Рўзанинг қазо ва каффорати 02.06.2017 й

972

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ

Муҳтарам жамоат! Алҳамдулиллаҳ Рамазон ойининг фазилати ва улуғ ажру савобларидан умид қилган ҳолда рўза тутмоқдамиз.

Зеро, саҳардан то шомгача ейиш ичиш ва жинсий алоқадан сақланиш рўзанинг фарзлари ҳисобланди. Ушбу фарзлардан бирортаси бажарилмаса рўза бузилади. Рўзанинг қай тарзда бузилишига қараб рўзадорга қазо ёки каффорат вожиб бўлади.

Қазо дегани бузилган рўзанинг бир куни ўрнига Рамазон ойидан бошқа кунда бир кун тутиб беришга айтилади. Каффорат эса, рўзани бузиб қўйганлиги эвазига жарима тариқасида бир қул озод қилиш ёки икки ой кетма-кет рўза тутиш ёхуд олтмиш кишига таом бериш демакдир. Рамазон рўзаси каффоратининг миқдори ҳақида Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай деганлар:

قال رسول الله صلي الله عليه وسلم: “من افطر فى رمضان فعليه ما على المظاهر”

رواه الدارقطنى

яъни: “Ким Рамазон ойида рўзасини қасддан очса унга зиҳор қилган кишига лозим бўлган каффорат вожиб бўлади”. (Дорақутний ривояти).

Абу Ҳурайра (р.з.)дан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади: Бир киши Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг олдиларига келиб: Эй Расулаллоҳ, мен ҳалок бўлдим, деди. У зот: “Сени нима ҳалок қилди?” дедилар. У: Мен Рамазонда рўзадор ҳолимда аёлим билан яқинлик қилиб қўйдим, деди. Расулуллоҳ (с.а.в) дедилар: “Озод қилиш учун битта қул топа оласанми?”. У: Йўқ, деди. “Икки ой кетма-кет рўза тута оласанми”, дедилар. У: Йўқ, деди. “Унда олтмишда мискинга берадиган таоминг борми?”, деб сўрадилар. У яна: Йўқ,  деб жавоб берди. Расулуллоҳ (с.а.в.) унга: “Ўтириб тур”, дедилар. Шу пайт Расулуллоҳга бир идишда 30 соъ хурмо келтиришди. Расулуллоҳ хурмони у кишига бериб: “Мана буни садақа қил”, дедилар. У киши: Ўзимдан фақирроқ кишиларгами, бу ерда мендан кўра фақирроқ оиланинг ўзи йўқ, деди. Шунда Расулуллоҳ кулиб: “Ундай бўлса бориб оилангга едир”, дедилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси 2017 йил учун фидянинг (мискиннинг бир кунлик таоми) миқдорини ҳисоблаб уни 12.000 сўмлигини маълум қилди. Мазкур воқеадан каффоратнинг тартибини англаб олишимиз мумкин бўлади.

Муҳтарам азизлар! Энди Рўзанинг қазо ва каффоратига оид фиқҳий китобларимизда баён қилинган масалаларнинг баъзиларини зикр қиламиз:

– ким қуйидагиларни ўз хоҳиши билан амалга оширса, унинг рўзаси бузилади ва унга рўзанинг қазосини тутиб, каффорат ўташ вожиб бўлади;

–  озуқа ёки дармон бўлувчи бирон нарсани қасддан ейиш ёки ичиш;

– жинсий алоқа қилиш. Яъни, бундай ҳолатда маний тўкилиши ёки тўкилмаслигининг фарқи йўқ. Гарчи аёл эркак тарафидан мажбурланса, унга ҳам каффорат вожиб бўлади;

– каффорат фақат Рамазон рўзасини узрсиз очганлар учун тайин қилинган. Бошқа турдаги рўзаларни очиб юборганлар фақат рўзанинг қазосини тутадилар, каффорат уларга вожиб бўлмайди. Каффорат Рамазон ойи рўзасининг ҳурматидан шариатга жорий қилинган. Сабаби бу улуғ ойда тутиладиган рўзанинг қадри ва ўрни катта.

Қуйидаги ҳолатларда рўза очилиб, фақат қазосини тутиш вожиб бўлади:

