Исломда олижаноб ахлоқнинг энг муҳим тушунчалари таърифланиб, инсониятни уларга амал қилиш сари ундалади. Булар: эҳсон, кечиримли бўлиш, сабр-тоқат, ростгўйлик, ширинсўзлик, ота-онани, ўзидан катта ёшдагиларни ҳурмат қилиш, ор-номус, садоқат ва бошқалардир. Мусулмонлар бир-бирларини яхшилик ва олижаноб ахлоққа чақиришлари, ножўя ишлардан қайтаришлари Аллоҳ тарафидан фарз қилинган. Ислом ахлоқининг асосида ҳалоллик ва тақво ётади. Кимки жисмоний ва маънавий пок бўлса, ундай кимса ахлоқсизлик йўлига кирмайди.
“Тақво” сўзи араб тилида “сақланмоқ”, “эҳтиёт бўлмоқ” маъноларини англатади. У “виқоя” сўзидан олинган бўлиб, озор ва зарар берадиган нарсадан тўсишни англатади. Аллоҳдан тақво қилиш деганда, инсон Аллоҳнинг жазосидан қўрққан нарсасида гуноҳдан сақланиши, эҳтиёт бўлиши тушунилади. Али ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳу): “Тақво – Аллоҳдан қўрқиш, Қуръон кўрсатмасида яшаш, озига рози бўлиш ва охиратига тайёргарлик кўриш”[1], – деган экан.
Тақво бу Аллоҳга итоатда бўлиб, осий бўлмаслик, доим Унинг зикрида бўлиб, унутмаслик ва Унга шукр қилиб, ношукрлик қилмасликдир. Амалларини ҳар бир вақтда махфий ва очиқчасига бажариш, чақириғига “лаббай” деб жавоб бериш билан тақво қилинади. Зеро, Аллоҳ таоло бундай дейди: “Эй имон келтирганлар! Аллоҳга ҳақиқий тақво ила тақво қилинг. Ва фақат мусулмон ҳолингиздагина бу дунёдан ўтинг[2]. Яъни, ҳар доим мусулмон ҳолида имон билан, тақводор бўлиб, умр ўтказиш лозим экан. Абу Зарр (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “…Ишингни махфий ва очиқчасига қилишингда Аллоҳдан тақво қилгин”, – дедилар”[3].
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бир-бирингизга ҳасад қилмангиз, сунъий равишда молнинг нархини оширмангиз, ўзаро нафрат-адоватда бўлмангиз, бир-бирларингизга терс ўгирилиб кетмангиз. Ҳеч бирингиз бошқа бировнинг савдоси устидан савдо қилмангиз. Эй Аллоҳнинг қуллари, ўзаро биродар бўлингиз. Мусулмон-мусулмоннинг биродаридир: У биродарига зулм қилмайди, уни алдамайди ва пастга урмайди. Тақво мана бу ерда! – Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай деб уч марта кўкракларига ишора қилдилар. – Кишининг ёмонлигига унинг мусулмон биродарини пастга уриши кифоядир. Мусулмоннинг қони, моли ва обрў-номуси бошқа бир мусулмон учун ҳаромдир”, – дедилар”[4].
Инсонлар фақат тақво билан бир-бирларидан ортиқдирлар. Инсон Парвардигори наздида шахси ёки мол-давлати, ҳусн-чирой, насл-насаб, шакл-шамойил, ёки териларининг ранги билан эмас, фақат тақвоси ва тоат-ибодати билангина ҳурматли бўлади. “Албатта, сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлиларингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ Билгувчи ва Огоҳдир”[5].
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан сўрадилар:
– Энг мукаррам инсон ким?
– Аллоҳ таолодан энг кўп тақво қиладиган банда! – деб жавоб бердилар.
Банданинг қай даражада тақводорлиги ҳам ёлғиз Аллоҳга аён. Аллоҳнинг кузатувчанлигини ҳис қилиш зоҳирий амаллар таъсирида эмас, қалбдаги Аллоҳдан қўрқув ҳисси билан ҳосил бўлади. Аллоҳ таоло инсоннинг қалбига назар солади, яъни, бандасига қалбидаги яхшилик ёки ёмонликка яраша жазо-мукофот беради. Қанча-қанча бадавлат, бообрў, келишган одамлар борки, қалблари ҳувиллаб ётибди. Ҳеч нарсаси йўқ, хокисор инсонлар борки, қалблари тақвога тўла. Шунинг учун ҳам бировни камситиш улкан гуноҳ саналади.
Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қиладилар: “…Одамларни жаннатга энг кўп киритадиган нарса нима? Аллоҳдан тақво қилиш ва ҳусни хулқликдир”[6].
Тақвонинг самаралари сифатида қуйидагиларни кўрсатиш мумкин:
Аллоҳ таоло тақводор банда билан бирга бўлади
“Албатта, Аллоҳ тақво қилганлар ва гўзал ишлар қилганлар биландир”[7]. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) Мадинага ҳижрат қилаётганларида Жабали Сур ғорига бекинишганларида мушриклар уларни қидириб шу ғор ёнигача келишди. Лекин ғорнинг оғзига қарагани эринишди. Шунда Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) йиғлади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Нимага йиғлаяпсиз”, деганларида, Абу Бакр: “Агар оёқларини остига қарашганларида бизни кўрардилар-а!?” деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй, Абу Бакр! Учинчи шериги Аллоҳ бўлган икки киши ҳақида нима дейсиз!” дедилар. Яъни, учинчи шеригимиз Аллоҳ бўлса, агар улар қарашганда ҳам кўришмасди. Чунки ўртада тақво бор эди.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Икки одам Аллоҳ йўлида шерик бўлиб бирор иш қилса, бир-бирига хиёнат қилмаса, Аллоҳдан тақво қилишса, учинчи шериги Алл тооҳ бўлади. Агар бири иккинчисига хиёнат қилишни бошласа, учинчи шериги бўлган Аллоҳ чиқиб кетади”, – дедилар.
Олтинкўл тумани “Жалабек ота” жоме масжиди имом-хатиби О.Хусанов