РАМАЗОН ҲАЙИТИНГИЗ МУБОРАК БЎЛСИН!

1034

Жаннатмакон юримизнинг мўмин-мусулмонлари ойларнинг саййиди бўлган Рамазон ойини хуш кайфиятда, кўтаринки руҳда, кечаларини тоат-ибодат, кундузларини рўзадор ҳолда файзу барокат ила ўтказишган бўлдилар. Ушбу ой барча юртдошларимиз томонидан яхши амаллар ила Аллоҳ таолога тоат ва ибодатлар қилиб, ибодатлар ойига айлантирдилар. Аллоҳ таолога чексиз ҳамдлар бўлсинки, Ўзи ваъда қилган буюк мукофотни қабул қилиш куни “Ийдул-Фитр”, яъни Рамазон ҳайити юртимизга кириб келмоқда.

Рамазон ҳайитини дунёдаги барча мусулмон ҳалқлари қатори жаннатмакон юртимизнинг аҳолиси ҳам катта шодиёна ва хурсандчилик билан ўтказадиган муборак айёмдир. Чунки ушбу кун тутган рўзаларимиз қабул этиладиган, Аллоҳнинг раҳмати ва фазли ер юзига мўл-кўл ёғиладиган, Аллоҳга қуллик ва итоатда қалбларимиз завқланадиган ажойиб вақтдир. Шу боис Исломнинг шиори бўлган икки байрамда, Рамазон ҳайити ва Қурбон ҳайити байрамида хурсандчилигимизни, саховатимизни ва юксак одоб-ахлоқимизни ҳар қачонгидан кўра кўпроқ изҳор қилишимиз керак.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда:

“Айтинг: Аллоҳнинг фазли ва раҳмати билан, бас, (албатта), шулар сабабли (мўминлар) шодлансинлар! У тўплаган нарса (бойлик)ларидан яхшироқдир” (Юнус сураси, 58-оят).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келганларида мадиналикларнинг кўнгилочар икки кунлари бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бу қандай кунлар?” деб сўрадилар. Улар: “Жоҳилиятда бу кунлари кўнгилларимизни хуш қилардик”, дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таоло бу икки кунни улардан ҳам яхши қурбонлик ва фитр кунларига алмаштирди”, дедилар” (Имом Абу Довуд ва Имом Аҳмад ривоятлари).

Ҳайит кунлари мусулмонларнинг азиз байрами бўлгани учун у кунда шоду-ҳуррамлик, хурсандчилик қиладиган, кексаларни, ота-она, қариндошларни зиёрат қиладиган, беморлар ҳолидан хабар олинадиган ҳамда хайр эҳсонлар қилинадиган кундир.

Бундан кўзланган асосий мақсад жамиятда бир қадар тенглик пайдо қилиш, бой ва фақир ўртасида илиқ муносабатларни вужудга келтириш, Ислом динининг нақадар инсонпарвар, меҳр-мурувватга тарғиб қилувчи дин эканини намойиш қилиш, қолаверса, закот берувчининг молини поклаб, уни талофатдан асраш ва яна ҳам кўпайишига замин тайёрлашдир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳсоллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир мўъминнинг дунё қайғуларидан бирини кетказса, Аллоҳ унинг қиёмат кунидаги қайғуларидан бирини кетказади. Ким дунёда бир қийналган (биродари)нинг оғирини енгил қилса, Аллоҳ таоло унинг қиёматдаги оғирини енгил қилади. Ким бир мусулмонни айбини беркитса, Аллоҳ таоло уни дунё ва охиратда сатр қилади.  Қайси бир банда биродарининг ёрдамида бўлса, Аллоҳ таоло ҳам унинг ёрдамида бўлади”,- деганлар (Имом Муслим ривояти).

Ҳайит байрамини юртимизда кенг нишонлаш тўғрисида Давлатимиз раҳбари томонидан махсус қарор қабул қилиниб, Рамазон ҳайити кунлари юртимиз аҳолиси учун уч кунлик дам олиш кунлари деб эълон қилинди. Барча юртдошларимиз бу кунни кўтаринки байрам сифатида, жуда катта шодиёналик ила нишонлашиб, халқимиз орасида ўзаро меҳр-оқибат. Саҳоват ва эзгу фазилатларга тўла амаллар ила нишонлайдилар инша Аллоҳ.

Ханафий мазҳаби буйича ҳайит намози вожиб ҳисобланади. Ҳайит намозига келишдан олдин таом ейиш, мисвок ва ғусл қилиш, хушбўй атир сепиш, энг яхши кийимларни кийиш ва намоз вақтигача садақаи фитрни бериш суннат амаллардандир. Масжидга келгандан сўнг бомдод намози адо этилади. Бомдод намозидан кейин масжидга келганлар эса то ҳайит намози ўқилгунига қадар, нафл намози ўқимайдилар.

Аллоҳ таоло барчаларимизга Рамазон ҳайитини муборак қилсин! Бу кунни байрам қилиб, савобли амалларни кўплаб қилишни Яратганнинг ўзи насиб айласин! Юртимиз тинч, осмонимизни доимо мусаффо айласин.

Ҳайит байрамингиз муборак бўлсин азиз юртдошлар!

Андижон вилоятида Рамазон Ҳайити намози (ийдул фитр) 2018 йил 15-июнь жума куни, тонг соат 0500 да ўқилади.

Аллоҳ таоло Рамазон ҳайити намозини барчамиздан қабул айлаб, бу куннинг шарофати билан юртимизни файзу баракотга тўлдирсин! Омин!

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Андижон вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби

Нуриддин ҳожи Холиқназаров