  • озуқа саналмайдиган ва одам одатда уни емайдиган нарсаларни тановул қилиш. Масалан, хом гуруч, хамир, кўп миқдорда туз ейиш, пишмаган мева ейиш, тишлар орасида қолган нўхатдан катта нарсани ейиш, пахта, қоғоз, тери, тош, танга каби нарсаларни тановул қилиш;
  • овқат ёки дори-дармонни шаръий узр – беморлик, сафар ёки мажбурлаш, хато, эътиборсизлик ҳамда шубҳа сабабидан тановул қилиш;
  • ўз ихтиёри билан ичига тутун ютса;
  • бир одамнинг мажбурлаши ёки алдов йўли билан рўзани очириб юборса;
  • саҳарлик вақти ҳали чиққани йўқ, деган гумон билан еб-ичишда давом этса ва бориб қараганда саҳарлик вақти чиққан бўлса, шунингдек, ифтор вақти бўлди, деб ўйлаб, оғзини очганидан кейин ҳали ифтор вақти бўлмагани маълум бўлса;
  • қасддан оғзи тўла қусса ҳам қазо тутади. Агар рўзадорлиги эсидан чиқиб, оғзи тўлмасдан таом эмас балғам қусса, рўза очилмайди;
  • таҳоратда оғиз чаяётганида эҳтиётсизлик билан сув ютиб юборса;
  • бир киши кечаси саҳарликдан олдин ният қилолмай, кундузи ният қилган бўлса, кейин рўзам тўғри бўлармикан, деган шубҳа билан таом еса, ёки ичимлик ичса қазосини тутиб беради.

Муҳтарам биродарлар! Биз юқорида санаб ўтганларимиз рўзанинг бузилишига сабаб бўладиган омиллар эди. Энди, гарчи рўза бузулмасада унинг савобини камайтиришига ёки бутунлай қабул бўлмаслигига сабаб бўладиган амалларни зикр қиламиз. Шояд, бундай амаллардан ўзимизни сақлаш билан рўзанинг мукаммал бўлишига эришсак.    

Пайғамбаримиз алайҳис салом ўз ҳадиси шарифларида рўзадорларни огоҳлантириб шундай марҳамат қилганлар:

” رُبَّ صائم حظُّه من صومه الجوع والعطش. و رُبَّ قائم حظُّه من قيامه السهر “

رواه الطبرانى

яъни: Шундай рўзадор борки у тутган рўзасидан очлик ва ташналикдан бошқа насиба олмайди. Шундай намоз (Таровеҳ) ўқувчи борки у кечаси туриб ўқиган намозидан уйқусизликдан бошқа насиба олмайди”.

Ушбу ҳадисда рўзанинг тартиб қоидаларига риоя қилмасдан фақат оч ва ташна юргандан, ихлоссиз бўлган бедорликдан ҳеч қандай фойда йўқлиги маълум қилинмоқда. Ушбу маънода Аллоҳ таоло ҳадиси Қудсийда шундай марҳамат қилган:

” يقول الله عز و جل : مَنْ لم يصم جوارحه عن محارمى فلا حاجة أن يدع طعامه وشرابه من أجلى “

رواه ابو نعيم

яъни: Кимки рўза тутсаю аъзолари ҳаром қилган нарсаларимдан тийилмаса Мен учун ейиш ва ичишни тарк қилишига ҳеч ҳожат йўқ.

Шундай экан умид билан рўза тутаётган ҳар бир инсон рамазон ойи давомида тили, қўли, кўзи ва бошқа аъзолари билан бирор хатога йўл қўйиб рўзасига зарар етказиб қўйишдан эҳтиёт бўлиб юриши лозим бўлади

Тилини ғийбат, иғво, бўҳтон каби иллатлардан тийиб, имкон борича Аллоҳни кўпроқ зикр қилиш ва Қуръон тиловати билан шуғулланиш ёки сукут сақлаш лозимлигини уламоларимиз рўзанинг одобларидан деганлар.

Тилдан содир бўладиган хато туфайли рўзага етадиган зарар ҳақида Расулуллоҳ (сав) қуйидагича марҳамат қилганлар:

” الصيام جُنَّةٌ ما لم يخرقها. قيل : بِمَ يخرقها ؟ قال : بكذب أو غيبة “

رواه النسائى و ابن خزيمة و الطبرانى

яъни: “Рўза (ёмонликлардан тўсувчи) пардадир, модомики у йиртилмаса. Нима билан йиртилади?” – дейилди. “Ёлғон ва ғийбат билан” – дедилар.

Ушбу маънодаги иккинчи бир ҳадисда:

” الصيام جُنَّةٌ. فإذا كان صوم يوم أحدكم فلا يرفث ولا يَصخب فإن سابَّه أحد أو قاتله فليقل إنى صائم إنى صائم “

رواه النسائى و إبن ماجه

яъни: Рўза (ёмонликлардан тўсувчи) пардадир. Сизлардан қайси бирингиз рўзадор бўлса, фаҳш сўзларни сўзламасин, жанжаллашмасин, агар бирор киши уни сўкса ёки урса, мен рўзадорман, мен рўзадорман десин”.

