Бизларни муборак ойга етказган Аллоҳга ҳамд бўлсин! Рамазон беҳисоб имкониятлар ойидир. Сиз рўза тутиб қанчалик унинг риоясини, ҳурматини жойига қўя олмоқдасиз? Рўза тутиб фақатгина емоқ-ичмоқдан тийилиб гуноҳлардан сақланмай, нафсни ўз ҳолига ташлаб қўйган бўлсангиз тутаётган рўзангиз сизни шафоат қила олармикин?

   Бу ой – Қуръон ойидир! Уни очиб қачон ўқидингиз? Билмасангиз ўрганишга харакат борми сизда?
Билингки, рўза ва Қуръон эгасини шафоат қилади. Қачонки уни хаққини адо қилсангиз. Бу ойни эъзозлаб, қалбан покланиб чиқсангиз.
Қуйидаги ҳадиси шариф бандани қалбига қувонч олиб киради.

عن عبد الله بن عمرو أن رسول الله صلى الله عليه وسلم قال: « الصِّيَامُ وَالْقُرْآنُ يَشْفَعَانِ لِلْعَبْدِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ، يَقُولُ الصِّيَامُ: أَيْ رَبِّ، مَنَعْتُهُ الطَّعَامَ وَالشَّهَوَاتِ بِالنَّهَارِ، فَشَفِّعْنِي فِيهِ، وَيَقُولُ الْقُرْآنُ: مَنَعْتُهُ النَّوْمَ بِاللَّيْلِ، فَشَفِّعْنِي فِيهِ ، قَالَ: «فَيُشَفَّعَانِ».

   Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Рўза ва Қуръон (қиёмат куни) бандани шафоат қилади. Рўза айтади: “Ё, Роббим, мен уни кундузи таом ва шаҳватлардан тўсдим, энди уни шафоат қилишим учун изн бер”. Сўнгра Қуръон айтади:
“Ё, Роббим, мен уни кечаси уйқудан тўсдим. Энди уни шафоат қилишим учун изн бер”. Бас, у иккисига (бандани) шафоат қилиш имкони берилади”

   Имом Аҳмад ривояти.

   Пайғамбар алайҳис саломнинг рўзадор ва Қуръон соҳибини шафоат қилиш ҳушхабарини энди бир мулоҳаза қилиб кўринг!
Сиз рўза тутиб гуноҳлардан парҳез қилмасангиз, Қуръонга муҳаббат қилиб Уни ўқимасангиз, таровеҳларга қатнашмаётган бўлсангиз охиратда бундай улуғ насибадан бебахра қолманг, азиз биродар!

   Ҳулоса ва мулоҳазани ўзингизга қолдирамиз, азизлар!

   Аллоҳ азза ва жалла бизларни рўзаси ва ўқиган Қуръони шафоат қила оладиган бандаларидан қилсин!

Абдурахмон домла Артиқов
Андижон шаҳар “Уйғур” жоме масжиди имом ҳатиби