Иймон икки қисмдир:
Бири шукр қилишлик бўлса, иккинчиси сабрдир. Аҳмад ибн Ҳанбал
Ислом динида мусулмон кишининг буюк ахлоқий сифатларидан бири, шариъатнинг олий мартабаси, дин ва иймоннинг ярми, унинг яратган Роббиси ҳузурида мартабасининг баланд бўлиши учун сабаб бўлгувчи амал – Аллоҳ таолонинг унга берган барча неъматларига шукр қилмоқлигидир. Аллоҳнинг берган неъматларига шукр қилмоқлик иймоннинг ярми бўлса, иймоннинг иккинчи ярми Аллоҳ юборган мусибатга сабр қилмоғидир. Банда Аллоҳнинг берган неъматига шукр қилиб, юборган синовига сабр этса, Аллоҳнинг ҳузурида у банда учун улкан ажр ва Аллоҳ таоло тарафидан берилган неъматнинг зиёда бўлишлиги бордир.
Барча Пайғамбарлар ҳам Аллоҳнинг шукр қилгувчи шокир бандалари эди. Ҳатто Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳам Аллоҳ таоло шукр қилишга амр этиб Қуръон каримда:
“Йўқ! Аллоҳгагина ибодат қил ва шукр этувчилардан бўл!” деб ваҳий қилган. (Зумар сураси, 66-оят)
Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалломнинг қандай шукр қилганликларини Оиша розияллоҳу анҳо Онамиздан ривоят қилинган ушбу ҳадисдан биламиз.
وَعَن عائِشَةَ رَضِيَ اللَّه عَنْها، قَالَتْ: كَانَ النَّبِيُّ صَلّى اللهُ عَلَيْهِ وسَلَّم يَقُومُ مِنَ اللَّيْلِ حَتى تَتَفطَّر قَدَمَاه، فَقُلْتُ لَهُ: لِمَ تَصْنَعُ هَذَا يَا رسُول اللَّهِ وَقد غُفِرَ لَكَ مَا تَقَدَّم مِن ذَنْبِكَ وَمَا تَأَخَّرَ؟ قَالَ:”أَفَلا أَكُونُ عَبْدًا شَكُورًا”. متفقٌ عَلَيْهِ. وعَنِ المغيرةِ بنِ شعبةَ نحوهُ،ِ
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кечасида қоим бўлиб кўп намоз ўқиганларидан ҳатто оёқлари шишиб кетар эди. Шунда мен у зотга: “Эй Аллоҳнинг Расули (соллаоллоҳу алайҳи васаллам), нега бундай қилиб ўзингизни қийнайсиз. Аҳир Аллоҳ сизни аввалги-ю охирги гуноҳларингизни кечирганку”, – деб айтдим. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эса: “Аллоҳга шукр қилгувчи банда бўлмайинми?”, – дер эдилар ”. (Муттафақун алайҳи)
Шукр – инсонни доимо ўзида бор неъматлар қадрини билишга, эзгуликка ва савоб ишларни қилишга ундаб, гуноҳ ва маъсиятлардан қайтаради.
Шукр қилгувчи банда доимо Аллоҳни ёдда тутиб, Унинг берган неъматлари қадрини билиб, ўзини ношукрлик, хасад каби ёмон иллатлардан тияди.
Тафаккур қилайлик! Аллоҳ таоло бизни оналаримизнинг қорнида яратган вақтда бизнинг ҳеч нарсамиз йўқ эди. Ҳеч нарсани англамас, билмас эдик. Сўнгра У бизга ақл, кўз, қулоқ, қўл, оёқ ва яна кўплаб аъзоларни, Ер юзида маскан, яшаш учун имкон берди. От-улов, маркаблар (миниладиган) ни берди, яратган бошқа махлуқотларидан азиз ва мукаррам қилди. Жамики мавжудотларни инсониятга бўйсундириб қўйди. Том маънода ҳазрати инсон учун хизмат қилишга амр этди. Ушбу неъматларнинг ўзи шукр қилишимиз учун етарли эмасми? Ушбу неъматларни бизга инъом қилган Зот – энг кўп шукрга хақли Зот эмасми? Аллоҳ шунча неъматлар билан бизни икром қилган бўлса-ю, биз ношукрлик қилсак, бу яратган Роббимизга нисбатан исён эмасми?
Аллоҳ таоло “Нахл” сурасининг 78- оятида шундай марҳамат қилади:
وَٱللَّهُ أَخْرَجَكُم مِّنۢ بُطُونِ أُمَّهَٰتِكُمْ لَا تَعْلَمُونَ شَيْـًٔا وَجَعَلَ لَكُمُ ٱلسَّمْعَ وَٱلْأَبْصَٰرَ وَٱلْأَفْـِٔدَةَ لَعَلَّكُمْ تَشْكُرُونَ
“Аллоҳ сизни оналарингизнинг қорнидан ҳеч нарса билмайдиган ҳолингизда чиқарди. У сизга қулоқ, кўзлар ва дилларни берди. Шоядки шукр қилсангиз.”
