РАМАЗОН БЎСАҒАСИДА

1071

Қутлуғ Рамазон ойига ҳам саноқли кунлар қолмоқда. Бутун дунёга тарқаган коронавирус пандемияси сабабли карантин жорий қилинган ушбу синовли кунларда Рамазон ойига хос бўлган таровеҳ намозлари, хатми Қуръонлар ва ифторликлар қандай бўлади?

Бу савол барчамизнинг фикру-хаёлимизда эди. Куни-кеча Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг эълон қилган баёноти бунга ойдинлик киритиб берди.

Баёнотда жумладан шундай дейилади:

“Фуқароларимиз орасида Рамазон ойида кўзда тутилган диний маросимлар сабабли карантин талаблари бузилишин олдини олиш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши барча мусулмонларни қуйидаги кўрсатмаларга қатъий риоя қилишга чақиради:

  1. Рамазон ойида мўмин-мусулмонларимиз таровиҳ намозларини, хатми Қуръонларни ўз оила аъзолари билан хонадонларида ўтказсинлар.
  2. Муборак Рамазон ойида мўмин мусулмонларимизнинг руҳини кўтариш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида фаолият юритаётган қориларнинг хатми Қуръонлари онлайнтарзда амалга оширилиши йўлга қўйилсин.
  3. Ифторлик савобидан умидвор бўлган саҳоватпеша мусулмонларимиз ифторлик маросимлари учун мўлжаллаган маблағларини “Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари”орқали моддий кўмакка муҳтож оилаларга етказсинлар”.

Яхши билишимиз ва англашимиз керакки, Уламолар кенгашининг баёноти  бугунги кундаги энг тўғри ва мақбул чора бўлди.

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Қуръони каримда бизларга буюради:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ أَطِيعُواْ اللّهَ وَأَطِيعُواْ الرَّسُولَ وَأُوْلِي الأَمْرِ مِنكُمْ فَإِن تَنَازَعْتُمْ فِي شَيْءٍ فَرُدُّوهُ إِلَى اللّهِ وَالرَّسُولِ إِن كُنتُمْ تُؤْمِنُونَ بِاللّهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ ذَلِكَ خَيْرٌ وَأَحْسَنُ تَأْوِيلاً

Яъни: “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат қилинг, Пайғамбарга ва ўзингиздан бўлган ишбошиларга итоат қилинг. Бирор нарса ҳақида тортишиб қолсангиз, агар Аллоҳ ва охират кунига иймон келтирган бўлсангиз, уни Аллоҳга ва Пайғамбарга қайтаринг. Ана шундай қилиш хайрли ва оқибати яхшидир. (Нисо. 59)

Аллоҳ таолонинг ушбу фармонига асосан бизлар, аввало баёнотга эътироз қилишга ҳақли эмасмиз. Қолаверса бугунги кун шароити шуни тақозо қилмоқда. Бу чора тадбир биздагина эмас, балки қатор давлатларда ҳам жорий этилгани баёнотда қайд этилган.

Барчамизнинг вазифамиз ушбу кўрсатмаларга риоя қилишликдир. Инчунун, туманимизда режалаштирилган хатми Қуръонлар албатта, ўқилмай қолмайди. Кўрсатмага мувофиқ хатмлар ҳар бир қориларимизнинг ўз уйларида ўқилиб, имкон қадар онлайн тарзда халқимизга етказиб борилади. Бундан ташқари fasebook ижтимоий тармоғи орқали ва телеграмм каналлари орқали қўйиб борилишини ташкил қиламиз.

Иншооллоҳ, хатми Қуръонларнинг якунларида уйимизда ўтириб бўлса ҳам  онлайн тарзда минглаб одамлар гувоҳлигида дуолар қиламиз. Шундай экан ҳеч қандай тушкунликка тушишга ҳожат йўқ.

Рамазон ойи яқин. Аллоҳ таоло бизларга фарз қилган рўзаларни тутишга имкон бор, хатмлар етказилади, таровеҳларни ўқиймиз, дуоларимиз ижобат бўлишидан умидвормиз. Фақат бизнинг илтимосимиз – карантин қоидаларига риоя қилинг, ибодатларни адо этиб, УЙДА ҚОЛИНГ!

Шаҳобиддин Парпиев

Асака туман бош имом хатиби