Ислом дини мусулмонларга ризқларини ҳалол меҳнат қилиб топишга ва оила аҳлларини нафақа билан таъминлашга тарғиб этгандир. Шунга биноан, ҳар бир мусулмон киши ўзи учун муносиб касб танлаши ва шу касби орқали ризқини истамоқлиги лозим.
Бир куни саҳобалардан бири Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан:
“Ё Расулуллоҳ! Энг ҳалол касб қайси”? – деб сўради. Он Ҳазрат:
“Киши ўз қўл меҳнати билан қилган амали ва ҳалол савдодир”, деб жавоб бердилар (Имом Аҳмад ривояти).
Ҳалоллик – шариатимизда энг асосий масалалардан бири ҳисобланади. Зеро, ҳар бир мусулмон бажарган солиҳ амалларининг қабул бўлиши, фарзандларининг салоҳияти, оиласининг фаровонлиги айнан луқмасининг ҳалол, касби-корининг шариат кўрсатмаларига мувофиқ бўлишига боғлиқдир.
طَلَبُ الْحَلاَلِ وَاجِبٌ عَلَى كُلِّ مُسْلِمٍ (رواه الإمام الطبراني عن انس ابن مالك رضي الله عنه)
Бу ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар:
“Ҳалол ризқ излаш – ҳар бир мусулмон учун вожибдир”, – дейилган (Имом Табароний ривоятлари).
Шунинг баробарида ҳаромга йўл қўйилмайди. У қандай кўринишда бўлмасин, ҳаммаси ҳам оғир жиноят. Хусусан порхўрлик бир кимсанинг дўзах оловида ёнишига сабаб бўлса, бир неча кишининг ҳаққига зулм, оиласига хиёнат ҳамдир.
Порахўрлик – жамиятда адолат, тенглик, соғлом рақобат ва ҳалоллик устун бўлишига тўсқинлик қиладиган иллатлардан биридир. Бу иллат давлат ва жамиятнинг ривожига салбий таъсир қилгани сабабли деярли ҳар бир жамият унга қарши курашади. Курашда натижага эришганлари катта ривожланишга эришмоқдалар, уни енга олмаган жамиятларда эса бунинг акси.
Поранинг моҳияти ва таърифи ҳақида уламоларимиз шундай дейдилар: “Пора – бирор шахс томонидан, ҳукм қилувчи ёки бошқаларга унинг фойдасига ҳукм чиқариши ёки у истаган нарсага етказиши учун бериладиган нарса”. Бошқа таърифда: “Пора – ҳақни ботилга чиқариш ёки ботилни ҳақ қилиб кўрсатиш учун бериладиган нарса”, – дейилади.
Кимнидир фойдасига ноҳақ ҳукм чиқариш ёки ўзининг зиммасида бўлган иш учун пора олиш ҳеч ихтилофсиз ҳаром амал бўлиб, катта гуноҳлардан биридир.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳам доимо порахўрликнинг ёмонлигидан огоҳлантирдилар ва ундан қайтардилар. Порахўрлик мавзусида машҳур бўлган ҳадис Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:
﴿ لَعْنَةُ اللَّهِ عَلَى الرَّاشِي وَالْمُرْتَشِي﴾
яъни: “Аллоҳнинг лаънати пора берувчи ва пора олувчига бўлсин!” – дедилар.
Бошқа ҳадиси шарифда: “Ҳукмда пора берувчи ва пора олувчига Аллоҳнинг лаънати бўлсин”, – дейилган (Тўрт сунан соҳиблари ва Имом Аҳмад ривоят қилишган).
Яна бир ривоятда пора олувчи ва берувчи ўртасидаги воситачи ҳам лаънатланган. Демак, пора талаб қилиш ҳам, пора бериш ҳам, улар ўртасида воситачилик қилиш ҳам ҳаром амалдир.
Жумҳур уламоларимиз: “Ўзининг ҳаққига етиша олмаётган ёки ўзидан зулм ё зарарни даф қилмоқчи бўлган кишигина пора бериши мумкин, бундай ҳолатда гуноҳ пора олувчининг бўйнига тушади”, – дейдилар.
Яна бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай дейдилар:
الراشي والمرتشي في النار﴾ ﴿
яъни: “Пора берувчи ҳам, пора олувчи ҳам дўзахдадир” (Имом Табароний Ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).
Порахўрликнинг яна бир кўриниши вазифадор, масъул шахсларнинг аслида, ўз зиммаларидаги ишларга ҳам совға-ҳадя олишларидир. Ундай кишилар аввалдан белгиланган, талаб қилиб оладиган совғалари натижасида бир ишни олишга номзод бўлганлар ичида ҳақлиси эмас, балки, салоҳиятсиз бўлгани иш устига келади. Кейин у қурган уйлар қулайди, қурган кўприклари чўкади, ишлар кўзланган натижани бермайди. Бундай ҳадянинг пора экани кундай равшан. Шунинг учун Пайғамбаримиз алайҳиссалом закот молини йиғишга жўнатган киши совға олганида унга: “Ота-онасини уйида кутиб ўтирганида, унга ҳадя қилишармиди?!” – деганлар.
Давлат томонидан одамларни енгилини осон қилиш учун вазифадор қилинган айрим кишилар одамлардан бирор нарса олмасалар уларнинг ишларини битирмайдилар. Бу ўзларига юкланган омонатга хиёнат, ўзгаларга зулм қилиш ва одамларнинг молларини ҳаром йўл билан ейишдир.
Адолатли ҳукмдор номини олган Умар ибн Абдулазиз у кишига келтирилган ҳадяларни қабул қилмас эдилар. У кишига: “Пайғамбаримиз алайҳиссалом У кишига ҳадя берилса, қабул қилардиларку?!” дейишса: “Ҳа, ҳақиқатан у моллар Пайғамбаримиз алайҳиссаломга ҳадя бўлган, бизга эса бу порадир. Чунки одамлар у зотга пайғамбарликлари сабабли яқинлашмоқчи бўлишган. Бизга эса бошлиқ бўлганимиз учун яқинлашмоқчи бўладилар”, – дедилар.
Асака туман бош имом хатиби
Абдураззоқ домла Фармонов