Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бандани яратмасдан аввал ризқини тайинлаб қўйган. Банда эса ҳали у томон, ҳали бу томон югуриб елади. Банданинг касби ҳам шуда, аслида. Ризқ топишнинг сабабини қилиш вазифаси. Кейин ўша ризқни Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло беришини кутади.
Ҳар қанча ҳаракат қилсак ҳам бизларга насиб этганига молик бўламиз. Насиб этмагани эса қўлимизда бўлса ҳам етиша олмаймиз:
Насиб қилса келур Шому, Ироқдан.
Насиб кетса кетур қошу, қабоқдан.
Аллоҳ таоло Қуръонда баён қилади:
وَكَأَيِّن مِن دَابَّةٍ لَا تَحْمِلُ رِزْقَهَا اللَّهُ يَرْزُقُهَا وَإِيَّاكُمْ وَهُوَ السَّمِيعُ الْعَلِيمُ
Яъни: “Қанчадан-қанча жонзотлар борки, ризқини кўтара олмайди. Уларга ҳам, сизларга ҳам Аллоҳ ризқ берадир. Ва У ўта эшитгувчи ва ўта билгувчи зотдир”. (Анкабут сураси, 60-оят)
لَهُ مَقَالِيدُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ يَبْسُطُ الرِّزْقَ لِمَن يَشَاءُ وَيَقْدِرُ إِنَّهُ بِكُلِّ شَيْءٍ عَلِيمٌ
Яъни: “Осмонлару ер (хазиналари) калитлари Уникидир. У хоҳлаган одамига ризқни кенг ёки тор қилур. Зотан у барча нарсани ўта билгувчи зотдир”. (Шўро сураси, 12-оят)
وَلَوْ بَسَطَ اللَّهُ الرِّزْقَ لِعِبَادِهِ لَبَغَوْا فِي الْأَرْضِ وَلَكِن يُنَزِّلُ بِقَدَرٍ مَّا يَشَاءُ إِنَّهُ بِعِبَادِهِ خَبِيرٌ بَصِيرٌ
Яъни: “Агар Аллоҳ бандаларига ризқни кенг қилиб қўйса, албатта, улар ер юзида ҳаддан ошиб кетурлар, лекин У Ўзи хоҳлаганига ўлчов билан туширур. Албатта, у ўз бандаларидан ўта хабардор ва уларни ўта кўргувчидир”. (Шўро сураси, 27-оят)
Ривоят қилибдиларки, басралик бир савдогар Чин мамлакатига тижорат учун йўлга чиқди. Йўлга тушиб, энди кемага чиқаётганида бир кекса оқсосқол қўлида бир қоп юк билан келиб савдогарга илтимос қилди:
- Мен шу қопдаги қалайларни денгизга ташлайман деб назр қилган эдим. Агар малол келмаса шуни олиб кетсанг, денгизнинг ўртасига келганда сувга ташлаб юборарсан.
Савдогар қопдаги қалайларни олиб қолди ва эҳтиёт шарти ила чолнинг кимлиги ва турар жой манзилини суриштириб олди. Йўлга тушиб денгизнинг ўртасига яқинлашганида бирдан қаттиқ шамол бўлиб тўфон кўтарилиб, қопни сувга ташлаш ёдидан кўтарилиб қолди. Манзилга етиб бориб савдо-сотиғини бошлаган эди, бир йигит келиб унинг қаердан келганини сўраб билганидан кейин:
- Басранинг қалайлари сифатли бўлади, мабодо олиб келмадингизми? – деб сўраб қолди. Шунда савдогар мўйсафиднинг илтимосини унутганини билди. Ўзича мулоҳаза қилиб, қалайни сотиб пулини эгасига топширишни маъқул кўрди.
Басрага қайтгач, мўйсафид яшаган маҳаллага бориб уни суриштирса, вафот этган экан. Меросхўрларига берай, деса ўзи ёлғиз яшаган экан. Айтишларига қараганда бир камбағалроқ жияни бор экан, лекин у билан ҳам: “Сен мерос олиш учун менинг ўлимимни кутиб юрибсан”, деб ранжитаверганидан йигит шаҳардан бош олиб кетиб қолган экан.
Савдогар яна бошқа меросхўр чиқиб қолар, деган ниятда пулини асраб қўйди. Орадан кўп ўтмай Чин мамлакатида ундан қалайни сотиб олган йигит келиб қолди.
- Мен қалайини уйга олиб бориб синдириб кўрсам, орасидан олтин чиқди. Мен сиздан олтин эмас, қалай сотиб олган эдим, бу олтинлар мен учун ҳаромдир, деб ортингиздан суриштириб юриб топиб келдим, – деб келганининг сабабини тушунтирди йигит.
Савдогар ҳам унга қалайни қандай қилиб олиб, унга нима учун сотганини-ю, чолнинг меросхўри кетиб қолгани ҳақида батафсил гапириб берди. Бу сўзларни эшитган йигит кулиб юборди.
- У мўйсафид менинг амаким бўлади. Мен ўша ёлғиз меросхўрман. Амаким бойлигини сувга ташлашидан мақсад мени меросдан маҳрум қилиш эди. Лекин Аллоҳ таоло уни менга насиб қилган экан, ўзим ҳам билмаган ҳолда менга етказди, – деди.
Йигитнинг чиндан ҳам мўйсафидга жиян экани тасдиқлангач, савдогар унга омонатни топширди.
Хулоса ўрнида шуни айтишимиз мумкинки, ризқ топиш, бойлик ортириш ва орзу ҳавасларга етишиш учун ҳеч нарсага қарамай, бировларнинг ҳақларидан қўрқмай, ибодатларни ҳам тарк этиб, фақат тирикчилик ортидан қувганимиз билан Аллоҳ таоло тақдиримизда битиб қўйган ризққагина эга бўлар эканмиз. Шунинг учун ҳалол касбнинг тадбирини қилиб, таваккул қиладиган бўлсак, албатта белгиланган ризқимизга эга бўлаверамиз. Ички ҳодиржамлик, танамиз соғлиги ва оила фаровонлигини қўлдан бой бериб қўймаймиз. Аллоҳ таоло барчаларимиз ҳалолдан ризқларимизни зиёда қилсин.
Абдужаббор домла Расулов,
Марҳамат тумани “Сулаймон сирли”
жоме масжиди имом-хатиби