Ассалому алайкум азиз юртдошлар!

    Барчаларимизга маълумки, юртимизга ойларнинг сарвари, ўн бир ойнинг султони, Аллоҳнинг муборак Қуръони Карими нозил бўлган ой, моҳи Рамазон шариф ойи меҳмон бўлиб турибди.

   Ушбу муборак ойга Сизу-биз эсон-омонлик етиб келиб, оиламиз даврасида омонликда ўтказаётганимиз учун Аллоҳ таолога беадад ҳамду сано ва шукроналаримизни йўллаб қоламиз.

    Бу ой Қуръон, тақво, барака, раҳмат, мағфират, Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш, жаннатга эришиш ва дўзахдан озод бўлиш ойидир. Шунинг учун бутун дунё мусулмонлари бу муборак ойни солиҳ амаллар ва Аллоҳ розилигини топиш йўлидаги ибодатлар қилиб, хайру-саховатлар ойига айлантиришади.

    Жаннатмакон юримизнинг мўмин-мусулмонлари ойларнинг саййиди бўлган Рамазон ойини хуш кайфиятда, кўтаринки руҳда, кечаларини тоату-ибодат, кундузларини эса рўзадор ҳолда, Аллоҳдан юртимизга файзу-барокат сўраш ила ўтказишган бўлдилар.

    Дарҳақиқат, Рамазон ойи ҳақида сўз юритар эканмиз, юртимизда бўлаётган хайрли ишларни ҳам эслаб ўтишлигимиз даркор.

    Ҳар йилги Рамазон ойини юртимизда муносиб кутиб олишга қаратилган жуда катта хайрли ишлар қилинади.

   Бу йилги Рамазон ойи муносабати билан Президентимиз ташаббуси ила юртимизнинг чекка ҳудудлардаги кам таъминланган оилалар, боқувчисини йўқотган, эътиборга муҳтож оилаларга алоҳида ғамхўрлик қилиниши белгиланган бўлиб, имом-хатибларимиз иштирокида юртимиздаги барча маҳаллаларда, хонадонларда ифторлик дастурхонлари ёзилди. Бу хайрли амал билан маҳаллалардаги эҳтиёжманд оилалар, нуроний отахонлару-онахонларимизнинг дуолари олинди.

    Бундан ташқари Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров томонидан Президентимизга айтилган таклиф асосида, Президентимиз томонидан мингдан ортиқ кам таъминланган юртдошларимизнинг Муборак Умра амалларини бажаришлик учун Саудия Арабистонига бепул юборилган бўлиб, юртдошларимиз Умра ибодатларини эмин-эркинликда адо этишиб, муқаддас жойларда юртимиз ҳаққига дуоларда жам бўлиб келдилар.

    Шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳам юртимиз бўйлаб ташкил қилинган Хатми Қуръонларда иштирок этишлик учун юртимизнинг барча вилоятларига ташриф буюрдилар. Хусусан, Андижон вилоятига ҳам жорий йилнинг 14-15 апрель кунлари ташриф буюриб, юртимиз ва барча ҳамюртларимиз ҳаққига гўзал маърузалари ила, муфтий ҳазратларининг дуолари олинди.

    Ушбу ой барча юртдошларимиз томонидан яхши амаллар ила Аллоҳ таолога тоат ва ибодатлар қилиб, ибодатлар ойига айлантирдилар.

   Аллоҳ таолога чексиз ҳамдлар бўлсинки, Ўзи ваъда қилган буюк мукофотни қабул қилиш куни Ийдул-Фитр, яъни Рамазон ҳайити юртимизга кириб келмоқда.

   Рамазон ҳайитини дунёдаги барча мусулмон ҳалқлари қатори жаннатмакон юртимизнинг аҳолиси ҳам хурсандчилик, хуш кайфият билан ўтказадиган муборак айёмдир.

