Аллоҳ таоло ҳар бир инсонни дунёга рағбатли қилиб яратган. Шу боис у кўпинча мол-дунё тўплаб фаровон ҳаёт кечиришга интилади, турли йўллар билан мол-мулкни қўлга киритиш пайидан бўлади. Мол-дунё, бойлик орттиришнинг ягона йўли тўғри ва ҳалол касб билан меҳнат орқали бойишдир. Зеро, манбаларда касбларнинг энг яхшиси ҳалол савдо ундан кейин чорвадорлик, деҳқончилик, ҳунармандчилик экани келтирилган. Шунингдек, савдо Исломгача ҳам энг шарафли, фойдали ва мақталган касблардан саналган. Аллоҳ таоло савдони ҳалол, рибони эса ҳаром килгани ҳақида бундай деган:”…Аллоҳ байъни ҳалол, судхўрликни (эса) ҳаром қилган…” (Бақара, 275).
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Қайси қавмда рибо ва зино зоҳир (очиқ ойдин) бўлса, улар ўзларига Аллоҳ азза ва жалланинг азобини вожиб қилиб оладилар” (Имом Аҳмад ривояти).
Шунинг учун тижорат аҳли ҳалолни маҳкам тутиши, ҳаромдан узоқ бўлиши, дунёдан кейин охират келиши, у ерда эса, қаердан топдинг, қаерга сарфладинг, деган савол бўлишини эсдан чиқармаслиги лозим. Қолаверса, ҳаром луқма ибодатлар ва дуоларнинг қабул бўлмаслигига сабаб бўлади.
Тижорат аҳли, ўзларига Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламни ва саҳоба розияллоҳу анҳумларни намуна қилиб олишлари, уларнинг ичида тириклигидаёқ жаннат башорат қилинган Абдурроҳман ибн Авф каби беҳисоб мол-мулкка эга бўлган тижоратчилар ҳам бўлганлиги, лекин тижорат уларни Аллоҳнинг зикри ва ибодатидан тўсмаганлигини билишлари ҳам зарур.
Ислом динида кишилар ўртасидаги тадбиркорлик, ишбилармонлик ва ҳамкорлик муносабатларини ўзига хос ҳусусиятлари ва нозик жиҳатларига доир масалалар муфассал баён қилинган бўлиб, инсонларни доимо ҳақ ва адолатга риоя қилишга тарғиб этилади.
Ҳақ ва адолат кишининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини ташкил этади. Аллоҳ таоло “Наҳл” сураси 90-оятида бу ҳақида шундай деб марҳамат қилади:
“Албатта, Аллоҳ таоло адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга яхшилик қилишга буюрур, ҳамда бузуқчилик, ёвуз ишлар ва зулмдан қайтарур”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Бир киши алдов билан бировнинг ҳаққини олса, Аллоҳ уни жаҳаннамга дохил қилади ва жаннатдан йироқлаштиради” дедилар. Шунда бир киши: “Эй Аллоҳнинг Расули! Агар у ҳақ қийматсиз арзимас бир нарса бўлсачи?” деб сўради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳатто мисвок дарахтидан бир шоҳ парчаси бўлса ҳам”, деб таъкидладилар.
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Ростгўй, омонатли тожир (тижоратчи) набийлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан биргадир” (Термизий ривояти).
Дарҳақиқат, ҳадиси шарифда айтилганидек, шундай улуғ зотлар билан бир сафда туриш олий даража ҳисобланади. Чунки мазкур сифатларга эга тижоратчи савдо қилганида фожирлик, алдамчилик ва ҳаромхўрликка йўл қўймайди. Агар у тақводор, яхшилик қилувчи ва ростгўй бўлмаса, бу дунёда ҳасрат чекади, охиратда эса шарманда бўлади.
Савдогар шариат кўрсатмасига биноан йўл тутса, ибодат саналиши билан бирга баракали бўлади. Сабаби, бундай савдогарлар тижоратлари орқали нафақат ўзларига, балки атрофдаги жамият, қишлоқ, шаҳар ва маҳаллаларга ҳам катта манфаат келтириб, кўпчиликнинг эҳтиёжини қондирадилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Савдогарлик қилинглар, зеро, инсон ризқлари 10 қисм бўлиб, 9 қисми савдогарликда, яъни олди–сотдидадир“, деганлар.
Савдо Ер юзида тинчилик, осойишталик ва кишилар ўртасидаги ишонч ришталарини таъминловчи асосий омиллардандир.
