Рамазон ҳикмати

1081

Аллоҳ таолога шукрлар бўлсинки, яна бир Рамазон ойига кириб келиш бизларга насиб этиб турибди. Бу ойни қалбида имон завқи бўлган мусулмон инсон ўн бир ой давомида интизорлик билан кутади. Чунки бу ой мўминлар уун Аллоҳнинг раҳматидир.

                 وعن أبي هريرة رضي الله عنه قال قال رسول الله صلى الله عليه وسلم إذا دخل شهر رمضان فتحت أبواب السماء . وفي رواية فتحت أبواب الجنة وغلقت أبواب جهنم وسلسلت الشياطين . وفي رواية فتحت أبواب الرحمة . ( متفق عليه )

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалам: “Қачонки Рамазон кирса осмонларнинг  (бир ривоятда Жаннатнинг) эшиклари очилади, Дўзахнинг эшиклари беркитилади, шайтонлар занжирбанд қилинадилар”, – деганлар. (Бухорий ва Муслим ривоятлари)    

Бу ой гуноҳлардан покланиш ойи.

                 وعن أبي هريرة رضي الله عنه قال قال رسول الله صلى الله عليه وسلم من صام رمضان إيمانا واحتسابا غفر له ما تقدم من ذنبه . ومن قام رمضان إيمانا واحتسابا غفر له ما تقدم من ذنبه.   ( متفق عليه )

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалам: “Кимки Рамазон(рўзаси)ни имон ва иҳтисоб (умид) билан тутса унинг олдинги гуноҳлари кечирилади”, – деганлар. (Бухорий ва Муслим ривоятлари)    

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ، أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم، قَالَ: إِنَّ الْمُؤْمِنَ إِذَا أَذْنَبَ ذَنْبًا كَانَتْ نُكْتَةً سَوْدَاءَ فِي قَلْبِهِ، فَإِنْ تَابَ وَنَزَعَ وَاسْتَغْفَرَ صُقِلَ مِنْهَا قَلْبُهُ، وَإِنْ زَادَ زَادَتْ حَتَّى يُغْلَقَ بِهَا قَلْبُهُ فَذَلِكَ الرَّانُ الَّذِي ذَكَرَ اللَّهُ عَزَّ وَجَلَّ فِي كِتَابِهِ: )كَلا بَلْ رَانَ عَلَى قُلُوبِهِمْ مَا كَانُوا يَكْسِبُونَ(  رواه البيهقي فى شعب الايمان

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

“Мўмин киши қачон гуноҳ қиладиган бўлса,  қалбида бир қора доғ пайдо бўлади, агар тавба қилиб, ундан четланиб, истиғфор айтса, қалби ундан сайқаллашади. Агар гуноҳ ишини кўпайтираверса, ҳалиги қора доғ ҳам катталашаверади, ҳатто, қалби у билан қопланиб қолади. Шудир Аллоҳ азза ва жалла китобида зикр қилган “Рон”дир: “Йўқ! Уларнинг қилган касблари қалбларига моғор бўлиб ўрнашиб қолгандир”. (Байҳақий “Шуъабул иймон”да ривоят қилган)

Бу ой қалблар мусаффо қилиб олинадиган ойдир. Йил давомида қилган гуноҳларимиз учун мағфират қилинишнинг имкони бисёрдир. Рамазон ойининг ҳар бир куни ғаниматдир. Хабарларда бир кунлик фарз рўзани тутмаган киши қирқ йил жаннат ҳидини ҳидмайди, дейилган. Ҳа, бир кунлик фарз рўзасини тутмаган одам бир умр рўза тутса ҳам ўша фарз рўзанинг ўрнини тўлдира олмайди. Чунки ўша кун ҳеч қачон қайта келмайди, кейинги кунлар эса кейинги амалларнинг фурсатидир. 

Рўза инсон тарбияси учун дастур ҳисобланади. Барчамизга маълумки, тақвонинг маъноси ўзимиз билан Аллоҳ таолонинг сифатлари орасига тўсиқ қўйишимиз, яъни, У зотни қодир, ўзимизни ожиз деб билишимиздир. Шунингдек, Аллоҳ таолонинг азоблашидан ва жаҳаннамдан сақланишга ҳаракат қилишимиздир.

Рамамзон рўзаси инсонга бир ой давомида шаръий истиқоматни яъни шариат буйруқларини бажариш ва ман қилган нарсаларидан узоқлашиш неъматини ато қилади. Бу билан инсон шаръий истиқомат неъматининг ҳаловатини топади. Натижада Рамазондан кейин ҳам бу ҳаловатни қўлдан бермасликка интилади. Шу билан рамазон ойининг ҳикмати намоён бўлади.

Муҳаммадали Зоҳидов

Асака туман

“Муҳиддин саҳҳоф”

жоме масжиди имом-хатиби