Соғлом она ва бола жамият бахти

1167

Ҳар бир ота-она фарзанди соғлом вояга етишини истайди. Бола саломатлиги эса кўпинча онага боғлиқ. Ахир соғлом онадангина соғлом бола дунёга келади. Шу боис миллат саломат бўлсин ва равнақ топсин десак,  оналарнинг саломатлиги  ва билимига яхши эътибор беришимиз керак. Донолар: “Яхши ҳосил яхши парваришни талаб қилади”, деб бежиз айтишмаган.

Ҳазрати Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадиси шарифдан маълум бўлишича: “Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам бирор оилада фарзанд туғилса, ўғил ёки қизлигини сўрамас эдилар. Балки: “Соғломми?” деб сўрар, “Ҳа”, дейишса, “Оламларнинг Рабби Аллоҳга шукр”, дер эдилар” (Имом Бухорий).

Она биринчи навбатда ўзи ва ҳомиласининг парваришига эътибор берса, натижа шунга кўра бўлади. Бўлажак она айниқса, овқатланиш тартибига риоя этиши, ҳалол, дармондориларга бой овқатлар ейиши зарур. Соғлиқ учун энг олдин поклик керак. Юкли аёлнинг кийимлари тоза, табиий матолардан тикилган бўлсин. Жисми билан бирга қалбини ҳам иллатлардан тозаласа, ўй фикрлари, мақсадлари ойдин бўлса, иншааллоҳ, фарзандлари соғлом, гўзал ахлоқли бўлиши умид қилинади. Чунки гўдак ҳар қандай ташқи таъсирни ҳис қилиб туради. Онасининг юраги сиқиладиган, ғам-қайғуга ботадиган бўлса, бола ҳам қийналади.

Абдурауф Абдурахим ўғли Фитрат “Оила ёки оила бошқариш тартиблари” китобида  болаларнинг ақлий ривожланишига ва жисмоний саломатлигига бирдек эътибор бериш кераклиги ҳақида сўз юритар экан, соғлом ақлли инсон касалманд ва ақли ноқис одамдан кўра юртига, халқига кўпроқ фойда келтиради, деб таъкидлайди.

“Бола сувга ўхшайди, яъни, сув идишнинг шаклига кирганидек, улар ҳам уйда ота-оналаридан, мактабда устозлари ва синфдошларидан андоза олишади. Шунинг учун ота-она  ва ўқитувчиларнинг хулқлари албатта чиройли бўлиши шарт”, деб ёзади адиб. Тарбияда онанинг муҳим ўрнини бундай баҳолайди: “Бола тўққиз ой онанинг қорнида ривожланади, онага теккан ҳар хил касалликлар унга ҳам ўтиши мумкин. Ҳомила дунёга келгач эса, гўдакнинг асосий озуқаси онанинг сутидир. Оналар ўзларини авайлаб, турли касалликлардан узоқда юрсинлар, токи ҳар хил иллатларнинг уруғи сут орқали гўдакларга ўтиб, соғлиғига ҳам хатар солмасин. Аёл эрнинг турмуш ўртоғи, уй идорачиси ва болалар тарбиячиси, фарзандни меҳр билан ўстириш мажбурияти унинг бўйнига тушади.

Биз фарзандларимизни одобли қилиб тарбиялашимиз лозим, яъни улар имон-эътиқодли, ғайратли бўлиб улғайишсин. Бу истакка эришиш учун миллат оналари тарбия ва илм олишлари керак”.

Болаларнинг жисмонан баркамол бўлиб улғайишлари учун уларнинг доимий ҳаракатчанлигини таъминлаш зарурлиги хусусида бундай ёзади: “Ҳаракат ҳамма учун, айниқса, болаларга жуда зарур. Маълумки, болалар тез улғайишади. Уларни ўйин билан банд қилиш фойдалидир. Ўйиндан болани қайтариш ҳаракатдан қолдириб, ўсишига ҳалал бериб, нимжон қилиб қўяди”.

Китобларда болалар саломатлиги учун зарур бўлган тозалик ва овқатланиш қоидаларига амал қилиш каби ўнлаб қоидалар баён этилган. Ҳатто болаларнинг юз-қўлларини совунлаб ювишлари, тишларини тозалаб, кийимларини ўз вақтида алмаштириб туришларга ота-оналар, муаллимлар доимий эътибор беришлари керак.

Шундай экан барчаларимиз фарзандларимизни доимо покликка, озодаликка ўргатишлигимиз зарур бўлади. Зеро, Пайғамбаримиз с.а.в. ўз ҳадиси шарифларида: “Поклик иймондандир”- деб марҳамат қилганлар. Бу борада биз ота-оналар фарзандларимизга ибрат бўлишимиз даркор. Ҳалқимизда бир нақл бор “Қуш уясида кўрганини қилади” дейилади.

 

Хонобод шаҳар “Абдулхамид қори”

жоме масжиди имом хатиби:                                              О.Хошимжонов