Шаъбон ойида

1446

Шаъбон ойида кўплаб ҳодиса ва воқеалар бўлиб ўтган. Шулардан энг улуғи ҳижрий сананинг иккинчисида Шаъбон ойининг ярмида, душанба куни қибланинг Байтул Мақдисдан Каъбайи муаззамага бурилиш воқеасидир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бу илоҳий амрни интизорлик билан кутган эдилар. Дарҳол унга ижобат қилиб юзларини Каъбаи муаззамага қараб бурдилар. Бу ҳақда Ҳақ таоло хабар бериб шундай дейди:
“Гоҳо юзингизни (ваҳий кутиб) осмон бўйлаб ўгириб туришингизни кўраяпмиз. (Хотиржам бўлинг) Сизни ўзингиз рози бўладиган қиблага (Каъбага) юзингизни ўгиртирамиз. Юзингизни Масжиди Ҳаром (Каъба) томонга буринг! (Эй, мўминлар, сизлар ҳам) қаерда бўлсангиз, юзларингизни ўша тарафга бурингиз!..” (Бақара сураси 144 оят)
Шунда имони заиф айрим кимсалар: “Ислом тавҳид ва холислик динидир. Ибодат вақтида Каъба ёки Ақсо масжидига қараб юзланадими ёки юзланмайдими барибир эмасми? У ёки бу бинони улуғлаш кўзда тутиладими?”, деб айтишди. Уларнинг бу шубҳали саволларига Аллоҳ таоло Ўзи жавоб айтган:
“Айтинг: Албатта, намозим, ибодатим ва ҳаёту мамотим оламлар Рабби бўлмиш Аллоҳ учундир. Унга (ҳеч қандай) шерик йўқдир. Мана шу (ақида)га буюрилганман ва мен (Аллоҳнинг буйруқларига) таслим этувчиларнинг аввалиман”. (Анъом сураси 162-163 оят)
Шаъбон ойининг ярмисида бўладиган кечани ибодат, зикр, истиғфор айтиш ва қалбларни поклаш, кундузлари хайру-эҳсон ва мурувватлар қилиш билан ўтказиш, айни савобли амаллардан бўлиб ҳисобланади. Бу кечанинг фазлу-фазилати ҳақида Расул акрам (с.а.в) шундай деб марҳамат қилганлар:
“Аллоҳ таоло Ўз фазли ва карами билан барча ҳалойиққа тажаллий этади. Агар одамлар Унга юзланишса ва тавба қилиб, истиғфор айтишса, гуноҳларини мағфират қилади. Аммо унга ширк келтиришса, инсонларга ёмонликни раво кўришса, бир-бирларига ҳасад ва душманлик қилишса, уларни асло мағфират қилмас”. (Табароний ривояти)
Бу муборак кечада қандай яхши амаллар қилиш ва уни қай йўсинда ўтказиш борасида Сарвари коинот бундай таълим берганлар:
“Шаъбон ойи ярмининг кечаси келса, тоқатга яраша ибодат, зикр, истиғфор ва таҳажжуд намозлари ўқинглар ва кундузи рўзадор бўлинглар”. (Ибн Можа ривояти)
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойига ҳозирлик кўриш мақсадида Шаъбон ойида кўп кунларни рўзадор ўтказардилар. Баъзи ҳадисларга кўра Шаъбон ойида бандаларнинг қилган амаллари Аллоҳ таоло даргоҳига кўтарилади.
“Ражаб ва Рамазон ойлари ўртасида келадиган ой фазилатидан кўп одамлар огоҳ эмаслар. Амаллар Раббил оламийн ҳузурига кўтариладиган ойдир. Мен рўзадорлигимда амалим Аллоҳ ҳузурига кўтарилишини яхши кўраман” (Насоий ривояти)
Оиша разияллоҳу анҳо айтганлар:
“Мен Рамазон ойидан бошқа ойларда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам нафл рўзани мукаммал тутганларини билмайман, фақат Шаъбон ойида кўп вақт рўзадор бўлардилар”.
Шундай экан, ушбу муборак ойларни ғанимат билим, кунларимиз ва тунларимизни ибодат ила ўтказсак, албатта Аллоҳ таолонинг рахматига ноил бўламиз инша Аллоҳ.

Мухторжон домла Шарофуддинов.
Марҳамат тумани бош имом хатиби