Жамиятда у билан шуғулланмайдиган киши деярли йўқ. Киши нимадир сотиб олади ёки сотади. Тижоратнинг тартиб-қоидаларига амал қилингандагина баракали ва фаровон бўлади. Ҳар бир нарсанинг тартиб-қоидалари бўлганидек, савдонинг ҳам тартиб-қоидалари бор.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу савдо қонун-қоидаларини билмайдиганларни ўзига ё ўзгага зарар қилмасин деб бозорга киритмас эканлар. У зот бундай деганлар: “Динда фақиҳ бўлмаган ва савдо қонун-қоидаларини билмаган киши бозорда савдо қилмасин, чунки у ўзига ёки ўзгага зарар қилади“. Ҳақиқатан, савдо қоидаларини билмасликнинг оқибати жуда ҳам хатарлидир.
Баро Ибн Озиб розияллоҳу анҳу айтадилар: Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам Бақиъга келдилар: “Эй, тожирлар жамоаси!”, дедилар. Ҳамма у кишига қаради, шунда у зот: “Албатта, тужжорлар қиёмат кунида фожир бўлиб тириладилар, фақат ким Аллоҳдан қўрқса, солиҳ амал қилса (эҳсон қилса) ва рост сўзласа бундан мустасно”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Бу ҳадиси шариф тижорат шарафли касб бўлиш билан бирга ўта масъулиятли касб эканлигини билдириб турибди.
“Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бозорда буғдой сотаётган одамнинг олдидан ўтиб қолдилар. Сотувчи олдида тўхтаб қўлларини буғдойнинг ичига тиққанларида қўллари нам бўлиб чиқди. Шунда сотувчига қараб: “Бу нимаси?”-дедилар. У одам : “Ёмғир теккан эди, ё Расулаллоҳ”, – деб баҳона қилган бўлди. Он ҳазрат айтдиларки: “Ёмғир теккан бўлса, нега ташқарисига чиқариб қўймай, ичига яшириб қўйдинг? Ахир одамлар молингни яхши-ёмонини билиб, кўриб, ундан кейин харид қилсинлар-да. Кимки бизни алдаса, у биздан, яъни мусулмонлардан эмас”, – дедилар.
Савдо молининг айби бўлса, уни харидорга айтиб сотиш керак, айбини кўриб туриб олса, ўзининг иши. Демак, савдода алдамчилик қилиш савдогарни мусулмонга хос ахлоқ доирасидан чиқарар экан.
Бозорда ўзининг аччиқ анорини ўтказиш мақсадида шеригининг ширин анорини кесиб кўргазмага қўйиш, сигирни бир икки кун соғмасдан, елинини шишириб, бозорга олиб чиқиш, қазига гўшт тайёрлашда сув сепиб, намлаш эвазига оғирлаштириш, кило ва литрдан уриб қолиш каби кун ўтган сари янгидан-янги усулларини ихтиро қилиш яхши эмас. Чунки шуларнинг барчаси сиртдан қаралганда, фойдали кўринса-да, улар орқали топилган мол-мулк баракасиз бўлиб, эгасига вафо қилмайди. Шу боис савдогар ростгўй бўлиши, қасам ичиб молини ўтказишга уринмаслиги лозим. Тўғрилик билан, бировни алдамасдан қилинган савдода барака бўлади. Бу барака эса, албатта, эгасига ва унинг оиласи-ю рўзғорига юқади, фойда беради. Шунингдек, унинг даражаси ҳам икки дунёда баланд бўлади. Инша Аллоҳ..
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки кун бўйи ишдан, меҳнатдан чарчаб, кечқурун ҳалол меҳнатнинг чарчоғи билан ётса бомдодгача Аллоҳ унинг гуноҳини кечиради”, дедилар.
Ҳалол меҳнатнинг фазилати, ҳалол касбнинг шарофати гуноҳларини кечиришликка сабаб бўлади. Тоатларни қабулига сабаб бўлади. Фарзандларни ҳалол покиза ризқ билан боқишликка сабаб бўлади.
Мана шундай ҳалол касблардан, покиза ишлардан Аллоҳ ва Расули рози бўладиган амаллардан бири “ҳалол тижоратдир”.
Аллоҳ таоло ватанимиз равнақига ҳисса қўшаётган, иқтисодий соҳада хизмат қилаётган барча юртдошларимизга ўзи тавфиқ, куч қувват ато қилсин, қиёмат кунида ваъда қилинган улуғ ажрларни барчаларига насиб қилсин.
Манбалар асосида Хўжаобод туман “Етти чинор” жоме масжиди имом ноиби Мухаммадкуддус Абдулманнон тайёрлади.