Юртимизга ойларнинг энг улуғи ва буюк фазилатлар билан зийнатланган Рамазони шариф кириб келмоқда. Аллоҳ таоло ислом динининг муқаддас китоби бўлмиш Қуръони каримни нозил қилган ушбу ой мўмин-мусулмонлар учун ўз нафсини тарбиялайдиган, сайқаллайдиган, руҳан ва жисман покланадиган, саломатлигини мустаҳкамлайдиган, ибодатда қоим, кундузи соим бўладиган, яхшилик, саховат, хайру эҳсонни кўпайтирадиган, меҳр-оқибатни кучайтирадиган ва албатта дуолар мустажоб бўлиши ваъда қилинган лаззатбахш даврдир.
Бугун бутун дунёга коронавирус балоси таҳдид солиб турган бир паллада Рамазон мўмин-мусулмонларнинг қалбига офият берувчи, ҳаётларига хотиржамлик баҳш этувчи нажот ойи бўлиб кириб келмоқда. Чунки ҳар бир мусулмон бу ойда гуноҳлар афв этилиши, дуолар ижобат, ибодатлар қабул бўлиши, турли бало-қазолар аришига чин дилдан ишонади.
Ана шу мақсадда, биз ҳам катта иштиёқ билан Рамазони шарифни кутар эканмиз, бу муқаддас ойни қарши олишни, энг аввало, покликдан бошлашимиз мақбул ишдир. Заро, Ислом дини поклик устига қурилгандир.
Исломда поклик иймондан ҳисобланади. Ислом поклик ва покланиш ишларига ўта жиддий қарайди. Хусусан, намоз ўқийсизми, Қуръон тилват қиласизми, умра ёки ҳаж каби улуғ ибодат рукнларини бажарасизми, энг аввало, пок бўлиш талаб этилади. Буларнинг бари инсон қалби ва нияти поклигидан бошланади. Қолаверса, ибодатларнинг қабул бўлиши учун инсоннинг бутун танаси, кийим-боши ва ҳатто ибодат жойи ҳам пок бўлиши шарт.
Шунинг учун ҳар бир мусулмоннинг куни таҳорат олишдан бошланади. Буюк муҳаддислар ривоят қилган ҳадисда “Намознинг калити таҳоратдир”, деб марҳамат қилинган.
Аллоҳ таоло “Моида” сурасининг 6-оятида шундай ҳукм қилади: “Эй, имон келтирганлар! Намоз (ўқиш)га турар экансиз, албатта, юзларингизни, қўлларингизни тирсакларигача ювингиз, бошларингизга масҳ тортингиз ва оёқларингизни тўпиқларигача (ювингиз)! Агар жунуб бўлсангиз, обдон покланингиз (чўмилингиз)”!
Таҳорат ва ғусл Аллоҳдан бошқа кўра олмайдиган муҳим ибодатдир. У билан иймоннинг соғломлиги билинади, жисмоний ва руҳий оғирликлар кетади, турли хасталикларнинг олди олинади. Олимларнинг таъкидлашича, таҳорат ва ғусл натижасида танда 3 муҳим тиббий мўъжиза юз беради. Яъни, вужудга ёпишган электронлар чиқариб ташланади ва улар таъсирида бўлаётган жисмоний оғирлашув йўқолади, умумий қон айланишидаги камчиликлар тикланади ва қариш секинлашади, соғлиқни сақлаш тизимида асосий негиз ҳисобланган лимфа (организмда қон билан тўқималар ўртасида модда алмашинувини таъминловчи суюқлик) айланиши энг яхши савияда бўлади.
Аллоҳ таоло ўзи яратган инсон учун чексиз-чегарасиз неъматларни ато этган. Шу билан бир қаторда ўз бандаларини турли туман синовларга ҳам мубтало қилади. Энг асосийси эса, шу синовлардан муваффақиятли ўтиши учун воситалар, омиллар, йўл-йўриқларни ҳам йўлимизга чиқариб қўйган. Биздан уларга амал қилиш талаб этилади холос.
Ҳозир ана шундай пайт. Дуолар кўп ижобат бўладиган кароматли ойда ибодатларимизни мукаммал адо этган ҳолда Яратгандан офият, саломатлик, тинчлик, хотиржамлик сўрайлик, турли офат, балою ваболардан қутқаришини ёлворайлик.
Кун сайин яқинлашиб келаётган муборак Рамазон ойини пок қалб, пок ният, пок вужуд билан “Марҳабо, ё Моҳи Рамазон!” деб, муносиб кутиб олайлик.
Отабек Хусанов
Олтинкўл туман
“Жалабек ота”
жоме масжиди имом-хатиби