Бисмиллоҳир роҳманир роҳийм
Азизлар, ҳаммаларимиз тирикчилигимизни бекаму кўст қилишни ва болаларимизни ҳалолдан едириб, чиройли тарбия қилиш мақсадида баъзи бирларимиз корхоналарда, муассасаларда аксарларимиз деҳқончилик билан шуғулланиб келмоқдамиз. Чилиги деҳқончилик бўлган кўчатлар етиштириб, пуллаб, кейингисини экиб Аллоҳдан барокатни мўл-кўл қилиб беришини сўраб ҳаракат қилиб турибмиз.
Савбон Р.А. пайғамбаримиздан ривоят қиладиларки, <<Пайғамбаримиз айтдилар: пулларнинг афзали кишининг ўз аҳли аёли учун сарф қилган пулидир ва ҳамда кишининг ўз дўстлари учун Аллоҳ йўлида сарф қилган пулидир>>.
Азизларим, ислом дини шундай улуғ диндирки, барчамизнинг ҳақ-ҳуқуқларимиз одиллик билан ҳукмлангандир. Юқоридаги ҳадис шарифдан яхши фойда олиб умр ўтказадиган бўлсак, ҳаётимиз осуда ва биров кўрса ҳавас қилгулик чиройли бўлади. Минг афсуслар бўлсинки, баъзиларимиз ҳалолдан пул топамизу лекин ношаръий ишларга <<бегона>>ларга пулимизни сарфлаб қўямиз. Аллоҳим ҳаммаларимизни бундай ҳунук ишлардан йироқ қилсин.
Ривоят қилинадики, Росулуллоҳ с.а.в. саҳобалари билан ўтирганларида бақувват навқирон бир ёш йигит кириб келди. Бу йигитнинг бақувватлигидан саҳобалар ажабланиб айтишдиларки,<<Қани еди бу йигит қувватини Аллоҳ йўлида сарфласа>> деб. Шунда Расулуллоҳ с.а.в. саҳобаларини йигит ҳақида қилган гапларини эшитиб айтдиларки,<<Қайси бир киши ўзини ўзи бировга муҳтож бўлмаслик учун ҳаракат қилса, у Аллоҳ йўлидадир ва қайси бир киши ота-онасининг маишатини яхшилаш мақсадида ҳаракат қилса, у ҳам Аллоҳ йўлидадир ва қайси бир киши аҳли аёлини ва болаларининг ҳаётини чиройли қилиб бировга муҳтож қилмаслик мақсадида ҳаракат қилса, у ҳам Аллоҳ йўлидадир>>. Аммо қайси бир кишики пулини сарфламасдан кўпайтириш мақсадида ва одамлар уни <<фалончи>> бой десин учун ҳаракат қилса, у шайтоннинг йўлидадир.
Азизларим, бу ҳадисдан биляпмизки, бизнинг ҳозирда ота-оналаримизни, бола-чақаларимизни бировга зориқтирмай деб елиб, югуришимиз инша Аллоҳ Аллоҳ йўлидадир. Аммо лекин шу аснода Аллоҳнинг улуғ ибодати бўлган намоз ибодатини ҳам бараварига олиб боришимиз керак. Пайғамбаримиз айтганларки:<<Умматларимнинг яхшиси динини деб дунёсини, дунёсини деб динини ташламаганларидир>>.
Азизларим, бизнинг ерларимиз ушрий ерлардир. Яъни деҳқончилигимиздан ушур ажратиб муҳтожларимизга беришимиз керак. Ушур сўзи арабча сўз бўлиб, ўндан бир деган маънони билдиради. Истилоҳда, яъни муомалада эса деҳқончилик пишганда сарф-ҳаражатлар чиқарилмасдан барчасининг ўндан бирини ажратиб пулини атрофдаги етим-есир, камбағал, ночор оилаларга тақдим қилишлигимиз керак бўлади.
Аллоҳ таоло аввало ўзимизни, қолаверса барчамизни юқоридаги гапларга амал қилишимизга тавфиқ берсин.
Асака тумани Сиддиқ ҳожи масжиди имом хатиби
М. Мирзақобулов