Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан  ривоят  қилинади:   «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи  васаллам:   «Вақтики,  мусулмон  ёки  мўмин  банда  таҳорат қилса,  бас,  у  юзини  ювганида  ўша  сув  ёки  ўша  сувнинг охирги  қатраси  ила  унинг  икки  кўзининг  назари орқали  қилган  хатолари  юзидан  тўкилади.  Вақтики, икки  қўлини  ювса,  ўша  сув  ёки  ўша  сувнинг  охирги қатраси  ила  унинг  икки  қўли  билан  қилган  хатолари тўкилади. Вақтики, икки  оёғини  ювса,  ўша  сув  ёки  ўша сувнинг  охирги  қатраси  ила  икки  оёғи  билан  юриб қилган  хатолари  тўкилади.  Шундоқ  қилиб,  у гуноҳлардан  пок  бўлиб чиқади»,  дедилар».

(Муслим ва Термизий ривоят  қилишган).

     Шарҳ: 

    Абу  Ҳурайра  розияллоҳу  анҳудан  ривоят қилинган  бу  ҳадисда  бошдан  охиригача  таҳорат  туфайли банданинг  гуноҳлари  қандоқ  тўкилиши  батафсил  баѐн қилинмоқда.   Мусулмон  киши  таҳорат  қилиш  учун  қайси  бир аъзосини  ювса,  ўша  аъзо  туфайли  содир  бўлган  гуноҳ тўкилиши  таъкидланмоқда.  Мусулмон  одам  таҳорат пайтида  зоҳирий  аъзоларидан  кир,  чанг-тўзонларни  ювса ҳам,  аслида  унинг  гуноҳлари  ювиб  ташланиши  маълум бўлмоқда.  Бу  эса  таҳоратнинг  фазли  қанчалик  баланд эканини  кўрсатади.

    Шу жойда  умумий  қоида  сифатида  ҳаммамиз  учун  ўта муҳим  бир  масалани  эслаб  ўтишимиз  лозим.  Бу  ҳадиси шариф,  ундан  олдинги  ва  шунга  ўхшаш  бошқа  ҳадисларда гап  кичик  гуноҳларнинг  тўкилиши,  ювилиши  ѐки ўчирилиши  ҳақида  бормоқда.  Бу  маънолардаги  ҳадисларни эшитиб  ѐки  ўқиб,  хоҳлаган  гуноҳни  қилиб  келиб,  бир марта  таҳорат  қилса  ва  намоз  ўқиса  ѐхуд  жума  намозида иштирок  этса,  ҳамма  гуноҳлари  тўкилиб  кетар  экан,  деган хаѐлга  бормаслигимиз  керак.  Бунга  ўхшаш  маънодаги ҳадисларда  зикр  қилинган  гуноҳнинг  тўкилиши  Аллоҳ билан  банда  орасидаги  муносабатда  банда  томонидан содир  этилган  кичик  гуноҳларга  тегишлидир.  Бундан кейин  келадиган  ҳадисларда  «агар  катта  гуноҳ  қилмаган бўлса»,  деган  истисно  ҳам  келади.  Уни  Аллоҳ  хоҳласа,  ўз ўрнида  ўрганамиз.   Шунингдек,  бошқа  бандалар  ҳақ-ҳуқуқини  поймол этиб қилинган  гуноҳлар  ҳам  қасос  олинмагунча ювилмайди.  Бу  ҳам  Аллоҳ  хоҳласа,  кези  келганда ўрганилади. Лекин  таҳорат  билан  кичик  гуноҳларнинг  ювилиб кетиши  ҳам  катта  гап.  Аллоҳ  таолонинг  мусулмон бандаларига  кўрсатган  улкан  марҳамати  бу.  Мусулмон банда  таҳорат  қилаѐтганда  яхши  ният  билан  Аллоҳ таолодан  астойдил  тилаб,  ушбу  ҳадиси  шарифни  эслаган ҳолда  ҳар  аъзосини  юваѐтиб:  «илоҳо,  ушбу  аъзолардан содир  бўлган  гуноҳларим  тўкилган  бўлсин»,  деб  сўраса, иншааллоҳ,  мақсади  ҳосил  бўлади.  Чунки  таҳорат  қилиш ҳам  аввал айтиб  ўтилганидек,  ўзига  хос  ибодатдир.   Шу  туфайли  таҳорат  қилаѐтганда  бошқалар  билан гаплашиш,  шоша-пиша,  чала-чулпа  таҳорат  қилишга  йўл қўймаслик  керак.  Таҳорат  банда  учун  Аллоҳ  томонидан кичик  гуноҳларини  ювиб  олиш  учун  берилган  имконият  ва қулай фурсатдир.

Акрамжон домла Толипов 

Асака тумани “Икромжожи” жоме масжиди  ноиб-имоми