорижийлар фаолиятига бориб тақалади. Хорижийлар ўзларига қўшилмаган ёки эргашмаган барча кишиларни, ҳатто улар мусулмон бўлсалар ҳам, кофир деб эълон қилишган. Катта гуноҳ қилган мусулмонларни ҳам кофирга чиқариб, уларнинг авлоди, моли ва жонини ўзларига ҳалол санашган.Улар ўз даврларида Усмон ибн Аффон (р.а.), Али ибн Толиб (р.а.) каби “хулофои рошидинлар”ни ҳам куфрда айблашган.

   Таассуфки, ҳозирги кунда ҳам турли диний мутассиб ва экстремистик ташкилотлар юқоридаги каби ислом аҳкомларини кўр-кўрона бузган ҳолда ўзларига эргашмаган мусулмонларни ва дунёвий ҳокимиятга нисбатан “кофир” деб асоссиз ҳукм чиқармоқдалар. Мутаассиблар шу йўл орқали ўзлари мухолиф санаган одамларнинг жони ва молига тажовуз қилишни, жамият ва давлатга қарши фитна қилишни шариат жиҳатидан “ҳалол” қилиб олишга, қотиллик ва босқинчилик фаолиятини оқлаб олишга ҳаракат қилади.

     Тўрт мазҳаб уламолари иттифоқига кўра, катта гуноҳ содир этган шахс дўзахда ҳам абадий қолмайди. Мусулмонни кофирга чиқаришдан келиб чиқадиган хатарлар боис Қуръон ва суннатда бировларни кофирга чиқаришдан қайтарилади.Мусулмонларни динсизликда айблаш мумкин эмаслиги ҳақида Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда: “Расулуллоҳ (с.а.в.): “Бирор киши ўз биродарига: “Эй кофир!”, – деса, бу сўз иккаласидан бирига тегишли бўлади”, дедилар (яъни, агар кофирликда айбловчи ҳақ бўлса, айбланувчи кофирлигича қолади. Башарти ҳақ бўлмаса, у ҳолда ўзи кофир бўлади)”, деб таъкидланган (Имом Бухорий, 6103-ҳадис). Бошқа ҳадисда “Бузуқ ва кофир бўлмаган одамни бузуқ ва кофир деган одамнинг ўзи кофир ва бузуқдир”, дейилган (6045-ҳадис).

Жамолиддин домла Парпиев

Асака туманидаги “Муҳаммадсолеҳ” жоме масжиди ходими