Бугун бутун дунёни COVID-19 коронавирус инфекцияси худди зулмат каби қоплаб олди. Ҳаммани оёққа турғазди. Ер куррасининг деярли барча аҳолиси ана шу кўзга кўринмас “митти душман” билан кураш олиб боряпти. Одамлар уйларида ушбу душман билан олишмоқда.
Ҳеч бир нарса бесабаб, беҳикмат бўлмайди, албатта. Аллоҳ таоло бу балони юбориб, бандалари унутиб қўйган сабр, меҳр-оқибат, қаноат, тинчликни асраш, хотиржамликнинг қадрига етиш, соғлик бебаҳо неъмат эканини тафаккур қилиш, хуллас, одамга одамийликдан сабоқ бермоқда.
Бугун ҳаммамиз уйдамиз. Бани башар уйда ўтириб ўйга толгач, мутахассисларнинг айтишича, сайёрамиз экологияси анча тозаланибди. Шояд уйда ўтириб сабрга, итоатга ўргансак, қалбларимиз ҳам атмосфера каби тозаланса. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Албатта, Аллоҳ сабрлилар билан биргадир” (Бақара сураси, 153-оят), деб марҳамат қилган.
Фаолиятим давомида кўплаб аёллар билан учрашиб, уларнинг ташвишларини тинглайман. Бир аёл билан учрашганимда у қуйидагиларни гапириб берди: “Мен набираларимни тежамкорликка ўргатиб, уларга қилган насиҳатларим келинимга оғир ботибди. У фарзандларини олиб онасиникига кетиб қолди. Тежамкорликнин нимаси ёмон. Ахир, динимизда ҳам исроф қаттиқ қораланади-ку. Наҳотки, ёшлар буни англаб етишмаса?!”
Аслида фарзандлар тарбиясида бувиларнинг ўрни беқиёс. Чунончи, ота-онадан кўра, бобо-бувининг тарбиясини олиб улғайган бола иродали, матонатли бўлади. Момоларимиз қизлар тарбиясига, уларнинг нозик хилқат соҳибалари эканлигини ҳисобга олиб, жуда эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишган. Ёшларни шукр ва сабрга ўргатишган. Шу боис рўзғорда учраб турадиган йўқчилик пайти оналаримиз “айюҳаннос” солишмаган.
Яқинда ижтимоий тармоқларда бир аёлни ҳомийлар томонидан берилган озиқ-овқат маҳсулотларини улоқтириб, ношукрлик қилганини кўриб, роса ҳажлим чиқди. Ахир, наҳотки, берганига қаноат қилмасак. Ҳадиси шарифда: “Ким инсонларга раҳмат айтмаса, Аллоҳга ҳам шукр қилмайди”, дейилган (Имом Термизий ривояти).
Шукр ва сабр мусулмоннинг қўрғонидир. Тан олиб айтиш керак, биз, ҳадиси шарифда таъкидланганидек: “Икки неъмат бор, инсонларнинг аксарияти уларнинг қадрига етишмайди: соғлиқ ва бўш вақт (тинчлик)” (Имом Бухорий ривояти).
Соғлигимизнинг ҳам, тинчлигимизнинг ҳам, бўш вақтимизнинг ҳам қадрига етмай қўйгандик. Энди, иншоаллоҳ, теран тафаккур қилиб, сабр билан, матонат билан ҳамма нарсанинг қадрига етишни ўргандик.
Буюк Раббимиз барчамизни коронавирус инфекцияси ва бошқа ҳар турли кўзга кўринар-кўринмас бало-офатлардан, кулфатлардан, табиий офатлардан худди ҳалили Иброҳим алайҳиссаломни ўтда, жамили Юсуф алайҳиссаломни қудуқда, калими Мусо алайҳиссаломни денгизда ва Юнус алайҳиссаломни балиқ қорнида асрагани каби асрасин. Омин!
Отабек домла Хусанов,
Олтинкўл тумани
“Жалабек ота” жоме масжиди имом хатиби