Рамазонда рўза тутишнинг фарз эканлиги ҳақида

775

Бу хусусда Аллоҳ таоло бундай дейди: «Эй мўминлар! Сизлардан аввал ўтган бандаларга фарз қилингани каби, сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди. Шоядки, сизлар тақво қилсангизлар!»

Талҳа ибн Убайдуллоҳ разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Бир бадавий сочлари тўзиган ҳолда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб деди: «Ё Расулуллоҳ! Менга хабар беринг, Аллоҳ менга қайси намозларни фарз қилган?» Жаноб Расулуллоҳ: «Бир кеча-кундузда беш вақт намозни фарз қилган, бироқ бунга қўшимча тарзда хоҳлаганингча нафл (ихтиёрий намоз) ўқишинг мумкин»- деб жавоб бердилар.

Бадавий: «Хабар беринг, Аллоҳ менга қайси рўзани фарз қилган?»- деб сўради. «Рамазон ойининг рўзасини тутишни, бироқ бунга қўшимча тарзда бир оз нафл рўза тутишинг мумкин», – дедилар Жаноб Расулуллоҳ. У яна сўради: «Хабар беринг, Аллоҳ менга нималар учун закот беришни фарз қилган?» Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унга исломда закот бериладиган моллар қайсилар ва улар қайси миқдорга етганда қанчадан ва кимларга берилиши ҳақида хабар бердилар. Бадавий: «Сизни мукаррам қилган худо ҳаққи-ҳурмати, қасам ичиб айтаманки, Аллоҳ менга фарз қилган амали солиҳларни кўпайтирмасман ҳам, камайтирмасман ҳам», – деди. «Агар бу киши қавлида мустаҳкам бўлса, нажот топади (ёки «жаннатга киради», – дедилар шекилли)», – дедилар Жаноб Расулуллоҳ».

Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Муҳаррам ойининг ўнинчи куни рўза тутар эдилар ва бошқаларни ҳам шу куни рўза тутишга буюрар эдилар. Рамазон ойининг рўзаси фарз қилингандан сўнг, Муҳаррам ойида тутадиган рўзани тарк этдилар».

Абдуллоҳ ибн Умарнинг ўзлари ҳам Рамазонда рўза тутиш фарз қилингандан кейин Муҳаррам ойида рўза тутишни тарк этдилар. Аммо, нафл рўза Муҳаррамнинг ўнинчи кунига тўғри келса, тутар эдилар.

Оиша разияллоҳу анҳо айтадилар: «Жоҳилия даврида (яъни, исломдан аввал) Қурайш қавми Муҳаррамнинг ўнинчи куни рўза тутар эди. Сўнг (яъни, ислом дини барпо бўлгандан сўнг), Жаноб Расулуллоҳ Рамазонда рўза тутишни буюриб: «Хоҳлаган киши Муҳаррам ойининг ўнинчи куни рўза тутсин, хоҳламаган киши тутмасин», – дедилар».

БЎСТОН ТУМАНИ

БОШ ИМОМ-ХАТИБИ

ҚОДИРОВ БАХТИЁРЖОН