Аллоҳ таоло барча мавжудотларни ҳар хил қилиб яратди. Хусусан, инсонларни ҳам турли хилқатда яратди. Тақдирини, табиатини, рангини ҳар ҳил ва ҳатто ризқини ҳам баъзиларига оз, баъзиларига кўп қилиб яратди. Албатта, бу Аллоҳнинг ҳикмати ва синовидир.
Энг яхши бойлик, Аллоҳни йўлида сарф бўлгани бўлса ва энг яхши фақирлик, Аллоҳ таолога шукр қилиб ўтказилган умрдир.
Аллоҳ таоло Қуръон каримда марҳамат қилиб:
قُلِ اللَّهُمَّ مَالِكَ الْمُلْكِ تُؤْتِي الْمُلْكَ مَن تَشَاء وَتَنزِعُ الْمُلْكَ مِمَّن تَشَاء وَتُعِزُّ مَن تَشَاء وَتُذِلُّ مَن تَشَاء بِيَدِكَ الْخَيْرُ إِنَّكَ عَلَىَ كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ
“Айтинг, “Эй, мулк эгаси бўлган Аллоҳ! Сен хоҳлаган кишинга ҳукмдорлик ато этурсан ва хоҳлаган кишингдан ҳукмдорликни тортиб олурсан, хоҳлаган кишингни азиз қилурсан ва хоҳлаган кишингни хор этурсан. Яхшилик сенинг қўлингдадир. Албатта, Сен ҳамма нарсага қодир зотдирсан” (Оли имрон, 26 оят).
Аллоҳ таоло бизларга ушбу дуони ўргатиб, азалий қоидани эслатаяпти. Яъни, дунёдаги ҳар бир нарса Унинг қўлида, қудратида ва хоҳишида эканлиги билдирмоқда. Бизлар ҳар биримиз бу оятнинг мазмун моҳиятини ҳеч қачон эсимиздан чиқармаслигимиз лозим. Раҳбар бўлиш ёки оддий ишчи бўлиш, бой бўлиш ёки фақир ҳолда яшаш, бу Мулк эгаси Аллоҳ таолонинг хоҳишидадир. Албатта, бу ерда фақат Аллоҳ деб ҳеч иш қилмаслик деган мазмун келиб чиқмайди, балки, аввало Аллоҳни доимо ёдда тутиб, ишларда бардавом бўлишни ирода қилинаяпти. Шунинг учун, ҳақиқий мўмин ҳеч қачон бирор бир ишда тушкунликка тушмайди. Хоҳ бой бўлиб, ундан кейин камбағал бўлиб қолсин ёки раҳбар бўлиб, сўнгра оддий ишчи бўлиб қолсин. Чунки, у буларнинг барчаси Аллоҳнинг хоҳишида ва ҳикматида эканлигини билади. Яна шукр қилгувчи мўъмин банда Аллоҳ таолонинг мана бу ояти каримасини ҳам билади ва унга иймон келтирган.
“Аллоҳ хоҳлаган кишисининг ризқини кенг қилур ва (хоҳлаганникини) тор қилур.” (Раъд сураси, 25-26 оятлар).
Аммо, бойлиги ва қудратини ўзидан, ёшлигидаги қувватидан, мансабидан деб биладиган кимсалар эса, бойлигига талофат етиб камбағал бўлиб қолса ёки мансабдан кетиб, мансабсиз бўлиб қолса, шу даражада тушкунликка тушадики, ҳатто ўлим тўшагида ётиб қолишади. Буларнинг барчаси молу дунё, мансабни Аллоҳдан деб билмасликдир.
Мўъмин банда ўзидаги неъматни кам санамаслиги учун ушбу набавий ҳадисга амал қилиб яшамоғи лозим. Шундагина у бахтли ҳаёт кечиради.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади:
“Сизлардан бирингиз мол-дунё ва фарзандлар берилиб, бадавлат бўлган одамга назар солмоқчи бўлса, ўзидан кўра фақирроқ инсонга ҳам ибрат кўзи билан боқиб шукр қилсин!”
Азизлар! Шу ўринда, Аллоҳ берган неъматларга шукр қилиш бобида Саъдий Шерозий хазратлирининг бошларидан ўтган ажиб бир ҳикояларини келтириб, фикримга якун ясамоқчиман. Хулоса чиқариш ўзингиздан.
Саъдий Шерозий дейдилар: Бутун умр ишларим истаганимдек кечмаётганидан, дунёнинг бевафолигидан ва замонанинг ғаддорлигидан шикоят қилмадим. Фақат бир мартагина оёғимда пойабзалим йўқлигидан ва пойабзал олишга пулим етмаслигидан умидсиз бўлиб, Куфа жомеъ масжидига кирдим. Юрагим сиқиларди. нега ҳамманинг оёқ кийими бору менинг оёқ кийимим йўқ деб хафа бўлдим. Лекин, у ерда бир оёқсиз одамни кўриб, Роббимга шукроналар айтдим ва пойабзалсиз бўлсамда, оёғим борлиги учун шукр қилишга қарор қилдим.
Аллоҳ барчамизни берган неъматларига шукр қилгувчи шокир бандаларидан қилсин.
Мақсудали домла Қосимов Хўжаобод туман бош имом хатиби