Шариатимизда Рамазон рўзаси қибла Қуддус шаҳридан Макка шаҳрига ўзгарган йили, яъни ҳижратнинг иккинчи йили, Шаъбон ойида ушбу оятга кўра фарз бўлган.
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ كُتِبَ عَلَيْكُمُ الصِّيَامُ كَمَا كُتِبَ عَلَى الَّذِينَ مِن قَبْلِكُمْ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ
“Эй, иймoн кeлтиргaнлaр! Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки тақводор бўлсаларингиз”. (Бақара. 183)
Рўза тақво ҳосил қилдирадиган, сабрга ўргатадиган ойдир. Бу ой гуноҳкорларнинг гуноҳларидан қайтишлари учун катта фурсатдир. Мусулмон кун давомида адо этиб юрган намоз, садақа каби яхши ишлари ундан бандалик билан содир бўлган гуноҳларини кетказиб туради. Аммо булардан ҳам ортиб кетган гуноҳлари бўлса Рамазон ойи рўзаси билан кетказилади. Шунинг учун бу ойда кўплаб тавба қилишлик, истиғфор айтиш, савобларни кўпайтириш зарур.
Рамазон ойи шундай муборак ойки, бу ойда Қуръон нозил бўлган. Рўза тутиш фарз қилиниши билан бу ойнинг фазилатлари янада зиёда бўлган. Рўза инсоннинг соғлигига шифо бўлса, Қуръон унинг руҳиятига шифодир. Бу ой мусулмон киши учун интизом ойидир, меҳр-шафқат ойидир. Бу ойни эҳтиром қилганларга юксак мукофотлар ваъда қилинган. Инчунун Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:
وعن أبي هريرة رضي الله عنه قال قال رسول الله صلى الله عليه وسلم من صام رمضان إيمانا واحتسابا غفر له ما تقدم من ذنبه . ومن قام رمضان إيمانا واحتسابا غفر له ما تقدم من ذنبه. ( متفق عليه )
“Кимки иймон билан, савоб умидида рамазон рўзасини тутса, унинг олдинги гуноҳлари мағфират қилинади. Ким Рамазонда иймон билан, савоб умидида қоим бўлса, унинг олдинги гуноҳлари мағфират қилинади. Ким Қадр кечасида иймон билан, савоб умидида қоим бўлса, унинг олдинги гуноҳлари мағфират қилинади. (Имом Бухорий ва имом Муслим Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар)
Бу ой мусулмонлар учун алоҳида марҳамат эрур. Аслида бошқа умматларга ҳам бундай имкон берилган эди, бироқ улар буни тўла қабул қилишмаган. Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинади: “Аллоҳ таоло яҳудийлар ва насронийларга ҳам рамазон рўзасини фарз қилди.
Яҳудийлар бу ойнинг рўзасини тарк қилиб, йилнинг бир кунида – бу кун Аллоҳ таоло Фиръавнни ғарқ қилган кун деб рўза тутдилар. (Яъни, муҳаррам ойининг ўнинчи куни – ашуро куни рўза тутдилар).
Насронийлар эса, рамазон рўзасини тутдилар. Бас, қаттиқ иссиққа тўғри келиб қолдилар. Шунда рамазонни ўзгармайдиган вақтга сурдилар. Сўнгра унга яна зиёда қиламиз деб, ўн кунни қўшиб қўйдилар. Сўнгра подшоҳлари касал бўлиб етти кунни назр қилади, улар буни ҳам қўшиб қўйдилар. Кейин бошқа бир подшо келиб: “бу уч кунга нима бўлди”, дейди ва рўзани тўлиқ эллик кун қилиб қўйди.” Бу Аллоҳ таолонинг ушбу сўзининг маъносидир:
اتَّخَذُواْ أَحْبَارَهُمْ وَرُهْبَانَهُمْ أَرْبَاباً مِّن دُونِ اللّهِ
“Улар Аллоҳни қўйиб ўзларининг ҳибр ва роҳибларини Робб тутдилар”.
Демак азизлар бу ой биз мўминлар учун фарз қилинган экан қолган озгина фурсатларни ҳам ғанимат билиб, кечаларини ибодатда ўтказиб, қўлимиздан келганча хайру саҳоват қилиб, Аллоҳ таолонинг раҳмати, мағфирати ва жаннатига эришиб олмоғимизни барчамизга насиб қилсин. Келгуси рамазон ойларига барчамиз соғ-саломат етиб олишликни, юртимизда бўлиб турган турли хил балоларни тез орада бизлардан кўтарилишлигини насиб қилсин. Омин!
Муҳаммадсоли домла Иминов,
Марҳамат туманидаги
“Полвонтош” жоме масжиди имом-хатиби