Асака туман бош имом хатиби Шаҳобиддин Парпиев 21 март куни Қипчоқ МФЙ Қўқонлиқ маҳалласидаги тадбирда иштирок этди. Бунда ҳозирги кундаги энг долзарб мавзу – коронавируснинг олдини олиш ҳақида суҳбат бўлди.
Халимизга бу ҳақда тушунчалар берилди. Ҳар нарсанинг олдини олган яхши. Касаллик юқиши ёки таъсир қилмаслиги тақдирга боғлиқ. Аллоҳнинг амрисиз ҳеч қандай ҳодиса содир бўлмайди. Биз бунга имон келтирганмиз. Лекин чорасини кўриш банданинг иши эканлиги уқтирилди. Хусусан ҳозирги пайтда асосий эътибор покликка қаратилади.
Бош имом-хатиб жумладан шундай деди:
“Мўминнинг ҳаёти бошидан охиригача покликдан иборат. Бизлар онадан туғилиб дунёга келар эканмиз, дарҳол покиза қилиб ювиб-тозалаб тоза матога ўрайдилар. Ўзимизни эплайдиган ҳолатга келгунича доимо ҳолидан хабардор бўлиб турилади. Кейин ўзи таҳорат олиб, намоз ўқиб, пок юради. Ҳар хафтада жума кунлари ғусл қилиш улуғ суннатлардан.
Шундай қилиб мўмин банда бутун умрини покизаликда ўтказади. Ниҳоят охират сафари вақтида ҳам уни ювиб-тозалаб, покиза матога ўраб ҳурмат ва эҳтиром билан охирги манзилга жўнатаиб қўйишади.
Ҳозирги пайтда коронавирусдан сақланишнинг энг асосий чораси поклик. Шундай экан, ибодатда юрган мусулмон инсонга ортиқча ваҳимага ҳожат йўқ. Бироқ бу дегани бепарво бўлишга рухсат дегани эмас. Доимий равишда тиббиёт ходимларининг кўрсатмаларига амал қилиб туриш керак”.
Шунингдек бозордаги ҳолатлар ҳақида ҳам фикрлар билдирилди. Ҳожатидан ортиқча озиқ-овқат захирасини тўплаб олишга умуман эҳтиёж йўлиги, балки юртимиз раҳнамоси айтганидек, озиқ-овқат захираси етарли эканлиги, бундан ташвишга тушишнинг сира кераги йўқлиги уқтирилди.
Тадбир қатнашчилари тўғри хулоса олдилар.
Асака туман имом хатиблиги матбуот маркази.