ШУКР ВА САБР – САОДАТ КАЛИТИ

631

Бугун олам аҳли коронавирус пандемиясидан жиддий ташвишга тушган. Унга чалинмаслик учун шифокорлар бошқалар билан шахсий масофани сақлаш, тез-тез кийим алмаштириш, юз-қўлни ювиш, тўла ювиниш, тўғри овқатланиш, фаол турмуш тарзи, хоналарни вақти-вақти билан шамоллатиб туриш, зарурат бўлмаса умуман кўчага чиқмасликни тавсия этишмоқда.

Мазкур талабларга амал қилиш, бугунги синовли кунларга шукрли ва сабрли бўлиш пировардида барчамизни яна тинч ва осуда, аввалгидан-да фаровон ҳаётга етказади. Шундай экан, бугун шукрнинг аҳамияти ҳақида мухтасаргина тўхталиб ўтишни жоиз деб билдик. Негаки, айни пайтда бу барчамиз учун бирдек зарур талаблардан биридир.
Шукроналик ва сабр аввало юксак ахлоқ ва одоб эгаси бўлган инсонларга хос фазилат. Улар мазмунли умри билан бу неъматнинг қадрини англай олишган. Бу хусусда ўзларининг ҳаётий ҳикматларига эга. Демак, шукрда хосият кўп, беморликка шукр қилсанг даъво топурсан. Ёмонликка шукр қилсанг, яхшиликка муяссар бўлурсан. Ношукр ўзига-ўзи зулм қилгувчидир. Шукр қилишга арзигулик юзлаб асос бўла туриб, арзимаган нарсаларга жиззакилик қилиш нодонлик аломатидир. Шукр бу – ҳидоят, шукр бу – бебаҳо бойлик, шукр бу – фаровон ҳаёт, шукр бу – яхши кайфият, омад, саломатлик, тафаккур, одоб, қалбнинг нури, тирикликда савоб, охиратда нажот демакдир. Шукр қилганнинг умри роҳатда, ношукрнинг ҳаёти уқубатда ўтади. Бу сўзлар барча юртдошларимизни сабр ва шукрга чорлайди. Зеро, бугунги синовли кунларда Яратган бизни айнан шу жиҳатларимиздан имтиҳон қиляпти.
Энди сабр ҳақида. Сабр иймондандир ва у ҳудди танадаги бошга ўхшайди. Сабри йўқ одамининг иймони ҳам бўлмас. Одобли ва сабрли бўлмоқ мусулмоннинг энг гўзал фазилатларидандир. Бу ўринда “Ойнинг ўн беши қоронғу бўлса, ўн беши ёруғ” деган ҳикмат ғоят билиб айтилган. Сабрли бўлсак, бу кунлар тезда ўтади, кетади. Уни уйда қолиб, оила даврасида, яхши кунларга умид билан ўтказиш, карантин қоидаларига риоя қилишда ҳикмат бисёр. Сабр асосида ҳамжиҳатлик бўлгани янада яхши. Шу йўл билан короновирусни енгиш муаммо туғдирмайди. Давлатимиз раҳбарининг халқимизга мурожаатида айтилганидек, бу вируснинг юртимизга тарқаб кетмаслиги учун барча чоралар кўрилган. Аммо шу синовли дамларда ҳар бир ўзбекистонлик, ҳар бир идора, жамоатчилик вакиллари бир мушт бўлиб ҳаракат қилишимиз керак. Касалликни маҳалламизга, уйимизга, оиламизга олиб кирмаслик учун энг аввало ўзимиз масъулмиз.
Мухтасар қилиб айтганда, шукр ва сабр яхшилик хазиналаридан бири бўлиб, Аллоҳ таоло уларни фақат ўзи яхши кўрган бандаларигагина беради. Ниятимиз шуки, барчамизга ана шу суюклилар қаторида бўлиш насиб айласин.

Зиёдулло ИСОМИДДИНОВ,
Бўстон туманидаги Абдуназар ота
масжиди имом-хатиби.