Ҳоким Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳар қандай гуноҳнинг (жазосини) Аллоҳ таъоло хоҳиши ила қиёматгача кечиктиради. Фақат ота-онага оқ бўлишнинг (жазосини) ўлишидан олдин, ҳаётлигида ўз эгасига беради”, дедилар. Яъни, ота-онага оқ бўлган киши бунинг жазосини то тирик экан, бу дунёдаёқ олади.
Имом Аҳмад Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Менга Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўнта сўзни васият қилиб: “Аллоҳга ширк келтирма, агар ўлдирилсанг ҳам, куйдирилсанг ҳам, ота-онангга оқ бўлма, агар уйдан кетишингга буюрсалар ҳам…” дедилар».
Асбаҳоний Абу Аббосдан, у киши Авом ибн Ҳушаб розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Бир қишлоққа келдим. Ёнида қабристон бор эди. Аср вақтидан сўнг қабристондаги бир қабр очилди ва ундан эшак бошли бир одам чиқди. Ва уч марта эшакдай ҳангради. Сўнгра қабрга кирди ва қабр ёпилди. Шу пайт бир кампир ип йигириб ўтирарди. Ёнимдаги одам кампирни кўрсатиб:
– У унинг онаси, – деди. Мен воқеани сўрадим. «У ароқ ичиб маст бўларди. Уйга келганида онаси: “Эй ўғлим, Аллоҳдан қўрққин, қачонгача ичасан?” дер эди. Шунда у онасига: “Мунча эшакдай ҳанграйсиз?” дер эди. Бас, ажали етиб, аср вақтида вафот этди. Энди ҳар куни аср вақтида қабр ёрилади ва уч марта эшакдай ҳанграйди, сўнгра қабр ёпилади», деди.
Қаранг, фарзанд ота-онасини нима деб ҳақоратласа, ўзи ўша нарсага айланиб қолар экан… Бу ниҳоятда таъсирли ривоятни фарзандлар даврасида ўқиб, тадаббур қилинса, фойдаси катта бўлади. Фарзандлар ёшлигиданоқ ота-она ҳақларини ўйлай бошлайди. Ислом таълимотида кўрсатилганидек, фарзанд ота-она ҳақларини чиройли қоим қилса, у нафақат ўзини, яшаб турган жамиятининг ҳам ҳақини адо этган бўлади. Чунки ота-она ҳурматини ўрнига қўйиш бу ижтимоий масаладир. Қайси оилада, қайси маҳаллада бу тарбия яхши йўлга қўйилар экан, ўша оила, ўша маҳалла гуллаб яшнайди. Бу эса охир-оқибат жамиятнинг равнақ топишига олиб келади. Ота-она рози – Худо рози, деган ҳикматнинг қиммати ҳам шунда.
Ота-онанинг розилигини олишга интилиш фазилати барча фазилатларнинг негизи, борлиқдаги ҳар қандай ҳақ-ҳуқуқларнинг келиб чиқадиган асосидир. Ота-оналар, бола тарбияси билан шуғулланаётган тарбиячилар фарзандларга қуйидаги одатларни сингдиришлари мақсадга мувофиқ:
Гуноҳга сабаб бўлмаса, ота-онанинг буюрганларини албатта бажариш;
Ота-онага мулойим сўзлаш;
Уйга кирганларида, ҳурмати учун ўрнидан туриш;
Ҳар тонг салом бериш, уйқудан олдин хайрли тун тилаш;
Мол-мулкини сақлаш;
Сўраган нарсасини бериш;
Улардан маслаҳат сўраш;
Ота-она ҳақига дуо ва истиғфор айтиш;
Улар меҳмон кутишса, олдида мунтазир бўлиб туриш;
Ота-она айтишини кутмай, уларни хурсанд қиладиган ишларни бажариш;
Отанинг олдида овозни баланд кўтармаслик;
Гаплашаётганларида орага гап қўшмаслик;
Рухсат беришмаса, уйдан чиқмаслик;
Ухлаётганларида безовта қилмаслик;
Ота-онадан аҳли аёлини ва фарзандларини устун (афзал) кўрмаслик;
Ота-она нотўғри иш қилиб қўйсалар кечириш, кўрмасликка олиш;
Кулгили гап бўлса ҳам, уларнинг ҳузурида ўзини тутиш;
Улар яхши кўрадиган овқатни илиниш;
Ота-онадан олдин таомга қўл чўзмаслик;
Уларнинг олдида чўзилиб ётмаслик;
Оёқ узатмаслик;
Уйга улардан олдин кирмаслик, олдиларига тушиб юрмаслик;
Чақирганларида тезлик билан жавоб бермоқ;
Улар ҳаёт пайтларида ҳам, вафот этганларидан кейин ҳам дўстларини ҳурмат қилиш;
Ота-онасининг ҳурматини қилмайдиган кишилар билан дўстлашмаслик.
Уларнинг ҳақларига дуо қилиш, вафот этганларидан кейин Аллоҳнинг қуйидаги каломини кўп айтиш:
رَّبِّ ٱرۡحَمۡهُمَا كَمَا رَبَّيَانِي صَغِيرٗا٢٤
«…Эй Раббим! Мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!» (Исро, 24).
Аллоҳ таъоло ота-оналаримизга чиройли хизматлар қилиб дуоларини, розиликларини топишни насиб қилсин.
Анваржон домла Ибайдуллаев,
Олтинкўл тумани “Уйшин”
жоме масжиди имом-хатиби