Салафийлар ҳақида

835

Бугунги кунда бизларнинг эртамиз бўлмиш ёшларнинг тарбияси, уларнинг соғлом эътиқоди ва дунёқараши ҳақида қайғуришлик ҳаммамизнинг ва ҳар биримизнинг масъулиятли вазифаларимиздан бири бўлиб турибди. Уларни турли бузғунчи ғоя ва оқимлар таъсирига тушиб қолмаслиги учун далил ва ҳужжатлар билан маърифий тарбия асносида огоҳлантириб туришимиз керак. Чунки биз улар учун келажак авлод олдида ҳам, Яратган Парвардигор олдида ҳам жавобгармиз.
Кейинги йилларда диёримизда пайдо бўлган турли оқимларга мансуб кишилар ўзларича ҳар турли юртлардаги йўлларга интилдилар, аммо инсоф юзасидан аждодларимиз эътиқод қилиб келган ҳидоят йўли ҳақида ўйлаб ҳам кўрмадилар.
“Хизбут-таҳрир”, “Акромий”, “Ваҳҳобий” каби оқимлар ҳақида уламоларимиз кўплаб маълумотлар бериб бормоқдалар. Ана шундай оқимларнинг яна бири сохта “Салафий” оқими ҳақида ҳам ёшларимизни огоҳлантириб қўймоқчимиз.
Салафийлар Асосан, араб давлатларида кенг тарқалган, кейинги даврда эса аста-аста Ўрта Осиё ҳудудларига ҳам кириб келаётган адашган оқимлардан биридир. Салафийларнинг фикрича, бугунги Ислом уммати адашган ҳақ йўлдан оғган бўлиб, уларни саҳоба ва тобеъинлар давридаги ҳолга қайтариш, ақидаларини тубдан ислоҳ қилиш зарур. Уммат қадимдан бидъат ва ҳурофотлар ичида яшаб келмоқда. Исломни бидъатлардан тозалаб, асл салафлар даврига қайтармоқ ва ислоҳ қилмоқ лозим. Шунингдек, уларнинг иддаосича, бу шарафли вазифани зиммасига олган ва дин ғамида қайғураётган жонкуярлар ҳам, фақат салафийларнинг ўзидир.
Ислом дини таълимоти бўйича, охиратда мусулмонлар жамоъасидан фақат биргина тоифа жаннатий бўлиб, қолган тоифалар жаҳаннамийдир. Жаннатий тоифа бу — Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у зотнинг саҳобаларига эргашган жамоъа. Яъни, Пайғамбаримиз ва саҳобалар каби этиқод қилган, ақидавий қарашларида зиддият йўқ, бир-бирларини кофир ё бидъатчига чиқармайдиган, эътиқодий бирдам жамоъа бу – жаннатга кирувчи, нажот топувчи жамоъадир. Яъни, аҳли суннат ва жамоат. Салафийлар ўзларини «ҳудди шу тоифа вакиллари биз эрурмиз», деб айтадилар.
«Салафий» оқимининг барча аъзолари Ибн Таймияни «салафийчилик»нинг асосчиларидан бири, деб тан олади.
Салафийларга хос бўлган ғояларнинг бири пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ва бошқа буюк зотларнинг қабрларини зиёрат қилишликни ширк деб эътиқод қиладилар. Ваҳолонки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам “Ким мени вафотимда зиёрат қилса ҳаётимда зиёрат қилган билан тенг” деганлар. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда эса:
“Қабрларни зиёрат қилинглар, чунки у ўлимни эслатади” деганлар. (Муслим ривояти)
Намозда қўлини кўкрагига қўйиб туришни, бемазҳаб “салафийлик” фитнасининг отаси бўлган Носир Албоний исмли одам ва унинг мазҳабига эргашган албонийчилар бидъат қилиб тўқиб чиқарган бўлиб, кўриб турганингиздек, бу ишда улар ҳатто Саудиялик ваҳҳобийларга ҳам хилоф қилганлар. (Албоний томонидан бошқа юртлардаги мусулмонлар орасида фитна уруғини сочиш баробарида, ваҳҳобийларни ичида ҳам жуда кўп масалаларда хилофлар чиқариб фитна қилганлиги, жумладан аёлларни ниқоб тақиб юришига қарши китоб чиқаргани учун Саудиядан Албонийнинг ўзи ҳам кейинчалик бадарға қилинган).
Аслида, намозда қўлини кўкрагига кимлар қўйиб туриши ҳақида Аҳли суннада қабул қилинган ҳукмга келсак – бу ҳақда ҳанафий мазҳабидаги мўътабар фатво китобларда қуйидагилар келгандир ва бошқа мазҳаблар ҳам бунда хилоф эмаслар:
«Дурр ал-мухтор»да (1/508): “аёл ва хунаса кимса қўлларни кўкрак остига қўяди”, деб келади. «Радд ал-муҳтор»да эса: “Бу «ал-Мунйа»нинг айрим нусхаларида учрайди ва баъзиларида эса «сийналари устига», дейилади. «ал-Ҳилйа»да айтилади: “жумҳур айтганидек, «кўкраклари устига», дейиш афзароқдир, «сийналари устига» эмас, ҳатто иккала қўлнинг билаклари кўкрак устида сийналар устида турса ҳам, аммо бу таълим мақсадида айтилмаган”.
Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло ёшларимизни турли бузғунч оқимлар фитнасидан асрасин, омин!

Шаҳобиддин Парпиев. Асака туман бош имом хатиби