Қадимда бир бадавлат киши оғир дардга чалинибди, давосини топа олмай роса қийналибди. Охири бир хизматчисига жар солишни буюрибди. Жарчи шаҳар кўчалари ва бозорларда юриб: “Кимда-ким хўжайинимизни дардидан халос қилса, хожам ўша кишига бойлигининг ярмини беради!” деб ҳайқирибди. Аллоҳнинг тақводор бандаларидан бири бу сўзни эшитиб, даволаш истагини билдирибди. Бойнинг ҳузурига келгач: “Мен сизни даволайман, аммо эвазига бир кўза сувдан бошқа нарса олмайман”, деб шарт қўйибди. Бемор шартни қабул қилгач, ишга киришибди.
Кунлар ўтибди, касал шифо топибди. Шунда ҳалиги бой табибдан нима учун хизмат ҳақига бир кўза сув олганини сўрабди. Тақводор киши бундай жавоб берибди: “Умрингизни сарф этиб тўплаган нарсангиз ва Аллоҳ берган улуғ неъмат – сиҳат-саломатлик қадр-қийматини билинг дедим. Агар соғлигингиз ёмонлашиб, шу бир кўза сувни ичолмасангиз ёки ичиб чиқара олмасангиз, топган мол-дунёнгизнинг барини беришга рози бўласиз. Бутун бойлигингиз аслида бир кўза сувга тенг. Шу боис умрингизни фақат молу дунё тўплашга эмас, балки Аллоҳ берган неъматлар шукрини адо қилишга ҳам сарф этинг”.
Дарҳақиқат, Яратганнинг беҳисоб неъматлари ичида энг буюги, бебаҳоси сиҳат-саломатликдир. Инсон бою бадавлат бўлиб, тўкинлик ичида яшаса-ю, лекин танаси дард ичида ёниб турса, унга ҳеч қандай бойлик татимайди, ҳузур бахш этмайди. Шундай экан, неъматлар қадрига етайлик, мол-дунё орзусида асл бойлигимиз – соғлигимизни бой бериб қўймайлик.
Мақсудали Қосимов,
Хўжаобод тумани “Еттичинор” жоме масжиди имом-хатиби
Мақола ушбу сайтдан олинди:
http://irfon.uz/2015-yil-1-son/1320-soglikning-bahosi-qancha.html