Шарафли касблардан бири

581

Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: ”Ишончли, ростгўй савдогар (жаннатда) набийлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан биргадир”, деб марҳамат қилганлар (Термизий ривояти).
Савдо-сотиқ билан шуғулланиш шарафли касблардан биридир. Динимиз кўрсатмасига кўра тижоратда ростгўйлик, тўғрилик, мулойимлик алоҳида ўрин тутади. Инсонларнинг ҳаққига хиёнат қилмай, бир-бирини алдамай савдо-сотиқ қилган кишиларга охиратда Аллоҳнинг энг суюкли бандалари билан бирга бўлиш бахти насиб бўлади.
Тўғрилик деганда аввало, ёлғон, хиёнат, туҳмат, бевафолик каби қабиҳ ишлардан узоқда бўлиш тушунилади.
Маълумки, ҳар қандай касбни пухта эгаллаш, ўз касбининг моҳир устаси бўлиш учун ана шу касбга тааллуқли илмни мукаммал ўрганмоқ керак. Ўз касбига муҳаббати бор инсон меҳнатдан чарчамайди, балки у роҳатланади. Меҳнатининг самарасини кўрганда барча чарчоқларини унитади. Касби туфайли атрофдагиларига ёрдами тегса, инсон ўзини бахтли деб ҳисоблайди. Демак, инсон ҳалол меҳнати билан ваъда қилинган улуғ савоблар, даражаларга эришар экан.
Демак, савдо-сотиқ, тижорат билан машғул бўлган киши динимиз кўрсатган йўлга мувофиқ тижорат қилса, унга охиратда катта ажру мукофот бўлиши, хатто жаннатда пайғамбар-у, сиддиқлар билан бирга бўлар экан. Аммо унинг акси бўлса, ўзининг фойдаси учун ҳийла-найранг, алдамчилик, кўзбўямачилик ва ғирромлик қилса, динимиз талабларидан ташқарига чиққан бўлади ҳамда қиёмат кунида оғир ҳисоб китобга мубтало бўлиши муқаррар.
Аллоҳ барча савдогарларимизни ишончли, ростгўй савдогарлардан қилсин!

Шохимардон Орипов
Улуғнор тумани
“Овулмат” жоме масжиди
(в.б) имом хатиби