Рўзанинг одобларидан яна бири рўзадор камтар бўлиши яъни тутган рўзаси билан мағрурланмаслиги лозим. Чунки банда қилган ибодати Аллоҳ даргоҳида қабул бўлдими йўқми билмайди. Салаф уламолар Аллоҳ буюрган барча ибодатларни ўз вақтида мукаммал адо этишликга ҳаракат қилар эдилар. Амални адо этиб бўлгандан кейин хавф ва ражода турар эдилар. Яъни қилган амалим қабул бўлдими ёки йўқми деб қўрқинч ва умид билан турар эканлар. Шу боис биз рўзадорларга ифтор пайти хавф ва ражода туриш салафлардан қолган суннат ҳисобланади.

Муҳтарам жамоат! Муборак Рамазон ойида қилинган хайрли амалларга савоблар янада кўпайтириб берилади. Шундан умидвор бўлиб мўмин мусулмон халқимиз рўзадорларга ифторлик дастурхони ёзишга харакат қилишади. Албатта, рўзадорга ифторлик қилиб беришнинг савоби улуғлиги ҳақида Пайғамбаримиз с.а.в.дан ҳадислар ворид бўлган. Бироқ, хайру эҳсон дегани фақат дастурхон ёзиш дегани эмас. Балки, моддий жиҳатдан қийналган хонадонлар, етим-есир, бева бечораларга хайру саҳоват қилиш айни кунларда энг улуғ савобли амал саналади.

Алҳамдулиллоҳ, ҳозир тўқчилик даври, ҳамманинг ҳам рўзғорида егулиги бор. Шундай экан, дастурхонни турли туман нозу неъматлар билан тўлдириб, устига устак қорни тўқ одамларни чақириб ифторлик қилиш исроф ҳисобланади. Аллоҳ таоло исрофдан қайтариб:

وَكُلُوا وَاشْرَبُوا وَلَا تُسْرِفُوا إِنَّهُ لَا يُحِبُّ الْمُسْرِفِينَ

яъни: “Еб-ичингиз, (лекин) исроф қилмангиз! Зеро, У исроф қилувчиларни севмагай”, деган (Аъроф, 31). Еб-ичишдаги исроф – қорин тўқ бўла туриб, устига яна таом ейиш, деган тафсир ҳам бор. Пайғамбаримиз с.а.в. ҳам ҳадисларида марҳамат қилдилар:

“ما ملأ آدمي وعاءً شراً من بطنه، بحسب ابن آدم أكلات يقمن صلبه، فإن كان لا محالة، فثلث لطعامه وثلث لشرابه وثلث لنفسه”

رواه أحمد والترمذي

яъни: “Одам боласи тўлдирган идишларнинг ичида энг ёмони унинг қорнидир. Одам боласига қаддини тутиб туриши учун озгина луқма таом кифоя қилади. Агар ҳеч иложи бўлмаса қорнининг учдан бирини таомга, иккинчи қисмини ичимликка ва учинчи қисмини нафасга ажратсин” (Аҳмад ва Термизий ривояти).

Имом Ас-Сарахсий “Мабсут”ларида айтадилар: “Дастурхонга ейдигандан ортиқча турли неъматларни қўйиш ҳам исрофдир. Батаҳқиқ, баён қилиб ўтганимиздек, эҳтиёждан ортиқ миқдори бошқаларнинг ҳаққи бўлади”.

Биз ифторлик дастурхони атрофида ўтирганимизда бир нарса устида мулоҳаза қилмоғимиз лозим, ҳозир дунёда қанчадан қанча одамлар очлик азобини тортмоқдалар, миллионлаб гўдаклар очликдан нобуд бўлмоқда. Бир луқма таом ёки бир бурда нонга зор бўлганлар қанча. Аллоҳга шукрким, бизнинг юртимизда ҳеч ким очликдан ўлмайди. Лекин, исрофдан тийилмасак, бунинг оқибати яхши бўлмайди.

Шундай экан, савоб талабида бўлган кишилар хайру саховатлари қанча бўлса ҳақдор кишиларни топиб уларнинг ҳожатларини чиқариш йўлларига сарфлашлари мақсадга мувофиқ, айни савоб ишдир. Қолаверса, меҳрибонлик уйлари ва боқувчисини йўқотганларга хайрия, мактаб, синфхона, кўчаларнинг таъмири, ногирон болаларга совға салом каби ишларга хисса қўшишлик бу ойда ажру савоби улуғ амаллардан саналади.

Яна бир эътиборингизни қаратишимиз лозим бўлган ҳолат, айрим намозхонларимиз таровиҳ намозларига ҳали балоғатга етмаган болаларни етаклаб келишмоқда. Намозни аслида моҳиятини тушунмаган болаларни бундай олиб юриш дуруст эмас. Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳам ёш болаларни масжидга олиб келишлик дуруст эмаслигини эслатганлар.

Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзи рози бўладиган амалларга муваффақ айлаб,  Рамазон ойининг шарофатидан баҳраманд бўлишимизни насиб этсин. Омин!

ro’zaning qazosi va kafforati juma tezisini pdf форматда юклаб олиш

Манба: muslim.uz