    Ушбу Ийдул-Фитр куни тутган рўзаларимиз қабул этиладиган, Аллоҳнинг раҳмати ва фазли ер юзига мўл-кўл ёғиладиган, Аллоҳга қуллик ва итоатда қалбларимиз завқланадиган ажойиб вақтдир. Шу боис Исломнинг шиори бўлган икки байрамда, Рамазон ҳайити ва Қурбон ҳайити кунларида юксак одоб-ахлоқимизни, хурсандчилигимизни ва саховатимизни ҳар қачонгидан кўра кўпроқ изҳор қилишимиз керак.

    Аллоҳ таоло Қуръони Каримда:

   “Айтинг: Аллоҳнинг фазли ва раҳмати билан, бас, (албатта), шулар сабабли (мўминлар) шодлансинлар! У тўплаган нарса (бойлик)ларидан яхшироқдир” (Юнус сураси, 58-оят).

   Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келганларида мадиналикларнинг кўнгилочар икки кунлари бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бу қандай кунлар?” деб сўрадилар. Улар: “Жоҳилиятда бу кунлари кўнгилларимизни хуш қилардик”, дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таоло бу икки кунни улардан ҳам яхши қурбонлик ва фитр кунларига алмаштирди”, дедилар” (Имом Абу Довуд ва Имом Аҳмад ривоятлари).

    Ҳайит кунлари мусулмонларнинг азиз байрами бўлганлиги учун, у кунда шоду-ҳуррамлик, хурсандчилик қиладиган, кексаларни, ота-она, қариндошларни зиёрат қиладиган, беморлар ҳолидан хабар олинадиган ҳамда хайр эҳсонлар қилинадиган кундир.

    Бундан кўзланган асосий мақсад жамиятда бир қадар тенглик пайдо қилиш, бой ва фақирлар ўртасида илиқ муносабатларни вужудга келтириш, Ислом динининг нақадар инсонпарвар, меҳр-мурувватга тарғиб қилувчи дин эканини намойиш қилиш, қолаверса, закот берувчининг молини поклаб, уни талофатдан асраш ва яна ҳам кўпайишига замин тайёрлашдир.

    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳсоллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир мўъминнинг дунё қайғуларидан бирини кетказса, Аллоҳ унинг қиёмат кунидаги қайғуларидан бирини кетказади. Ким дунёда бир қийналган (биродари)нинг оғирини енгил қилса, Аллоҳ таоло унинг қиёматдаги оғирини енгил қилади. Ким бир мусулмонни айбини беркитса, Аллоҳ таоло уни дунё ва охиратда сатр қилади.  Қайси бир банда биродарининг ёрдамида бўлса, Аллоҳ таоло ҳам унинг ёрдамида бўлади”,- деганлар (Имом Муслим ривояти).

   Ҳар йили ҳайит байрамини юртимизда нишонлаш тўғрисида Президентимиз томонидан махсус қарорлар қабул қилиниб, Рамазон ҳайити кунлари юртимиз аҳолиси учун жуда кўплаб қулайликлар яратилади.

   Барча юртдошларимиз бу Ийдул-Фитр байрамини хурсандчиликда, тинчлик ва хотиржамликда, шукроналик, дуои-хайрлар ила ўтказиб, халқимиз орасида ўзаро меҳр-оқибат, саховат ва эзгу фазилатларга тўла амаллар ила нишонлайдилар деган умидидамиз инша-Аллоҳ.

    Аллоҳ таоло барчаларимизга Рамазон ҳайитини муборак қилсин!.

    Бу кунни ҳар бирларимиз хурсандчиликда, ота-оналаримиз, фарзандларимиз билан бирга нишонлаб, савобли амалларни кўплаб қилишни, тинчлик ва хотиржамлик, шукроналик кайфиятда, дуои-хайрлар билан ўтказишни насиб айласин!

   Юртимиз тинч, осмонимизни доимо мусаффо бўлсин.

    Рамазон Ҳайитингиз муборак бўлсин азиз юртдошлар!

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Андижон вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби Мирзамақсуд домла Алимов