Муборак Қурбон ҳайитининг маънавий ҳаётимиздаги ўрни, моҳияти ва аҳамиятини, халқимизга мансуб меҳр-оқибат, шукроналик ва бағрикенглик рамзи эканини эътиборга олиб, миллий-диний қадриятларимизни асраш ва улуғлаш максадида:
1. Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг жорий йилда Қурбон ҳайитининг биринчи куни 1 сентябрь жума кунига тўғри келиши ҳақидаги мурожаатини инобатга олиб, 2017 йил 1 сентябрь мамлакатимизда байрам сифатида кенг нишонлансин.
2. Республика “Нуроний”, “Маҳалла” жамғармалари ва бошқа барча мутасадди идоралар, жамоат ташкилотлари Қурбон ҳайитининг жойларда тартибли ва юқори даражада, халқимизнинг миллий қадриятларига мос равишда ўтиши учун тегишли тадбирларни амалга оширсин.
3. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Қурбон ҳайитини нишонлаш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилсин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри, 2017 йил 24 август
манба: muslim.uz