Биз учун ҳисобсиз неъматларни ато этган ва бу берган неъматларига шукр келтиришга буюрган Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар ва шу шукроналикни ўз хаётларига тадбиқ этиб бизларга яратгувчини каломларини еткизган Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга саловоту саломлар бўлсин. Доимо мўмин мусулмонлар томонида ишлатилиб келинадиган бу сўз фақатгина неъмат бергувчини ўзигагина хос эканлигини жудаям яхши биламиз.
Уламоларимиз шукрнинг истилоҳида бир-бирини тўлдирувчи бир неча таърифларини айтиб ўтганлар. Шукр уч хил бўлади. Биринчиси тил шукри бўлиб, у неъмат берувчига мақтов айтиш билан адо этилади. Иккинчиси аъзоларнинг шукри бўлиб , неъматга яраша мукофот тақдим қилиш билан адо этилади. Учинчиси Қалб шукри. Бу неъматни тасаввур қилишдан иборат.
Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг кўпгина оятларида шукр хақида мархамат қилган.
« Агар шукр қилсангиз ва иймон келтирсангиз, Аллоҳ сизни азоблаб нима қилади ?! Аллоҳ кўп савоб берувчидир, ўта билувчидир »(Нисо сураси, 147-оят).
Бу ояти каримада Аллоҳ таоло томонидан бандаларига берилган неъматларига шукр қилишларини ва иймон келтиришларини буюрмоқда. Бу айтганларини бажарган бандаларига эса кўп ажр савоблар ваъда бермоқда.
Яъни шукр қилган бандаларидан рози бўлади ва уларга улуғ ажрларни беради.Яна бу ояти каримада Аллоҳ таоло шукрни иймон билан тенглаштирмоқда.
Аллоҳ таоло яна марҳамат қилади:
« Бас, Мени зикр қилинг, сизни эсларман. Ва Менга шукр қилинг, куфр келтирманг »(Бақара сураси,152-оят)
Бу ояти каримада ҳам шукр неъматини бергувчи зотни ўзигагина ҳамд ва шукр айтиб розилигига етишишга ,куфр келтириб эса азобларига учрамасликка чорламоқди. Аллох Доимо қалбида, тилида ёлғиз яратган Ҳолиқ учун шукр айтиб юрган мўъмин бандаларининг умирларига ва ризқларига барокотлар ато этади.Қилаётган ишлари олдинга юриб,юртида ва оиласида ҳотиржамлик бўлади.
Келинглар азизлар юртимизда бўлаётган тинчлик фаровонлик неъмати учун мўл-кўл ризқлари учун шундай гўзал, жаннатмакон юртда туғилиб ўсганимиз учун ёлғиз Аллоҳнинг ўзига ҳамду санолар айтиб шукроналар келтирайлик.Гўзал диёримиз янада гуллаб яшнаши ва шу диёрда доимо тинч тотув ,кекса нуроний ота-оналаримизни дуолари остида фарзандларимизнинг бахту камолини кўриб яшашлигимизни яратгандан сўраб дуо қилайлик .
Хўжаобод тумани “Еттичинор” жомеъ масжиди бош мухтасиби
Алишер Турғунов